16:45 10.06.2012 | Все новости раздела "Либерально демократическая партия Узбекистана"

Когонлик фаоллар


   


Халқ депутатлари Когон туман кенгаши депутати, O`zLiDeP аъзоси  Абдулазиз Равшанов етакчилик қилаётган «Паррандаравшантранс» МЧЖ ташкил этилганига 6 йил бўлди. Ана шу давр мобайнида жамоа тўла шаклланиб, ишлаб чиқаришда юқори натижаларга эриша бошлади. Ҳаркатда—баракат, деганларидек, ўз касбининг жонкуярлари, эл-юрт хизматига камарбаста инсонлар саъй-ҳаракати билан меҳнат унумдорлиги йил сайин ортиб бораяпти. Бундан ташқари, корхона жамоаси Далер Рўзиев бошчилигидаги паррандачиликка ихтисослашган фермер хўжалиги билан ҳам мустаҳкам ҳамкорлик ўрнатди. Натижада «Паррандаравшантранс»да товуқлар бош сони ортиб, истеъмолчиларга тобора кўпроқ парҳез гўшт ва сифатли тухум етказиб берилмоқда. Дастлабки йил корхонада атиги 3,5 мингта парранда парваришланган бўлса, бултур бу борадаги кўрсаткич 10 минг бошни ташкил этди. Эл дастурхонига эса 3 миллион дона тухум тортиқ қилинди.

Қувонарлиси шундаки, корхона илғорларининг аксарияти O`zLiDeP аъзоларидир. Улар бошланғич партия ташкилоти атрофига маҳкам жипслашиб, нафақат ишлаб чиқариш, балки партиявий-сиёсий соҳада ҳам сезиларли натижаларни қўлга киритишмоқда. O`zLiDePчилар аҳоли истиқомат жойлари, корхона ва ташкилотлар, ўқув муассасаларида тез-тез бўлиб, қабул қилинаётган янги қонунлар хусусида аҳолига кенг тушунтиришлар бермоқдалар. Ёшлар тарбиясига оид долзарб масалалар ҳам партия фаолларининг назаридан четда қолаётгани йўқ.

БПТ фаоллари айни пайтда Юртбошимизнинг «Юксак маънавият — енгилмас куч», «Ўзбекистон мустақилликка эришиш остонасида» номли асарларига бағишланган юзма-юз мулоқотлар ва давра суҳбатларига алоҳида эътибор қаратаяптилар. Тадбир иштирокчилари, турли ёшли кишилар, хусусан, талаба-ёшлар ушбу китоблар бўйича ўзларини қизиқтирган саволларга O`zLiDeP аъзоларидан атрофлича жавоб олиб, кечаги кунни бугунги дориломон кунлар билан қиёслаш имконига эга бўлаяптилар. Айтиш керакки, корхона қошидаги БПТ ўз атрофига 16 нафар партия аъзосини бирлаштирган. Азиз Равшанов, Бону Шониёзова, Дилдора Азизова, Солиҳа Болтаева, Шозода Жумаева, Иброҳим Юсупов сингари фаоллар туман миқёсида ўтказиладиган турли партиявий тадбирлар, ўқув семинарлари, анъанавий учрашувларнинг доимий иштирокчилари саналади. Шу тариқа улар омма ичига чуқурроқ кириб бориб, маслакдошлар ва сафдошлар сонини кўпайтиришга хизмат қилишмоқда.

Бугунги кунда туманнинг Ниёзҳожи, Ўба Чўли ва Мустақиллик қишлоқ фуқаролар йиғинлари ҳудудларида истиқомат қилувчи аҳоли, бир қатор касб-ҳунар коллежлари, умумтаълим мактабларининг ўқувчи-ёшлари O`zLiDePнинг дастурий ғоя ва мақсадларидан яхши хабардор, десак хато қилмаймиз.  Шу боис юртимизда амалга оширилаётган бунёдкорлик ишларига ўз ҳиссаларини қўшишга интилишмоқда. Бу, шубҳасиз, «Паррандаравшантранс» МЧЖ қошидаги бошланғич партия ташкилоти аъзоларининг кундалик фаолияти кутилган самараларни бераётганидан далолатдир.

Асхор ИСТАМОВ,
          «XXI asr»

Источник: Либерально демократическая партия Узбекистана

  Обсудить новость на Форуме