18:00 09.08.2012 | Все новости раздела "Либерально демократическая партия Узбекистана"
Концепция тасдиқланди
O’zLiDeP фракцияси аъзолари Юртбошимиз ташаббуси билан ишлаб чиқилган ушбу қонун лойиҳасини мамлакатимизнинг бир неча ўн йилликларга мўлжалланган ташқи сиёсат стратегиясини белгилаб берувчи ниҳоятда муҳим ҳужжат, деб баҳоладилар. Маълумки, истиқлол даврининг ўтган 21 йиллиги давомида Ўзбекистоннинг ҳар томонлама пухта ўйланган, мамлакат миллий манфаатларига асосланган ташқи сиёсат стратегияси шаклланди ва жаҳон ҳамжамияти томонидан кенг эътироф этилиб, мамлакатимиз обрў-эътиборини мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда. Шу билан бирга, Ўзбекистон ташқи сиёсий фаолиятининг янги марраларга чиқиши, мамлакатимизнинг ҳозирги замон халқаро муносабатлар тизимидаги ўрни ва ролини янада мустаҳкамлаш, жаҳон сиёсати ва иқтисодиётида юз бераётган шиддатли ўзгаришлар давлатимиз ташқи сиёсатининг концептул асосларини янада такомиллаштиришни тақазо этмоқда.Шу маънода мазкур Концепция, энг аввало, Ўзбекистоннинг истиқлол давридаги 21 йиллик тараққиёти ва ўзбек давлатчилигининг бой тарихий тажрибасини инобатга олган ҳолда тайёрланганини алоҳида таъкидлаш жоиз.Концепцияда ташқи сиёсат соҳасида концептуал ҳужжатларни ишлаб чиқиш ва қабул қилиш борасидаги ривожланган давлатлар тажрибаси диққат билан таҳлил этилгани ва ўрганилганини таҳлилчилар ҳам алоҳида эътироф этмоқдалар.Зеро, муҳим ҳужжатда минтақамизда ва халқаро майдонда вужудга келаётган ҳозирги вазият, мамлакатимиз ён атрофида шаклланаётган мураккаб геосиёсий шарт-шароитларнинг ўзига хос хусусиятлари ҳамда Марказий Осиёнинг хавфсизлик ва барқарор ривожланишини таъминлаш каби долзарб масалалар ҳисобга олинган. Бу масалаларнинг барчаси Ўзбекистон миллий манфаатлари нуқтаи-назаридан кўриб чиқилган.Шу билан бирга Концепцияда мамлакатимизнинг ташқи сиёсий ва иқтисодий фаолиятини тартибга солувчи қонунлар ва бошқа ҳуқуқий-норматив ҳужжатлар, давлатимиз томонидан қабул қилинган халқаро шартномалар инвентаризация қилинганини таъкидлаш мумкин.Маълумки, мамлакатимиз олиб бораётган ташқи сиёсатнинг таг-томирида бугун ҳеч кимга сир бўлмаган ягона мақсад мужассам. У ҳам бўлса, мустақиллигимизни янада мустаҳкамлаш, миллий хавфсизликни таъминлаш, Ўзбекистон ва яна бир бор Ўзбекистон манфаатидан келиб чиққан ҳолда қарорлар қабул қилишдир. Барча саъй-ҳаракатларимиз фақат ана шу эзгу мақсадни амалга оширишга қаратилган, десак муболаға бўлмайди.Шу маънода, “Ўзбекистон Республикасининг ташқи сиёсий фаолияти Концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги қонун лойиҳасининг қабул қилиниши бу борадаги интилишларимизни сифат жиҳатдан янги босқичга кўтаришда мустаҳкам ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилади.
