22:15 09.10.2012 | Все новости раздела "Либерально демократическая партия Узбекистана"
Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик фаровонлик асосидир
«Ўзбекистонда ижтимоий-иқтисодий сиёсатни амалга оширишда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг роли ва аҳамияти» мавзуидаги халқаро конференция тараққиётнинг «ўзбек модели» натижаларини яна бир карра дунёга намойиш қилди. Зеро, дунёнинг кўплаб мамлакатлари иқтисодиётини тобора чигаллаштираётган омиллар, хусусан, молиявий-иқтисодий беқарорликлар туфайли юзага келаётган нохуш ҳолатлар тадрижий ривожланиш йўлидан собитқадамлик билан бориш, иқтисодиётнинг реал секторини, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни изчил қўллаб-қувватлаш — ана шундай бир пайтда энг тўғри йўл эканини кўрсатди.O`zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитасининг партия фракцияси билан ҳамкорликда ташкил этган «O’zLiDePнинг Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовнинг «Ўзбекистонда ижтимоий-иқтисодий сиёсатни амалга оширишда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг роли ва аҳамияти» мавзуидаги халқаро конференциядаги нутқидан келиб чиқадиган вазифалари»га бағишланган сайёр йиғилишида ҳам айни шу масала атрофлича муҳокама этилиб, Юртбошимиз маърузаси ва анжуман хулосаларида билдирилган фикр-мулоҳазалар O`zLiDeP учун дастурий ҳужжат экани алоҳида таъкидланди. Маълумки, истиқлол йиллари Ўзбекистонда изчил ўсиш суръатларини таъминлаб берган яхлит тизим яратилгани, мамлакатни модернизация қилиш йўлидаги дадил қадамлар туфайли ялпи ички маҳсулотнинг ўсиши 3,5 баробарни, аҳоли жон бошига ҳисоблаганда эса 2,5 баробарни, аҳолининг реал даромадлари 3,8 баробарни ташкил этди. Ана шу даврда аҳолини ижтимоий ҳимоя қилишга йўналтирилган давлат харажатлари 5 баробарга кўпайди. Бу рақамлар халқаро таҳлилчиларга Ўзбекистондаги ҳақиқий ҳаёт ҳақиқатини кўриш имконини бераяпти. 2008-2011 йилларда аксарият давлатларда ишлаб чиқариш суръатлари кескин пасайган бир вақтда ҳам республикамизда ялпи ички маҳсулотнинг ўсиш суръатлари 2008 йилда 9 фоиз, 2009 йилда 8,1 фоиз, 2010 йилда 8,5 фоиз, 2011 йилда 8,3 фоизни ташкил этди. — O`zLiDeP Президентимизнинг халқаро анжумандаги маърузасини партия учун Дастуриламал, деб қабул қилади, — деди сайёр йиғилишда O’zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси раиси Муҳаммадюсуф Тешабоев. — Чунки унда жамият тараққиётининг янги босқичида иқтисодиётнинг энг муҳим сектори ва демократиянинг асоси бўлган кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни жадал ривожлантириш ва унга янада устувор аҳамият қаратишни назарда тутувчи янги принцип ва устуворликлар белгилаб берилган. Қолаверса, унда глобал молиявий-иқтисодий инқироз оқибатларини олдини олиш ҳамда бартараф этишда бозорни зарур товар ва хизматлар билан тўлдиришнинг асосий манбаи бўлган кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантиришнинг Ўзбекистон тажрибаси илмий асосларда таҳлил этиб берилди. Шунинг учун ҳам O`zLiDeP маърузада белгилаб берилган устуворликларни изчил ҳаётга татбиқ этиш учун партиянинг махсус комплекс чора-тадбирлар Дастурига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳамда уни Сиёсий Кенгашда кўриб чиқиш лозим, деб ҳисоблайди.