18:46 23.04.2014 | Все новости раздела "Либерально демократическая партия Узбекистана"

КУН ТАРТИБИДА МАМЛАКАТДА ИШБИЛАРМОНЛИК МУҲИТИНИ РИВОЖЛАНТИРИШ МАСАЛАСИ

 Жорий йилнинг 22 апрель куни «Халқаро савдо маркази» мажлислар залида O’zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси ва Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги O’zLiDeP Фракцияси томонидан «Мамлакатда ишбилармонлик муҳитини такомиллаштириш, тадбиркорликка кўпроқ эркинлик бериш – иқтисодиёт рақобатбардошлигини ошириш ва аҳоли фаровонлигини таъминлашнинг омили» мавзусида амалий семинар ташкил этилди.Мазкур йиғилишда O’zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги партия фракцияси аъзолари, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги, Молия вазирлиги, Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси, Марказий Банки, Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси, «Ўзкоммунхизмат» агентлиги, маҳаллий вакиллик органларидаги O’zLiDeP депутатлик гуруҳлари, тадбиркорлар, фермерлар, мутахассис-экспертлар ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этди.O’zLiDeP томонидан ташкил этилган навбатдаги семинарда мамлакатда ишбилармонлик муҳитини янада такомиллаштириш, тадбиркорликка кўпроқ эркинлик бериш – иқтисодиёт рақобатбардошлигини ошириш ва аҳоли фаровонлигини таъминлаш масалалари муҳокамаларнинг асосий мавзусига айланди.Тадбир давомида O’zLiDePнинг ишбилармонлик муҳитини шакллантириш мақсадида замонавий ахборот-коммуникация технологияларини иқтисодиёт тармоқлари ва соҳаларида жорий этишни жадаллаштириш, интерфаол давлат хизматларини тақдим этиш миқёсини кенгайтиришга қаратилган амалий чора-тадбирларини ишлаб чиқишга алоҳида эътибор қаратилди.2014 йилнинг фақат биринчи чорагида ишбилармонлик муҳитини такомиллаштириш бўйича амалга оширилаётган ишлар натижасида 7,3 мингта янги кичик бизнес субъектлари ташкил этилишига эришилди.Иштирокчилар таъкидлаганидек, қўлга киритилаётган ютуқлар замирида куни кеча давлатимиз раҳбари томонидан имзоланган «Ўзбекистон Республикасида инвестиция иқлими ва ишбилармонлик муҳитини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Фармони ҳамда унинг ижроси доирасида қабул қилинган «Тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш ва давлат хизматларини кўрсатиш билан боғлиқ тартиботларни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Қарори муҳим аҳамият касб этмоқда.Ушбу ҳужжатлар ижроси доирасида комплекс чора-тадбирлар кўзда тутилган бўлиб, улар амалга оширилиши қулай бизнес-муҳитни шакллантириш ва мамлакатимиз иқтисодиёти рақобатбардошлиги ўсишини таъминлайди. Жумладан, янги тартиботга кўра, ўз вақтида солиқ ва бошқа мажбурий солиқларни тўлаётган, ишлаб чиқаришнинг барқарор ўсиш суръатлари ва рентабеллигини таъминлаётган кичик тадбиркорлик субъектларининг молиявий-хўжалик фаолиятида солиқ текширувларини ўтказиш бўйича мораторий 2017 йилнинг 1 январигача узайтирилган.Ушбу мораторий 2011 йил «Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик йили»да белгиланган эди. Уни узайтирилиши бир томондан мамлакатимиз раҳбариятининг кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни янада ривожлантириш масалаларига бўлган кучли эътиборини, бошқа томондан эса мамлакатимизда иқтисодий муносабатларни либераллаштиришга оид чора-тадбирлар самарадорлигини намоён этади.Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати, O’zLiDeP фракцияси аъзоси Насим Алимов: «Фармон O’zLiDeP электорати туб манфаатларига тўлиқ жавоб бериши билан бирга муваффақиятли ва қонунга риоя этувчи хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятини рағбатлантиради. Бундан ташқари, давлатимиз раҳбари қарорига мувофиқ, 2014 йил 1 июндан бошлаб 16 та рухсат берувчи ҳужжатлар бекор қилинди. Шунингдек, 11 та лицензияланадиган фаолият турлари ва рухсат бериш характеридаги ҳужжатлар бирлаштириш йўли билан 4 тага камайтирилди ҳамда 21 тасида кўриб чиқиш ва расмийлаштириш муддатлари қисқартирилди.