11:30 17.06.2011 | Все новости раздела "Либерально демократическая партия Узбекистана"

Концепция тафаккуримизни ўзгартирмоқда

Ҳалигача дунёда ҳеч ким муайян ғоя муаллифичалик уни яққол ва ёрқин тасаввур этолмаслигини эътироф этиш керак. Шу билан бирга, минглаб кишилар мазкур ғояни англаб, ўз қалби ва онгига сингдириб олсаларда, аммо улар ҳам муаллиф сингари кўзланган мақсадни аниқ идрок эта олмасликлари мумкин.

Ҳа, ҳақиқатан ҳам бирон-бир жамиятда янги тафаккур шаклланиши ва дунёқараш ўзгариши ўз-ўзидан рўй бермайди. Бунинг учун мустаҳкам асос ва келажакнинг пойдевори яратилган бўлиши шарт. Ана шундай пойдевор ва амалга оширилаётган ислоҳотларнинг пировард натижаларига бўлган ишончгина одамларни ўз дунёқараши ва тафаккурини ўзгартиришга мажбур қилади. Бу эса ҳар қандай шароитда ҳам янгиланаётган тафаккур муайян даврдаги ўзгаришларнинг амалий натижаларига иқрор бўлишнинг маънавий инъикоси, ислоҳотлар жараёнининг кишилар онги ва дунёқарашида акс этишидан иборат бўлган мураккаб ижтимоий ҳодисадир, деган ҳаёт ҳақиқатини ифодалайди.

Қарийб 20 йиллик давр мобайнида Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида мамлакатимизда одамлар дунёқараши ва тафаккурини ўзгартириш учун барча асослар яратилди. Иқтисодий, сиёсий, ижтимоий, маданий ва бошқа соҳаларда қўлга киритилган улкан натижалар миллий давлатчилик асосларини тиклаш, демократик давлат ва фуқаролик жамиятини барпо этиш, иқтисодиётни бозор муносабатларига ўтказиш осон кечмаган бўлсада, бу борадаги ютуқлар барчамизда келажакка, ислоҳотлар жараёнининг ортга қайтмаслигига нисбатан ишонч туйғусини шакллантирди. “Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чукурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш Концепцияси” ана шу ишончни янада мустаҳкамлаш баробарида кенг кўламли ислоҳотларнинг давомийлиги учун мустаҳкам замин ҳам яратди.

Маълумки, собиқ тузум даврида Ўзбекистон иқтисодиёти фақат хом ашё етиштиришга йўналтирилган бўлиб, мамлакатимиз ўзининг қолоқ ишлаб чиқариш ва социал инфратузилмаси билан жон бошига истеъмол даражаси бўйича иттифоқда энг паст ўринда турарди. Мустақил ривожланиш йилларида яъни тарихан ниҳоятда кисқа бир даврда ялпи ички маҳсулотнинг ўсиши 3,5 баробарни, аҳоли жон бошига ҳисоблаганда эса 2,5 баробарни, аҳолининг реал даромадлари 3,8 баробарни ташкил этгани бу тўғри танланган тараққиёт йўли ҳосиласидир. Аҳоли даромадлари амалдаги ҳисоб-китоблар бўйича 8,6 баробарга ўсгани, ушбу даромадларнинг 47 фоизи биз учун мутлақо янги мулк шакллари ва тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш туфайли пайдо бўлгани яқин-яқинларгача гўё ушалмас орзу эди.

Бугун давлат бюджетининг қарийб 60 фоизи ижтимоий соҳага ажратилаётгани туфайли ҳам оналар ўлими 2 баробардан кўпрокқа, болалар ўлими 3 баробарга камайди. Ўртача умр кўриш даражаси 67 ёшдан 73 ёшга, жумладан, аёлларнинг ўртача умри 75 ёшга етгани замирида қанчалар оғир меҳнат, изланиш ва интилишлар борлигини бугун ҳар бир юртдошимиз ҳис этмоқда.