Бунда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни бугунги кун талабларидан келиб чиққан ҳолда янада ривожлантириш юзасидан аниқ вазифалар белгилаб олиш мақсадга мувофиқдир.O`zLiDeP ўрта қатлам манфаатини ҳимоя қилаётган сиёсий куч сифатида бугунгача эришилган натижалар келгуси режалар учун мустаҳкам пойдевор вазифасини ўташини, соҳанинг қонунчилик базасини янада такомиллаштириш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликка қўшимча имтиёз ва преференциялар бериш мамлакатда бандлик масаласини изчил ҳал этиш орқали аҳоли фаровонлигини янада ошириш имконини кенгайтиради, деб ҳисоблайди. Бунда биз асосий эътиборни «Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш Концепцияси»да белгилаб берилган устувор йўналишлар ва қонунчилик ташаббусларининг ижросига қаратишимиз лозим. Чунки мазкур ҳужжатда демократиянинг асоси бўлган ўрта қатлам учун кенг имконият ва имтиёзлар яратишнинг устувор йўналишлари кўрсатиб берилган. Бугунги йиғилиш шу маънода ҳам O`zLiDeP ва унинг ҳудудий ташкилотлари фаолиятини тубдан ўзгартириш ва давр талабларига мослаштиришга хизмат қилади.— Президентимиз Концепцияси ўз моҳиятига кўра давлат ва жамият ривожининг принципиал жиҳатдан янги босқичини бошлаб берди, — деди йиғилишда O’zLiDeP фракцияси раҳбари Бахтиёр Якубов. — Бу Концепцияни айни пайтда мамлакатни модернизация қилиш бўйича бошланган кенг кўламли ишларни изчил давом эттириш миллий дастури, дея аташ мумкин. Ушбу муҳим ҳужжат Олий Мажлис Қонунчилик палатаси фаолиятини ҳам янги сифат даражасига кўтардики, бу қабул қилинаётган қонун ҳужжатларида яққол кўзга ташланмоқда. Зеро, қонунларнинг ҳаётийлигини таъминлашда юзлаб тадбиркор ва ишбилармонлар иштирок этган учрашув ва давра суҳбатлари муҳим роль ўйнаганини таъкидлаш лозим. Президентимиз таъкидлаганидек, қонунларнинг қабул қилиниши қанчалар муҳим бўлса, улар ижросини таъминлаш ундан ҳам муҳим жараёндир. Шу маънода, кейинги 2,5 йил ичида O`zLiDeP фракцияси аъзолари етакчилик қилаётган 4 та қўмита томонидан ўтказилган 56 та назорат-таҳлил тадбири, 17 та қўмита эшитувларида қонун лойиҳаларини такомиллаштириш баробарида уларнинг соҳа ва тизимларда қўлланилиши масалалари ҳам атрофлича муҳокама қилинди. Шу ўринда Президентимизнинг халқаро конференциядаги нутқидан келиб чиқиб, фракциямиз аъзолари ўзлари учун муҳим йўналишларни белгилаб олганларини таъкидлашни истардим. Хўш, айни пайтда фракциямиз олдида қандай вазифалар турибди? Энг аввало, Концепцияда белгилаб берилган қонун лойиҳаларини тез ва сифатли қабул қилиш, бунда соҳага оид қонунчиликни ҳам танқидий нуқтаи назардан кўриб чиқиш айниқса муҳимдир. Депутатларимизнинг қонунчилик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш ҳам асосий вазифалардан ҳисобланади.Парламентнинг ўтган даврдаги фаолиятини таҳлил этсак, унда қабул қилинган ва ҳаётимизга кенг жорий этилган аксарият қонунлар иқтисодиёт ва тадбиркорлик соҳасига оид эканини кўрамиз. Президентимиз нутқидан келиб чиқиб, бу соҳани янада ривожлантиришда зиммамизга жуда катта масъулият юклатилаётганини англаб етдик.Ҳақиқатан ҳам, сайёр йиғилиш иштирокчилари бугунгача қўлга киритилган натижалар билан кифояланмай, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни изчил ривожлантириш, соҳага оид қонунчиликни янада такомиллаштириш лозимлигини қайта-қайта таъкидладилар.— Бу жараёнда маҳаллий кенгашлардаги депутатлик гуруҳлари фаолиятини янада кучайтириш лозим, — деди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, O`zLiDeP фракцияси аъзоси Насим Алимов. — Чунки айнан ана шу бўғиндаги фаолларимиз электорат вакилларининг ҳаётий муаммоларидан яхши хабардорлар. Қонунлар ижросини назорат қилиш асносида маҳаллий кенгаш депутатларида фракцияга асосли тавсия ва маълумотлар бериш имконияти ҳам юқоридир.Маълумки, 2012 йилдан бошлаб мамлакатимизда экспорт қилувчи корхоналар, шунингдек, хорижий инвесторлар учун қўшимча рағбат ва имтиёзлар яратилди. Юртбошимизнинг ишбилармонлик муҳитини тубдан яхшилаш ва тадбиркорликка янада кенгроқ эркинликлар беришга қаратилган иккита муҳим фармони эса бу жараёнда ўрта қатлам вакиллари учун кенг имкониятлар яратди. Бу айни пайтда жойларда депутатлик ва жамоатчилик назоратини кучайтириш орқали ана шу ҳужжатлар ижросини таъминлашимизни талаб этади. Бу эса шубҳасиз, хусусий секторнинг ялпи ички маҳсулотдаги улушини янада ошириш, янги иш ўринлари яратиш орқали халқ фаровонлигини юксалтириш имконини кенгайтиради.