13:00 20.09.2011 | Все новости раздела "Либерально демократическая партия Узбекистана"
Кенгаш назоратни кучайтирмоқда
Халқ депутатлари Сурхондарё вилоят кенгашидаги O`zLiDeP депутатлик гуруҳи кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари маҳсулотларини сертификатлаштириш юзасидан амалга ошираётган ишлар тўғрисида вилоят Синов ва сертификатлаштириш маркази давлат корхонаси директори Зариф Нортожиевнинг ҳисоботини эшитди.
Айни пайтда Сурхондарё вилоятида 24 минг 600 дан ортиқ тадбиркорлик субъектлари бўлиб, иш билан банд аҳолининг 160 мингга яқини ҳам айнан ушбу секторда меҳнат қилмоқда.
Тадбиркорлик субъектлари ва фермер хўжаликларига қулайлик яратиш мақсадида уларнинг мурожаатларини қисқа вақтда кўриб чиқишда Ўзбекистон Республикасининг “Маҳсулотларни ва хизматларни сертификатлаштириш тўғрисида”, “Озиқ овқат маҳсулотларининг сифати ва хавфсизлиги тўғрисида”, “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонунлари, Вазирлар Маҳкамасининг 2004 йил 6 июлдаги “Маҳсулотларни сертификатлаштириш тартиботини соддалаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” ва 2011 йил 28 апрелдаги “Сертификатлаштириш тартиботларини ва сифат менежменти тизимларини жорий этишни такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорлари дастуриламал вазифасини ўтамоқда.
Экспортбоп маҳсулот ишлаб чиқараётган тадбиркорлар ва корхоналарга кўмаклашиш мақсадида «Маҳсулот ишлаб чиқарувчи тадбиркор ва корхоналарнинг мурожаатларини қабул қилиш бюроси фаолият юритаяпти. Ўрганилган ҳужжатлар тўплами ва маҳсулот намунаси асосида сертификатлаштириш ишлари ўз вақтида бажарилаётир. Жумладан, жорий йилнинг ўтган даврида тадбиркорларнинг 290 та қишлоқ хўжалиги, 167 та озиқ-овқат, 8 та алкоголь маҳсулотларига мувофиқлик сертификатлари расмийлаштириб берилди.
Мамлакатимизда ушбу тизимда белгиланган тартибга асосан олиб борилган сертификатлаштириш ишлари натижасида жорий йилнинг ўтган даврида тадбиркорларнинг жами 84583504,9 минг сўмлик маҳсулотига 466 та мувофиқлик сертификати берилди.
Вазирлар Маҳкамасининг 2009 йил 19 июндаги “Республика корхоналарида халқаро стандартларга мувофиқ бўлган сифатни бошқариш тизимларини жорий этишни кенгайтиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига кўра, “Ассон-Термиз” хусусий корхонаси, “Агрохизмат-Шингдонг”, “Шингдонг-Спиннинг-Термиз” қўшма корхоналари, “Сурхонозиқовқатсаноати”, “Хўжаиконтуз” акциядорлик жамиятларининг хизмат ва маҳсулотлари сертификатланди. Республика маҳаллийлаштириш дастурига киритилган “Аслиддин” савдо-ишлаб чиқариш корхонаси ва “Сурхон комбинати” масъулияти чекланган жамиятларида сифат менеджменти тизими жорий этилди. Айни пайтда “Умид” шўъба корхонаси ва “Сариосиёдон” МЧЖ билан халқаро стандартлар талаблари асосида халқаро сертификат олиш учун шартнома имзоланди.
Кун тартибидаги масала юзасидан музокараларда сўзга чиққан халқ депутатлари вилоят кенгашидаги O`zLiDeP депутатлик гуруҳи раҳбари Муяссар Қодирова, вилоят кенгаши депутати Дилором Ҳошимова, Термиз шаҳар кенгаши депутати Гулмира Амирова чекка ҳудудларда тадбиркорлик субъектлари ҳамда аҳоли хонадонидаги табиий газ, ичимлик сув ва электр ўлчагич асбобларини сертификатлаштириш борасидаги муаммоларга ҳам муносабат билдирдилар. Ушбу масаланинг ижобий ечимини топиш бўйича кўчма замонавий ускуналардан фойдаланиш таклиф этилди. Йиғилишда озиқ-овқат моллари бозорларида назорат тарозиларини кўпайтиришнинг афзалликлари хусусида ҳам сўз юритилди.
— Муҳокама қилинган масаланинг долзарблигини эътиборга олиб, уни халқ депутатлари вилоят кенгашининг навбатдаги сессиясига киритиш юзасидан қарор қабул қилдик, — дейди Муяссар Қодирова. — O`zLiDeP депутатлик гуруҳининг келгуси йиғилишларида вилоят Меҳнат ва аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш бош бошқармасида бандлик дастурини бажариш юзасидан амалга оширилаётган ишлар, воҳадаги тижорат банклари раҳбарларининг “Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик йили” Давлат дастурига мувофиқ коллеж ва академик лицейлар, олий ўқув юртлари битирувчиларини кичик бизнесга жалб этиш учун имтиёзли кредитлар бериш бўйича олиб бораётган ишлари ҳақидаги ҳисоботини кўриб чиқиш ҳам режалаштирилган. Айни пайтда бу борада жойларда амалга оширилаётган ишлар депутатлар томонидан атрофлича ўрганилаётир.
— Кези келганда шуни айтиш керакки, бошқа партиялар жойларда очиқ эшиклар кунини ташкил этиб, соҳа вакилларининг ташрифини кутиб ўтирган бир пайтда биз вилоятда оилавий бизнесни ривожлантириш дастурини ишлаб чиқиб, реал ишларни амалга оширишга ҳаракат қилаяпмиз. Масалан, жорий йилнинг ўтган даврида мазкур дастур бўйича 89 та лойиҳа амалга оширилиб, 120 га яқин янги иш ўрни яратилди, — дейди O`zLiDeP вилоят кенгаши раисининг биринчи ўринбосари Абдулҳаким Турдиев. — Паррандачилик, тикувчилик-бичувчилик, дурадгорлик, чорвачилик, зардўзлик, иссиқхона, сервис ва хизмат кўрсатиш тармоқларида халқ депутатлари маҳаллий кенгашлардаги депутатларимиз ёрдами билан фаолият бошлаётган оилавий тадбиркорлар яхши натижаларга эришмоқдалар. Бу борадаги ишлар кўламини янада кенгайтиришда партиямиз фаолларининг электорат ва кенг аҳоли қатлами орасига фойдали ташаббус ҳамда амалий таклифлар билан кириб бораётгани ўз самарасини бераяпти.
Фарҳод ТОШБОЕВ
Обсудить новость на Форуме