2008-2010 йилларда, яъни жаҳон молиявий-иқтисодий инқирози авжга чиққан пайтда Ўзбекистонда ялпи ички маҳсулот ўсиши 2008 йилда 9 фоиз, 2009 йилда 8,1, 2010 йилда эса 8,5 фоизни ташкил этди. 2011 йилда бу кўрсаткич 8,3 фоиз даражасида бўлиши прогноз қилинаётгани халқаро эксперт ва мутахассисларда ҳам катта қизиқиш уйғотмоқда.

Хўш, 20 йил аввал Ўзбекистон ана шундай натижаларга эришади, дейилганида биров ишонармиди? Айни пайтда эса ана шундай ютуқ ва натижалар оддий ҳол, кундалик кўрсаткичларга айлангандек бўлиб туюлаяпти.

Тўғри, инсон тафаккури ижобий натижа ва ютуқларга тез кўникади, қийинчиликларни унутишга мойил бўлади. Лекин “У йўқ, бу етишмайди” дея нолийдиганлар, ўз имкониятларини ўзгалар эвазига рўёбга чиқаришга кўникканлар барча замонларда ҳам топилишини ёддан чиқармаслигимиз керак.

Шунинг учун ҳам биз бундан роппа-роса 21 йил аввал қабул қилинган ва Юртбошимиз жасоратининг маҳсули, дея эътироф этилаётган “Мустақиллик декларацияси”дан токи Президентимизнинг 2011 йил 6 апрелда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг йигирма йиллигини нишонлашга тайёргарлик кўриш ва ўтказиш тўғрисида”ги қарори эълон қилинган кунгача бўлган йўлнинг мазмун-моҳияти ва унинг келажагимиз учун ахамиятини тўла тасаввур қила олаяпмизми? Мамлакат иқтисодиётининг таянчига айланган ўрта синф манфаатини ҳимоя қилаётган партиямиз сиёсий таълим тизимининг тузилиши ва иш услублари, бу борада иш олиб бораётган фаолларимиз ана шундай юксак масъулиятни қай даражада ҳис қилаяптилар?

Алоҳида қайд қилиш лозимки, бугун тафаккуримизни ўзгартириш учун асос бўлаётган марралар — барқарор ривожланиб бораётган иқтисодиётга асосланган, очиқ демократик ҳуқуқий давлат ва эркин фукаролик жамиятини барпо этиш, инсон, унинг манфаатлари, ҳукуқ ва эркинликлари сўзда эмас, амалда олий қадрият даражасига кўтарилган, жаҳон миқёсида обрў-эътибор қозонган жамият барпо этиш борасидаги юксак мақсадга каратилган узоқ ва мураккаб йўлнинг бир қисми эканини асло эсдан чиқармаслигимиз лозим. Юртбошимиз таъкидлаганларидек, бу йўлда биз дуч келишимиз мумкин бўлган шундай бир хавф борки, у ҳам бўлса, авваламбор, эришилган ютуқларга маҳлиё бўлиб, хотиржамлик кайфиятига берилиш, реал воқеликдан узилиб қолиш хавфидир. Аллома Суқротнинг “Ўзгаларни ўзгартирмоқчи бўлган киши, аввало ўзини ўзгартирмоғи даркор” деган фикри бу йўналишда ҳам асл ҳаёт ҳақиқатини, давр талабини ифодалагандек туюлади.

Шу маънода биз Концепцияда нафақат бир йўналиш, балки жамиятимиз ривожининг кейинги босқичи учун муҳим ахамиятга молик ғоялар акс этганини, буни бутун дунёда эътироф этилаётганининг бош сабабларини аниқ тасаввур қилишимиз лозим. Мазкур масалада Юртбошимизнинг 2003 йил 7 октябрда Ўзбекистон Либерал-демократик партияси ташаббускор гуруҳи вакиллари билан учрашувдаги нутқида билдирилган фикрлар ҳалигача ўз долзарблигини сақлаб қолаётганини алоҳида таъкидлаш жоиз. Очиғи, ҳалигача бу борада партиямиз зиммасидаги вазифаларни кўнгилдагидек адо этдик, дея олмаймиз. Шу муносабат билан Президентимиз Ўзбекистон Конституцияси қабул қилинган куннинг 18 йиллигига бағишланган мажлисда партия матбуот органи учун шиор сифатида танланган Соҳибқирон бобомиз Амир Темурнинг “Ишбилармон, мардлик ва шижоат соҳиби, азми қатъий, тадбиркор ва ҳушёр бир киши минг-минглаб тадбирсиз, лоқайд кишилардан яхшидир” деган фикрини яна бир бор эсга олганлари бежиз эмаслигини таъкидлаш жоиз.