Равшан АСҚАРОВ, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, O’zLiDeP фракцияси аъзоси: — Мазкур ҳужжат миллий хавфсизлигимизни янада мустаҳкамлаш, барқарор тараққиётни таъминлаш, иқтисодий ўсишнинг юқори кўрсаткичларини сақлаб қолиш, юртимизда ижтимоий йўналтирилган бозор иқтисодиётига ҳамда фуқаролик жамиятига асосланган эркин демократик давлат қуриш вазифаларини амалга оширишни давом эттириш учун имкон қадар қулай ташқи шароитларни яратиш талабларига жавоб беради.Концепциянинг мазмуни ва қоидалари Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси, “Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалар тўғрисида”ги қонуни, давлатимизнинг бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларига, шунингдек, “Мамлакатимизда демократик ислоҳатларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси”га асосланади, халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган норма ва принципларига, жумладан, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Низоми, Инсон ҳуқуқлари ҳақидаги умумжаҳон декларацияси, Халқаро ҳуқуқ принциплари тўғрисидаги декларация, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик кенгашининг Хельсинки якуний актига ва бошқа тегишли ҳужжатларга мос келади.Хуллас, «Ўзбекистон Республикаси ташқи сиёсий фаолияти Концепцияси» — бу, давлатимиз ташқи сиёсатининг фундаментал принциплари ва стратегик устувор йўналишлари, халқаро майдондаги мақсад ва вазифалари, миллий манфаатлари ва уларни илгари суриш механизмларини белгилаб берувчи ўрта ва узоқ истиқболга мўлжалланган қарашларнинг яхлит тизимидир.
Сурайё ОДИЛХЎЖАЕВА, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,
O’zLiDeP фракцияси аъзоси:— Концепцияда дунёдаги халқаро муносабатларнинг бугунги аҳволига батафсил тавсиф берилганини алоҳида таъкидлаш жоиз. Ҳужжатда шунингдек, хавфсизликка раҳна солаётган анъанавий ва ноанъанавий таҳдидлар турининг кенгайиб бораётгани, Ўзбекистон чегаралари яқинида кескинлик ва танглик ўчоқларининг сақланиб қолаётгани, дунёнинг бизга яқин бўлган минтақаларида янги қуролли можаролар ва қирғинбарот низоларга олиб келувчи вазиятларнинг кўпайиб бориши хавфи мавжудлиги таъкидланган. Дунёда муттасил давом этаётган геосиёсий қарама-қаршиликлар, тобора жадал тус олиб бораётган “геосиёсий рақобат” ҳолатлари жаҳондаги кескинлик ва стратегик мавҳумликни кучайтираётганлигига Концепцияда алоҳида эътибор қаратилган.Унда глобаллашув жараёни изчил ва орқага қайтариб бўлмас хусусият касб этгани таъкидланар экан, унинг бир томондан, давлатларнинг ривожланиши учун қулай имкониятлар очиб бериш, иккинчи томондан эса, иқтисодиёт, энергетика, экология, озиқ-овқат билан таъминлаш, ахборот алмашиш, гуманитар хавфсизлик соҳаларида турли хавф-хатарлар туғдираётгани эътироф этилган.
Бахтиёр ЯКУБОВ, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари, O’zLiDeP фракцияси раҳбари:—Концепцияда Ўзбекистон ташқи сиёсатининг асосий принциплари қайд этилиб, жумладан, қуйидагиларга алоҳида эътибор берилган:—дунёда тинчлик ва хавфсизликни сақлашга, умумэътироф этилган халқаро норма ва принципларга риоя этишга содиқлик;—мафкуравий қарашлардан қатъий назар ҳамкорлик учун очиқлик;—тенг ҳуқуқлилик ва ўзаро манфаатдорлик, давлатларнинг суверенитети, ҳудудий яхлитлиги, чегаралари дахлсизлиги, ички ишларга аралашмаслик, низоларни тинч йўл билан ҳал этиш, куч ишлатмаслик ёки куч билан таҳдид солмаслик.Маълумки, Ўзбекистон прагматик, оқилона ва мақсадга мувофиқ сиёсат юритиш тарафдори бўлиб, ташқи сиёсатнинг мақсад ва вазифалари давлатнинг узоқ муддатли манфаатларига, унинг ресурслари ва салоҳиятига мос келиши принципларига содиқ қолади.Принципиал аҳамиятга эга бўлган қуйидаги қоида ҳам Концепцияда “муҳрлаб” қўйилган: Ўзбекистон Республикаси давлатнинг, халқнинг олий манфаатлари, унинг фаровонлиги ва хавфсизлигини таъминлаш мақсадларидан келиб чиқиб, мамлакатни модернизация қилишнинг устувор йўналишларига, амалдаги миллий қонунчилик ҳамда қабул қилинган халқаро мажбуриятларга риоя қилган ҳолда иттифоқлар тузиш, ҳамдўстликларга ва бошқа давлатлараро тузилмаларга кириш, шунингдек, улардан чиқиш ҳуқуқини ўзида сақлаб қолади.Ўзбекистон тинчликсевар сиёсат юритади ва ҳарбий-сиёсий блокларда иштирок этмайди, ҳар қандай давлатлараро тузилмалар ҳарбий-сиёсий блокка айланган тақдирда, улардан чиқиш ҳуқуқини ўзида сақлаб қолади.Ўзбекистон ўзининг қўшни давлатлардаги қуролли можароларга ва қарама-қаршиликларга тортилишини олдини олиш учун тегишли чора-тадбирларни кўради. Концепцияда алоҳида таъкидланганидек, Ўзбекистон ўз ҳудудида хорижий давлатларнинг ҳарбий базалари ва объектлари жойлаштирилишига йўл қўймайди. Мамлакат Қуролли Кучларининг шакллантирилишидан кўзланган бирдан-бир мақсад - давлат суверенитетини ва ҳудудий яхлитлигини, аҳолининг тинчлиги ва хавфсизлигини мудофаа қилишдан иборат. Ўзбекистон Қуролли Кучлари хориждаги тинчликпарварлик амалиётларида иштирок этмайди.
