16:32 01.04.2011 | Все новости раздела "Либерально демократическая партия Узбекистана"
Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик — жамиятимизнинг мустаҳкам таянчи
Навоий вилоятининг Томди туманида O`zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси ва Ўзбекистон Республикаси Марказий банки ҳамкорлигида ўтказилган “Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик — жамиятимизнинг мустаҳкам таянчи” мавзудаги очиқ мулоқотда вилоятдаги кичик бизнес субъектларининг тадбиркорлик фаолияти учун қулай муҳит яратиш, уларнинг ташаббусларини банклар орқали қўллаб-қувватлаш билан боғлиқ масалалар атрофлича муҳокама этилди.
Дастлаб тадбирда вилоятнинг шаҳар ва туманларидан ташриф буюрган саноат, қурилиш ва ишлаб чиқариш, хизмат кўрсатиш ва ҳунармандчилик соҳалари, фермер хўжаликлари вакилларига “Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик йили” Давлат дастурининг мазмун-моҳияти, унинг жорий йилда хусусий сектор фаолиятини ривожлантиришдаги аҳамияти юзасидан атрофлича тушунчалар берилди.
Тадбирда сўз олганлар жорий йилда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик фаолиятини ривожлантиришда биргина “Микрокредитбанк” томонидан 21 милиард 982 миллион сўмлик маблағлар ажратилиб, 14000 та янги иш ўринларини яратиш кўзда тутилганини таъкидлашди.
Шунингдек, вилоятдаги барча касб-ҳунар коллежларининг қарийб ўн беш минг нафар битирувчисини иш билан таъминлаш масаласи ҳам тадбирда муҳокама этилган муҳим масалалардан бири бўлди. Мазкур масалани ҳал этишда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг имкониятларидан янада кенгроқ фойдаланиш, бошқача айтганда, битирувчиларни иш билан таъминлаш жараёнида улар асосий куч сифатида иштирок этиши мақсадга мувофиқлиги мулоқот қатнашчилари томонидан қайд этилди.
Тадбир давомида маҳаллаларни оилавий бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш марказларига айлантириш тобора долзарб аҳамият касб этаётганига эътибор қаратилиб, маҳаллий тадбиркорларнинг бу борадаги амалий таклифлари тингланди. Шу билан бирга улар ўзларини қизиқтирган кўплаб саволларга партия фаоллари ва банк мутахассисларидан жавоблар олишди.
Обсудить новость на Форуме