13:30 10.07.2012 | Все новости раздела "Либерально демократическая партия Узбекистана"

Камерал назорат тадбиркорлар учун қулай воситадир

     Камерал назорат — солиқ тўловчи ҳузурига бормай, унинг фаолиятига аралашмасдан, солиқ тўловчилар томонидан тақдим этилган солиқ ҳисоботлари ҳамда ташқи манбаалардан олинган маълумотларни ўрганиш ва таҳлил қилиш асосида бюджет ва бюджетдан ташқари мақсадли жамғармаларга қўшимча солиқ ва тўловлар ҳисоблаш, солиқ тўловчилар томонидан йўл қўйилган хато ва камчиликларни аниқлаш ҳамда бартараф этиш имконини берадиган назорат туридир. Эътиборли томони шундаки, ўтказилаётган камерал  назорат жараёнида солиққа оид хатоликлар аниқланган тақдирда тадбиркорлик субъекти ҳеч қандай молиявий ёки маъмурий жаримага тортилмайди. Камчиликларни тузатиш учун солиқ органларидан талабнома олган кундан эътиборан ўн кун муддатда солиқ тўловчи хатоликларни тузатиши ва бу хақда солиқ инспекциясига маълумот бериши талаб этилади, холос. Солиқ тўловчи ушбу хатоликларни вақтида бартараф этса, солиқ текширувлари натижасида тегишли солиқ ва мажбурий тўловларнинг қўшимча ҳисобланиши, молиявий ҳамда устама жарималар қўлланилишининг олди олинади.

Сурхондарё вилоят давлат солиқ бошқармаси ва унинг қуйи тизими ходимлари томонидан ҳам камерал назорат самарадорлигини ошириш борасида бир талай ишлар амалга оширилаётир. Бу солиқ ҳисоботларидаги хато ва камчиликларни ўз вақтида бартараф этишда муҳим восита бўлиб хизмат қилаётир. Маълумотларга кўра, жорий йилнинг шу даврига қадар вилоятда ўтказилган камерал назоратлари натижасида 1760 та хўжалик юритувчи субъектларга 16760,1 млн. сўм қўшимча солиқ ва тўловлар ҳисобланган.             Ушбу ҳолатлар юзасидан барча солиқ тўловчиларга камчиликларни бартараф этиш мақсадида солиқ идораларидан тегишли тартибда талабнома берилган. Шундан 252 та корхона 4009,0 млн. сўмга асословчи ҳужжатлар тақдим этган бўлса, 1131 та корхоналар 7936,5 млн. сўм солиқ ва тўловлар бўйича қайта ҳисоботлар тақдим этган ва бу маблағнинг асосий қисми ундириб олинган.

    Бундай натижалар камерал назоратнинг солиқ тўловчилар учун реал ёрдамчи эканини кўрсатмоқда. Чунки назоратнинг ушбу турида йўл қўйилган солиққа оид  хатоликлар аниқланиб, уни тузатиш чора-тадбирлари ўз вақтида амалга оширилмоқда. Бу, шунингдек, солиқ тўловчининг амалдаги тартиб асосида иш юритишига ва солиқ қонунчилигининг бузилишига барҳам беришига имконият яратади. Шундай экан, тадбиркорлик субъектлари камерал назорат хулосаларига жиддий  эътибор беришлари ва билдирилган эътирозлардан тўғри хулоса чиқаришлари талаб этилади.

«XXI-asr»

ижтимоий-сиёсий газетаси

Источник: Либерально демократическая партия Узбекистана

  Обсудить новость на Форуме