19:00 18.12.2013 | Все новости раздела "Либерально демократическая партия Узбекистана"
КОНСТИТУЦИЯ – МАМЛАКАТИМИЗДАГИ ЛИБЕРАЛ-ДЕМОКРАТИК ИСЛОҲОТЛАРНИНГ АСОСИ ВА ГАРОВИДИР
Пойтахтимиздаги “Халқаро ҳамкорлик маркази”да O`zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси Ўзбекистон Миллий университети ва Тошкент давлат юридик университети билан ҳамкорликда “Конституция – мамлакатимиздаги либерал-демократик ислоҳотларнинг асоси ва гарови” мавзуида илмий-амалий анжуман ташкил этилди.
Унда O`zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси ва Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги партия фракцияси аъзолари, ҳамкор ташкилотлар вакиллари, ҳуқуқшунос олимлар, фермер ва тадбиркорлар, ёш олимлар ва партия фаоллари иштирок этди.
Анжуманда Президентимиз Ислом Каримовнинг Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 21 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги маърузасида белгилаб берилган устувор йўналишлардан келиб чиққан ҳолда O`zLiDeP олдида турган муҳим вазифалар атрофлича муҳокама қилинди.
O`zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси раиси Содиқжон Турдиев тадбир иштирокчиларини Конституция байрами билан қутлаб, Юртбошимизнинг “Амалга ошираётган ислоҳотларимизни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамияти қуриш – ёруғ келажагимизнинг асосий омилидир” номли маърузасида баён этилган фикр-мулоҳазалар ва мантиқий хулосалар фуқаролик жамиятини шакллантириш жараёнида фаол иштирок этаётган Ўзбекистон Либерал-демократик партияси учун дастуриламал бўлиб хизмат қилишини таъкидлади.
- Конституция мамлакатимизнинг бугунги ривожи, босқичма-босқич эришилаётган ютуқларимиз, Ватанимиз гуллаб-яшнаши, одамларимизнинг тинч ва фаровон яшашининг бош омили ва гарови бўлиб хизмат қилмоқда, - деди С.Турдиев. – Конституцияда белгилаб қўйилган нормалар асосида мамлакатимиз иқтисодиётининг барқарор суръатлар билан ўсиши, жамият ривожининг асосий бўғинига айланган фермерлик ҳаракати, тадбиркорлик ва ишбилармонликнинг эркин ривожланиши таъминланмоқда. Президентимиз Конституциямизнинг 21 йиллик байрами тантаналаридаги маърузасида бу ҳақда алоҳида таъкидлади, мулкдорларга яратиб берилаётган имтиёзларни янада кучайтириш, уларнинг қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, ишбилармонлик муҳитини янада яхшилаб бориш асосий вазифамиз эканини қайд этди. Бу эса, ўз навбатида, фермерлар, тадбиркорлар ва ишбилармонлар манфаатини ифода этувчи, уларнинг ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи сиёсий куч сифатида O`zLiDePга катта масъулият юклайди.
Унинг сўзларига кўра, партия ўзининг асосий мақсадларидан бири – мамлакатда ишбилармонлик муҳитини доимий ва изчил ривожлантириш ҳамда фермерлар ва тадбиркорларнинг эркин фаолият юритиши учун янги имкониятлар очиш борасидаги ишларни янада кучайтириши ва ижобий натижаларга эришиши керак.
O`zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси раиси ўринборсари М.Акромова эса ўз сўзида Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси узоқ муддатга мўлжалланган дастур экани, у ўзаро узвий боғлиқ бўлган сиёсий ва иқтисодий ислоҳотлар, давлат ҳокимияти ва бошқаруви тизимини демократлаштириш ва эркинлаштириш, суд ҳокимияти мустақиллигини, сўз, ахборот ва сайлов эркинлигини таъминлаш, сайлов тизимини такомиллаштириш, фуқаролик жамиятини ривожлантириш бўйича устувор вазифаларни белгилаб берганини эътироф этди.
Анжуман иштирокчилари мамлакатимизда олиб борилаётган либерал-демократик ислоҳотлар хусусида маърузалар тинглади.
