09:45 04.07.2011 | Все новости раздела "Либерально демократическая партия Узбекистана"
Кичик бизнес туризм таянчидир
Бутунжаҳон туризм ташкилоти маълумотларида дунё ялпи ички маҳсулотининг ўндан бир қисми, халқаро инвестицияларнинг 11 фоиздан ортиғи туризм ҳиссасига тўғри келаётгани таъкидланмоқда. Дунё аҳолисининг 8 фоизи, яъни 192 млн. киши туризм соҳасида банд экани ҳам соҳанинг жаҳон иқтисодиётини йирик экспорт саноатига айланганидан далолатдир.
Ўзбекистон бундан 20 йил аввал истиқболли туристик йўналиш сифатида умуман тилга олинмаган бўлса, бугунга келиб, халқаро туризмни ривожлантириш соҳасида юксак салоҳиятга эга мамлакатга айланди. 1993 йилда Бутунжаҳон Туризм Ташкилотига аъзо бўлган мамлакатимиз айни пайтда халқаро ҳамкорлик соҳасида 45 та ҳукуматлараро, 44 та ҳудудий ва 17 та агентлик шартномалари имзолаган.
Буюк ипак йўли номи билан тарихга кирган, қадимги карвон йўлларининг юртимиз сарҳадларидан эрамиздан олдинги II асрда ўтганлиги ҳам дин, ҳунармандчилик, маданият, ўзига хос анъаналар ва урф-одатларнинг ўзаро уйғунлашуви ҳамда ривожланишига хизмат қилганини алоҳида таъкидлаш жоиз.
Биргина тарихий-меъморий обидаларимиз сони 4000 дан ортиқ бўлиб, улардан 90 фоизга яқини қадимги зардўштийлик ва темурийлар даврига тааллуқлидир. Эътиборли жиҳати шундаки, юртимиздаги маданий мерос объектларининг маълум қисми ЮНЕСКО томонидан ҳимояга олинган.
Бу эса ниҳоятда бой маданий, тарихий ва табиий ресурсларга эга Ўзбекистон учун туризм-мамлакат иқтисодиётининг энг муҳим соҳаларидан бири эканини кўрсатади. Қолаверса, халқаро туризм юртимизнинг турли соҳалардаги имкониятларини дунёга намоён этувчи ўзига хос восита ҳамдир.
Мустақиллик йилларида туризм саноатини замонавийлаштириш, мамлакатнинг меҳмонхона ва транспорт инфратузилмасини яхшилаш ҳамда тармоқнинг изчил ривожланиши учун соҳага оид меъёрий-ҳуқуқий базани шакллантириш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилди. Президентимиз Фармони билан 1992 йилнинг 27 июлида туризмни ривожлантиришнинг илмий моделини шакллантириш, соҳада давлат сиёсатини амалга ошириш вазифалари юклатилган “Ўзбектуризм” миллий компаниясига асос солинди.
“Туризм тўғрисида”, “Суғурта тўғрисида”, “Маҳсулот ва хизматларни сертификатлаштириш тўғрисида”, “Давлат чегаралари тўғрисида”ги ва бошқа қонунлар эса соҳани тартибга солишга хизмат қилди.
Юртбошимиз фармонидан келиб чиқиб ишлаб чиқилган “2005 йилгача бўлган даврда Ўзбекистонда туризмни ривожлантириш давлат Дастури” асосида эса мамлакатимизда туризм соҳасининг ҳуқуқий-меъёрий базаси яратилди, бир неча ўнлаб жаҳон андозалари талаблари даражасидаги меҳмонхона мажмуалари қад кўтарди, сайёҳларга сервис хизмати кўрсатишда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари сони ортди.
Бу борада “Туризм тўғрисида”ги Қонуннинг қабул қилиниши соҳага оид энг муҳим масалалар ҳамда институтларнинг ҳуқуқий асосларини белгилаш имконини берди. Қонуннинг ўзига хос жиҳати шундан иборатки, унда, аввало, фуқаронинг туризм соҳасидаги хуқуқлари ва қонуний манфаатлари ҳимоя қилинган.
Бугун Ўзбекистонда 700 дан ортиқ туристик фирмалар, 270 дан зиёд меҳмонхона, кўплаб туристик база ва кемпинглар, 450 га яқин туроператорлар фаолият кўрсатмоқда. Тошкент, Самарқанд, Бухоро, Урганч ва Нукус шаҳарларида жойлашган 5 та халқаро тоифадаги аэропортлар меҳмонларга хизмат кўрсатмоқда.
Статистик маълумотларга кўра, 2010 йилда Ўзбекистонга 1.3 миллион нафар хорижий сайёҳ ташриф буюрган бўлса, уларнинг 410,5 мингтаси уюштирилган хорижий туристлар ҳисобланади. Меҳмонлар сонининг 2009 йилга нисбатан 6,9 фоизга ўсгани эса соҳадаги жадал ўзгаришлар билан боғлиқ, албатта. Мамлакатимизга келаётган хорижий сайёҳларнинг 60 фоизга яқини Европадан, қолганлари узоқ ва яқин Шарқ хусусан, мусулмон давлатлари ва Мустақил Давлатлар ҳамдўстлигидан келаётган сайёҳлар эканини изоҳлашга ҳожат бўлмаса керак.
Албатта, мамлакатимизда туристик индустриянинг шаклланиши ва ривожланиши бу, энг аввало, соҳада кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг ривожланиши билан боғлиқдир. Шунинг учун ҳам бу соҳада ички ва ташқи туризмни ривожлантириш, ҳудудда тарихий-археологик боғлар барпо этиш, янги туристик маршрутларни ишлаб чиқиш, хусусан, қишлоқ жойларида туризм ва туристик хизматларни ривожлантириш, шунингдек, республиканинг автомагистрал йўлларида, туристик объектлар атрофида сайёҳларга замонавий сервис хизмати кўрсатиш мажмуаларини барпо этишда асосан хусусий сектор фаоллик кўрсатмоқда.
Бир сўз билан айтганда, республика иқтисодиёти суръатининг барқарор ўсиши, мавжуд туристик салоҳият, мамлакатимизда бугунги кунда хукум сураётган тинчлик ва барқарорлик, албатта, ушбу мақсадларга эришишда кенг имкониятлар яратади.
Обсудить новость на Форуме