—Халқаро конференция тадбиркор ва ишбилармонларимиз қўлга киритаётган улкан натижаларнинг яна бир эътирофи бўлди, — деди йиғилишда O`zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси раиси ўринбосари Мухлиса Акромова. — Бундай масъулиятли жараёнда ўз куч ва имкониятларини халқ фаровонлиги, юртимиз равнақи ва мамлакатимиз тараққиётига сафарбар этаётган опа-сингилларимиз кўпчиликни ташкил этаётгани қувонарли хол, албатта. Мен ана шундай фидойи аёллар номидан Президентимиз нутқида белгилаб берилган вазифалар зиммамизга жуда катта масъулият юклаганини алоҳида таъкидламоқчиман. O`zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитасининг бугунги йиғилиши эса ана шу муҳим тадбирдан келиб чиқиб, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни янада ривожлантириш борасидаги ишларни яна бир бор муҳокама қилиш имконини берди, албатта.— 2005-2011 йилларда мамлакатимиз иқтисодиётида 5 млн.дан ортиқ янги иш ўрни ташкил этилган бўлса, унинг 60 фоиздан ортиғи кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари томонидан яратилди, — дейди «Техкафолат Люкс» МЧЖ раҳбари Аҳмат Некбаев. — Айни пайтда саноатда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик тармоғининг ўсиш суръатлари 2008-2009 йилларда ўртача 23-24 фоизни, хизмат ва сервис соҳасининг ўсиш суръати эса 15 фоиздан кам бўлмагани Юртбошимиз нутқида бежиз таъкидланмади.Шу ўринда «Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш Концепцияси» ислоҳотларнинг бугунги босқичида тадбиркорлик фаолияти учун янада кенг имконият ва эркинликлар яратиш, муҳим қонунчилик ташаббусларини илгари суриш имконини берганини тилга олиш мумкин.Президентимиз ташаббуслари ва давлат кўмагисиз бугунги натижаларга эришиб бўлмасди, албатта. Бунга мамлакатда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни қўллаб-қувватлашнинг яхлит тизими яратилгани, хусусан, бу тизим ўз ичига вакиллик органлари, давлат ташкилотлари, суд ҳокимияти ва фуқаролик жамияти институтларини қамраб олгани ҳам бош омил бўлганини алоҳида таъкидлаш жоиз. Аммо шунга қарамай, биз — ўрта синф манфаатини ҳимоя қилаётган сиёсий куч вакиллари кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик ривожланишини қўллаб-қувватлайдиган институционал ва бозор инфратузилмасини шакллантиришга қаратилган эътиборни янада кучайтиришимиз лозим. Бунинг учун, энг аввало, тадбиркорлик тузилмалари фаолиятини изчил ўрганиш, уларнинг таклиф ва мулоҳазаларини қонунларга айлантиришимиз лозим.Мажлисда, шунингдек, Ижроия қўмита аъзолари А.Алимов, Р.Охунов, А.Каримов, халқаро конференция иштирокчилари Г.Шукурова ва Н.Исраилова ҳам сўзга чиқиб, билдирилган таклиф ва мулоҳазалар асосида Президентимизнинг халқаро конференциядаги нутқидан келиб чиқиб, O`zLiDePнинг комплекс чора-тадбирлар Дастурига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш юзасидан ишчи гуруҳ тузиш тўғрисидаги таклифни қўллаб-қувватладилар.Йиғилиш қатнашчилари ишчи гуруҳи томонидан тайёрланган масалаларни O`zLiDeP Сиёсий Кенгашининг навбатдаги мажлисида муҳокама қилишга келишиб олдилар. Шунингдек, йиғилишда мамлакатимиз тадбиркорлари учун яратилган шарт-шароит, улар учун берилган имтиёз ва преференциялар ҳақида кенг маълумот берувчи «Ўзбекистон тадбиркорлари: кеча ва бугун» китобини тайёрлаш тўғрисидаги таклиф ҳам маъқулланди. Бундан ташқари, йиғилиш қарорида O`zLiDePнинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси, маҳаллий кенгашлардаги депутатлик гуруҳи ва партиянинг қонун ташаббускорлиги фаолиятини кучайтириш лозимлиги белгиланди.
М. АБДУРАҲМОНОВ“XXI asr” ижтимоий-сиёсий газетаси
Обсудить новость на Форуме