Қурилиш, қишлоқ хўжалиги, тиббиёт, фармацевтика, телекоммуникация, қимматли қоғозлар ва божхона соҳаларида лицензия ва рухсатнома олиш учун тақдим этиладиган 130 та ҳужжатлар қисқартирилиб, соддалаштирилмоқда. Буларнинг барчаси мамлакатда бизнес юритиш шарт-шароитларини янада соддалаштирадики, бу ҳар йили бизнес тузилмаларининг жуда ҳам катта миқдордаги маблағлаларини тежалишига олиб келади».Иштирокчилар қайд этганидек, 2015 йил 1 январидан бошлаб кичик бизнес субъектлари статистик ҳисоботларини йилда бир марта тақдим этадилар. Бунда статистика органлари ҳар чоракда тегишли йўналишлар ва фаолият соҳалари бўйича текширишлар ўтказиб боради.Мамлакатдаги иқтисодий муносабатларни либераллаштиришга оид қатъий йўналишни белгилаб берган Фармонга мувофиқ, давлат солиқ хизмати органлари хўжалик юритувчи субъектларнинг тижорат банклардаги ҳисоб рақамлари бўйича операцияларини агар улар солиқ, молиявий ҳисоботларни тақдим этмаса ва кўрсатилган манзил бўйича мавжуд бўлмаса, суднинг тегишли қарорига кўра тўхтатишлари мумкин.Аввалги тартибда ушбу қарор банкларда солиқ тўловчилар ҳисоб рақамлари бўйича операцияларни, агар солиқ тўловчи – юридик шахс солиқ ва (ёки) молиявий ҳисоботни тақдим этиш муддати ўтганидан кейин 15 кун давомида тақдим этмаган бўлса, банк операцияларини солиқ органлари қарорлари асосида тўхтатишни амалга ошириши мумкин эди.Президент фармони ва қарорида ишбилармонлик муҳитини янада такомиллаштириш, тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш, янги иш ўринларини яратиш ва иқтисодиётнинг хусусий секторида аҳоли бандлигини таъминлаш учун шароитларни тубдан яхшилаш бўйича қатор яна муҳим чора-тадбирлар белгилаб берилган.Тадбир давомида партиянинг ҳудудлардаги депутатлик корпусининг электорат ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш борасидаги фаолиятини танқидий баҳолаган ҳолда жойлардаги вакиллик ҳокимият органлари мажлисларида тадбиркорлик фаолиятини юритиш учун қулай ишбилармонлик муҳитини яратиш борасида қабул қилинаётган чора-тадбирлар самарадорлиги ҳақида ҳокимлар ҳисоботларини ҳар чоракда кўриб чиқиш зарурлиги таъкидланди.Бу ўз навбатида, депутатлик корпусининг жойлардаги партия тузилмалари, бошланғич партия ташкилотлари билан яқин ҳамкорлигини талаб этади ва назорат қилувчи органлар ходимларининг қонунчилик меъёрлари талабларига риоя этиш борасидаги масъулиятини оширишга кўмаклашади.Жумладан, долзарб масала сифатида давлат ва хўжалик бошқаруви органлари фаолиятига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини ҳар томонлама жорий этиш, улар фаолиятининг очиқлиги ва ошкоралигини таъминлаш қулай бизнес муҳитини шакллантиришнинг энг муҳим омили ҳисобланади. Хусусан, бу борада 2013 йилда Бухоро ва Самарқанд вилоятларида ўтказилган ҳуқуқий эксперимент яққол мисол бўла олади.Сайловчилар билан бўлган учрашувлар якунлари шундан далолат беряптики, АКТ ютуқларини тизимли жорий этилишидан ҳаммадан ҳам кўпроқ O’zLiDeP электорати манфаатдор, чунки бу кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш йўлидаги ортиқча бюрократик тўсиқларни бартараф этиш имконини беради.«Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида»ги қонунда жойлардаги давлат бошқаруви, давлат ҳокимияти органлари томонидан қабул қилинган меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар улар расмий эълон қилинганидан кейин икки кундан кечикмаган ҳолда расмий веб-сайтларида жойлаштирилиши лозимлиги белгиланган.