Барно АБДУЛЛАЕВА, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, O’zLiDeP фракцияси аъзоси:— Концепцияда Марказий Осиё минтақасига алоҳида диққат-эътибор қаратилган ва “Ўзбекистоннинг ҳаётий муҳим манфаатлари шу минтақа билан боғлиқ” эканлиги белгилаб қўйилган. Жумладан, Марказий Осиё ўзининг муҳим геосиёсий жойлашуви ва минерал-хомашё ресурсларининг улкан заҳираларига эга эканлиги туфайли жаҳон миқёсида кучли эътибор объектига, энг йирик давлатларнинг стратегик манфаатлари тўқнашадиган ҳудудга айланиб бораётгани таъкидланган. Йирик давлатлар Марказий Осиё давлатларининг ўз ривожланиш модели ва сиёсий йўлини белгилашига таъсир ўтказишга уринаётгани, минтақада ўз мақсадларинигина кўзлаётган ташқи кучларнинг ўзаро рақобати кучайиб бораётгани кўрсатилган.Айниқса, минтақадаги трансчегаравий дарёларнинг сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш муаммоси ҳамон ҳал этилмай келаётганига алоҳида урғу берилган. Минтақада яшаётган миллионлаб кишиларнинг соғлигига, аҳоли генофондига оғир зиён етказаётган мураккаб экологик муаммолар, хусусан, Орол денгизи қуришининг ҳалокатли оқибатлари, катта корхоналарнинг саноат чиқиндилари трансчегаравий сув ресурсларини ифлослантириши ва атроф-муҳитни заҳарлаши - Марказий Осиёнинг фаровонлиги ва барқарор тараққий этиши учун тобора хавфли тус олиб бораётгани алоҳида таъкидланган.Бундан ташқари, мазкур ҳужжатда минтақада очиқ денгиз ҳавзаларига чиқишга имкон берувчи транспорт-коммуникация инфратузилмасининг чекланганлиги ва унинг бир-бирини ўрнини боса олувчи муқобил йўналишлар тизими йўқлиги Марказий Осиё давлатларининг барқарор иқтисодий ўсиш истиқболларига салбий таъсир ўтказаётганига жиддий эътибор қаратилган.Қўшни мамлакатлар ўртасидаги давлат чегараларини делимитация ва демаркация қилиш жараёнлари ҳали ҳам тугалланмагани Марказий Осиёдаги вазиятнинг мураккаблашувига олиб келаётгани, чегарадош давлатлар орасида айрим масалаларни, уларнинг хўжалик субъектлари ўртасидаги долзарб муаммоларни ҳал этишда қийинчиликлар туғдираётгани эътироф этилган.