Шунингдек, тадбирда вакиллик органларининг жамият ҳаётидаги роли ва аҳамиятини янада ошириш, ижтимоий-сиёсий ва иқтисодий тараққиётнинг аниқ устувор йўналишларини белгилаб олишда сиёсий партиялар ролини кескин кучайтириш, мамлакатимизни ислоҳ этиш ва модернизация қилиш бўйича стратегик вазифаларни ҳал этишда уларнинг иштирокини кенгайтириш мавзуларида сўз борди. Кўппартиявийлик тизимини мустаҳкамлаш, партиялараро рақобатни кучайтириш, демократик давлат барпо этишда Конституциянинг алоҳида ўрни борлиги қайд этилди.
- Президентимизнинг Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси Бош қомусимизда белгиланган нормалар ҳаётга кенг татбиқ этилиши ҳамда кўппартиявийлик тизимини ривожланишига хизмат қилмоқда, – деди анжуман иштирокчиси, Тошкент молия институти кафедраси мудири, иқтисод фанлари доктори Дилфуза Расулова. – Концепцияда илгари сурилган мулоҳазалар, қонун ва бошқа меъёрий ҳужжатларнинг аксарияти партия электорати манфаати билан боғлиқ бўлиб, ушбу ҳужжатларнинг қабул қилиниши ва ҳаётга татбиқ этилишида партия ва унинг фракцияси муайян ишлар қилмоқда. Хусусан, O`zLiDeP Концепция доирасида ўз ҳамкорлари билан биргалиқда аниқ мақсадга қаратилган ўндан ортиқ лойиҳани амалга ошириб келмоқда. Партия ана шу жараёнда биз – олим ва мутахассисларнинг фикрларини доимий ўрганиб, янгича ёндашувларни амалиётга олиб киришни мақсад қилиб қўйгани келгусидаги фаолиятга туб ўзгаришлар ясайди.
Анжуманда айтилганидек, ҳар бир партия ўз электорати манфаатини кўзлаб аниқ позицияга, рақобатбардош сайловолди дастурига эга бўлиши лозим. Бугун сиёсий майдондаги етакчи куч сифатида O`zLiDeP ўз электорати манфаатидан келиб чиқиб, дастурларини чуқур ва батафсил кўриб чиқиши, шаҳар ва чекка туманларда яшовчи аҳоли қатламлари, сайловчилар орасига кириб борган ҳолда мавжуд долзарб вазифаларни ҳал этиш бўйича аниқ мақсадли ишларни амалга ошириши, ишбилармонлик муҳитини доимий ва изчил ривожлантириш, фермер ва тадбиркорларнинг эркин фаолият олиб бориши учун янада кенгроқ имконият яратиб берилишини таъминлашга интилиши зарурдир.
- Партиянинг энг муҳим дастурий вазифаси фермерлик ҳаракатини қишлоқдаги ҳал қилувчи ижтимоий-сиёсий кучга айлантириш, фермер хўжаликларининг мамлакатимиз аграр секторини барқарор ва самарали ривожлантириш, аҳоли фаровонлигини юксалтиришдаги асосий бўғин сифатидаги роли ва аҳамиятини ошириш, уларнинг ҳуқуқлари, манфаатлари ва самарали фаолиятини ҳимоя қилишни таъминлаш ҳисобланади, - дейди Оҳангарон туманидаги “Лаззат латофати” фермер хўжалиги раҳбари Муҳтарама Сайфиддинова. - Бугунги кунда партиямиз олдида кўп тармоқли фермер хўжаликларини шакллантириш, қишлоқ хўжалиги техникаси паркини модернизациялаш, ер унумдорлигини янада яхшилаш, қишлоқ хўжалигига янги, замонавий технологияларни жорий этиш ҳисобига ишлаб чиқарилаётган маҳсулот ҳажмини ошириш каби долзарб масалалар қўйилган. Зеро, фермер бойиса, қишлоқ аҳолисининг яшаш шароитини яхшилашга, янги иш ўринларини яратишга кенг имкониятлар очилади.
Илмий-амалий анжуманда мамлакатимизда олиб борилаётган либерал-демократик ислоҳотлар халқимиз фаровонлиги, обод турмушга хизмат қилаётгани таъкидланди.
Тадбирда алоҳида таъкидланганидек, интеллектуал мулк эгалари – олимлар томонидан бериладиган таклифлар мамлакатда кўппартиявийлик тизимини янада ривожлантиришга, партиянинг мақсад ва вазифалари ижросини тўла таъминлашга хизмат қилади.
O`zLiDeP Матбуот хизмати
Обсудить новость на Форуме