Кези келганда ҳалигача дунёда ҳеч ким муайян ғоя муаллифичалик уни яққол ва ёрқин тасаввур этолмаслигини эътироф этиш керак. Шу билан бирга, минглаб кишилар мазкур ғояни англаб, ўз қалби ва онгига сингдириб олсалар-да, аммо улар ҳам муаллиф сингари кўзланган мақсадни аниқ идрок эта олмасликлари мумкин. Бу нафақат оддий кишилар, балки айнан шу соҳа билан машғул бўлган мутахассисларга ҳам тегишлидир. Шундай экан, Концепцияни улкан ижтимоий аҳамиятга молик тарихий хужжат, барчамиз учун дастуруламал бўлган ғоя ва дастурлар мажмуаси сифатида, аввало, тушуниш, унинг мазмун-моҳияти ва мақсад-муддаоларини уқиш, сўнгра уни тушунтириш зарурати сақланиб қолмоқда.

Юқорида таъкидланганидек, янги тафаккурни шакллантириш учун зарур бўлган ўзгаришлар бир кунда, ўз-ўзидан амалга ошиб қоладиган оддий ва жўн ҳодиса эмас. Бу борада ҳам давлат ва жамият тараққиётига уйғун равишда инсон тафаккурининг янгиланиши, менталитетнинг замонавийлашуви, одамларнинг онги ва тасаввурида, уларнинг демократик ислоҳотларга муносабатида рўй берадиган ўзгаришлар муҳим аҳамият касб этади. Бундай ўзгариш ва модернизация амалга оширилаётган ислоҳотларга дахлдорлик туйғусининг ортиб бориши, замонавий фикрлайдиган кишилар сафининг кенгайиши, халқ орасида бу соҳадаги жараёнларга нисбатан ижобий фикр ва қарашларнинг шаклланишида якқол намоён бўлади.

Шу билан бирга бу давлат ва жамоат ташкилотлари, фуқаролик жамияти институтлари, айниқса, сиёсий партияларнинг фаол ҳаракатини тақозо этадиган серқирра жараён ҳамдир. Айнан ана шу вазифаларни бажариш зарурати ислоҳотлар тақдири учун масъулиятни ўз зиммасига олган партия — O`zLiDeP атрофида бирлашган сафдошларимиз учун муҳим ахамият касб этади. Мазкур йўналишда партиянинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси аъзолари, жойлардаги депутатлик гуруҳлари, фаол сафдошларимиз, хуллас, барчамиз учун масъулият янада ошмоқда.

Бу борада Президентимиз томонидан яратилган назарий-методологик асосларга таянган ҳолда ушбу йўналишда рўй бераётган жараёнларни чуқур таҳлил қилиш ва хаётий муаммоларни зудлик билан ечишнинг самарали йўллари ҳамда усулларидан фойдаланишни шиддаткор давр тақозо қилаётганини ҳам алоҳида таъкидлаш жоиз. Ушбу мавзуга доир назария ва амалиётни қиёсий таҳлил қилиш, долзарб масалаларни ҳал қилишда анъанавийлик ва замонавийлик тамойилларига эътибор қаратган ҳолда сафдошларимиз онги ва тафаккурида бу жараённинг иқтисодий, ижтимоий, хуқукий асослари ва ташкилий механизмлари тўғрисида аниқ тасаввурни шакллантириш ҳам O`zLiDeP сиёсий таълим тизимининг долзарб вазифасига айланмоқда. Ана шу вазифаларни бажаришда маънавий-маърифий воситалар ҳамда тарғиботнинг таъсирчан усулларини кўллаш, мазкур йўналишдаги ишларни янада жадаллаштириш эса фаолиятимизнинг устувор йўналишига айланмоғи керак. Бу эса ҳар бир партия аъзоси зиммасига, барчамизга улкан масъулият юклайди, албатта.

Қиёмиддин Назаров


Источник: Либерально демократическая партия Узбекистана

  Обсудить новость на Форуме