Собир ЖАББОРОВ, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, O’zLiDeP фракцияси аъзоси:— Шу ўринда алоҳида қайд этиш керакки, Концепцияда Ўзбекистон ўз қўшниларига нисбатан прагматик ва шу билан биргаликда очиқ, дўстлик ва яхши қўшничилик принципларига асосланган сиёсат олиб бориши белгилаб қўйилган. Ўзбекистон минтақадаги барча долзарб масалаларни ўзаро муроса ва манфаатдорлик, бир-бирининг ички ишларига аралашмаслик принципларига асосланган ҳолда, халқаро ҳуқуқ нормаларига мос равишда ҳал этиш тарафдоридир. Марказий Осиё муаммолари ташқи кучларнинг аралашувисиз минтақадаги давлатларнинг ўзлари томонидан ечилмоғи зарур.Концепцияда Афғонистонда сақланиб қолаётган оғир ва мураккаб шароитга алоҳида эътибор қаратилган. Мазкур мамлакатда вазиятнинг барқарорлашувига ва бардавом тинчлик ўрнатилишига эришмасдан туриб, халқаро коалиция кучларининг 2014 йили олиб чиқиб кетилиши - минтақада олдиндан кўра билиш қийин бўлган оқибатларга олиб келиши мумкинлиги қайд этилган.Концепцияда Ўзбекистоннинг қўшни Афғонистонга нисбатан тутган позицияси аниқ белгилаб берилган. Ўзбекистон Афғонистонда узоқ муддатли барқарорлик, тинчлик ва осойишталик тарафдоридир. Биз ушбу мамлакат билан ўз муносабатларимизни тарихий тажриба, анъанавий дўстона ва яхши қўшничилик алоқаларига таяниб, ички ишларга аралашмаслик тамойилига амал қилган ҳолда олиб борамиз. Ўзбекистон Афғонистон билан ўз муносабатларини икки томонлама асосда ҳар иккала давлатнинг миллий манфаатлари ҳамда халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган нормаларига мос шаклда, афғон халқи ўз мамлакати учун танлаган йўлни ҳурмат қилган ҳолда ўрнатади.
Фахриддин СОЛИЕВ, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, O’zLiDeP фракцияси аъзоси:— “Ўзбекистон Республикасининг ташқи сиёсий фаолияти Концепцияси»ни тасдиқлаш тўғрисида”ги қонун лойиҳасининг қабул қилиниши мустақиллигимизни янада мустаҳкамлаш, мамлакатимизнинг халқаро муносабатларнинг тўлақонли субъекти сифатидаги ролини кучайтириш, ривожланган демократик давлатлар сафидан муносиб ўрин эгаллаш, Ўзбекистон теварагида хавфсизлик ва барқарорлик маконини яратишга хизмат қилади, албатта.Бу нафақат ўз эркимизни англаш, балки миллий манфаатларимиздан келиб чиққан ҳолда, ўз ҳаётимизни ўз қўлимиз билан барпо этиш ҳуқуқи ҳам демакдир. Ҳеч қандай интеграция, агар у озодлигимизни, мамлакатимиз мустақиллиги ва ҳудудий яхлитлигини чеклаётган ёки муайян мафкуравий мажбуриятлар билан йўғрилган бўлса, бизга мажбуран сингдирилиши мумкин эмас. Интеграция ҳақида гапирганда, биз манфаатлар тўқнашувининг турли механизм ва шакллари мавжудлигидан келиб чиқамиз. Бу ҳамкорлик ва шерикликка интилаётган мамлакатларнинг турли бошланғич шароитларига боғлиқ. Ўзбекистон бир вақтнинг ўзида глобал ва минтақавий интеграция жараёнларида иштирок этса-да, ягона принципга, яъни бир давлат билан яқинлашиш, бошқаси билан узоқлашиш эмас, деган тамойилга амал қилади. Бир субъект билан ҳамкорликни мустаҳкамлаш бошқалари билан шериклик алоқаларини сусайтириш ҳисобига юз беришига қаршимиз. Шунинг учун Ўзбекистоннинг дунё ҳамжамиятига интеграцияси – бу кўп векторли жараёндир.Концепцияда иқтисодиётнинг етакчи базавий тармоқларини модернизациялаш, техник ва технологик қайта ривожлантиришга қаратилган стратегик аҳамиятга эга лойиҳаларни амалга ошириш учун тўғридан-тўғри чет эт инвестицияларини жалб қилиш масалаларига устувор аҳамият берилгани, мамлакатнинг сиёсий ва савдо-иқтисодий шерик сифатидаги халқаро мавқеини мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилгани ва бошқа масалалар O’zLiDeP дастурий мақсадларига уйғун ва ҳамоҳангдир.
«ХХI asr» ижтимоий-сиёсий газетаси
Обсудить новость на Форуме