Мазкур меъёрни ривожлантириш мақсадида қабул қилинган Президентимиз Фармонида 2014 йил 1 июндан бошлаб, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари,  жойлардаги давлат ҳокимияти органларининг расмий веб-сайтларида эълон қилинмаган тадбиркорлик субъектлари билан ўзаро муносабатларни тартибга солувчи ҳужжатларни тадбиркорлик субъектлари томонидан бузганлиги учун уларга нисбатан жавобгарлик чораларини қўллаш ман этилди. Эндиликда хўжалик юритувчи субъектлар эълон қилинмаган кўрсатмаларни бузганлик учун жавоб бермайди, бу ўз навбатида маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари фаолияти очиқлиги ва масъулиятини салмоқли равишда оширади.O’zLiDeP вакиллари, шунингдек, тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш жараёнларини мураккаблаштирувчи ва тадбиркорлик субъектлари зиммасига янги юридик мажбуриятларни юклашни назарда тутувчи, шунингдек, тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқий масъулиятига оид янги чора-тадбирларни белгиловчи ҳуқуқий ҳужжатлар улар расмий эълон қилинганидан кейин уч ой ўтгандан сўнг жорий этилишига эътибор қаратди.Ушбу ҳолат партия электорати манфаатларига мутлақо мос бўлиб, энди тадбиркор ўз фаолиятини қайта барпо этиш ва юридик мажбуриятларини бузмаслик имкониятига эга бўлмоқда. Амалда бу бизнесни мураккаблаштирувчи янги талабларни бирданига жорий этишни ман этилиши деганидир.Алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация Давлат қўмитаси ходими Гафур Гафуров: «Электрон алоқа каналлари орқали ҳисоботларни топширишнинг фаол жорий этиш натижасида бугунги кунда 95 фоиз тадбиркорлик субъектлари солиқ ҳисоботларини, 88,6 фоизи – статистика ҳисоботларини электрон шаклда топширади. Қарийб 95 фоиз юкларнинг божхона декларациялари электрон усулида расмийлаштирилади.Тадбиркорлар мурожаатларини тезкор ва сифатли кўриб чиқилиши учун Вазирлар Маҳкамасида махсус идоралараро ишчи гуруҳ тузилган бўлиб, унга Ягона давлат хизматлари портали орқали келиб тушадиган бизнес вакиллари мурожаатларига уларни қуйи давлат органларига қайта юбормаган ҳолда кўриб чиқиш топширилган.2014 йил 1 октябрдан бошлаб, Ўзбекистон Республикаси Ягона интерфаол давлат хизматлари порталида иш бошлайдиган шахсий «тадбиркорлик субъекти кабинети» молиявий, солиқ, статистика ва бошқа ҳисобот турлари ҳамда Интернет-банкинг тизими орқали рухсат берувчи тусдаги ҳужжатлар ва лицензияларни кўриб чиқиш ва бериш, маълумотномалар ва бошқа турдаги интерфаол давлат хизматлари учун мажбурий тўловлар, коммунал тўловлар, йиғим ва давлат божларини тўлашни интерактив ҳолатда расмийлаштириш ва тақдим этишни жорий этиш имконини беради».2014 йил 1 июлдан бошлаб, алоҳида саноат тармоқларидаги меҳнат талаби бўйича кичик корхоналар ходимларининг ўртача йиллик сони миқдори оширилади. Умуман олганда, дастур 46 та кенг қамровли тадбирлардан иборат.Ҳужжат тадбиркорлар учун янги имконият ва истиқболларни очмоқда, уларга янада кўпроқ эркинлик яратмоқда. Бу бизнесни янада ривожлантириш учун ҳам вақтни, ҳам молия маблағларини тежаш, турли мулк шаклидаги корхоналар моддий-техника базасини мустаҳкамлаш демакдир.Фармондаги ушбу ва бошқа жиҳатлар парламент ва депутатлик назоратини тизимли таъминлаб боришни талаб этади. Шуни ҳисобга олган ҳолда, унинг меъёрларини, хусусан, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари учун белгиланган имтиёз ва кафолатларига оид меъёрларини кенг аҳоли қатламлари, биринчи навбатда, партия электорати вакилларига етказиш ва тушунтириш, унинг ижроси устидан қатъий депутатлик назоратини ўрнатишга доир амалий чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилди. 

O’zLiDeP Матбуот хизмати  

Источник: Либерально демократическая партия Узбекистана

  Обсудить новость на Форуме