22:00 19.11.2013 | Все новости раздела "Либерально демократическая партия Узбекистана"
КОНСТИТУЦИЯ – ЭРКИН ВА ФАРОВОН ҲАЁТИМИЗНИНГ ҲУҚУҚИЙ ПОЙДЕВОРИ
O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси ва Тошкент давлат иқтисодиёт университети ҳамкорлигида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг 21 йиллигига бағишлаб “Конституция – ҳуқуқ ва эркинликлар кафолати” мавзуида давра суҳбати ўтказилди.
Унда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, сиёсатчилар ва мазкур олий ўқув юртининг профессор ўқитувчилари, талабалари, партиянинг “Ёшлар қаноти” фаоллари иштирок этди.
Тадбирда Конституциямиз мамлакатимизда мустақиллик йилларида Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг, ҳуқуқий демократик давлат ва фуқаролик жамияти барпо этиш йўлидаги саъй-ҳаракатларнинг мустаҳкам қонуний кафолати бўлиб хизмат қилаётгани таъкидланди.
Бош қомусимизда тенглик, эркинлик, биродарлик, халқаро ва миллатлараро дўстлик, тинчлик, бағрикенглик ғоялари ифодаланган. Жумладан, Конституциямизнинг 13-моддасида: “Ўзбекистон Республикасида демократия умуминсоний принципларга асосланади, уларга кўра инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа дахлсиз ҳуқуқлари олий қадрият ҳисобланади”,- деб ёзиб қўйилган.
- Конституциямиз халқаро ҳуқуқнинг демократик тамойилларига тўла мос келади ва ривожланган демократик давлатларнинг ҳуқуқни қўллаш амалиётининг ижобий жиҳатларини ўзида тўлиқ ифодалайди, - деди тадбирда сўзга чиққан Қонунчилик палатаси депутати, O‘zLiDeP фракцияси аъзоси Фахриддин Комилов. - Унда халқимизнинг тарихий анъаналари ва миллий хусусиятлари ҳам ўз ифодасини топган. Бош қомусимиз мамлакатимизда сиёсий, ижтимоий, иқтисодий ва гуманитар соҳаларни демократлаштириш, жамият ва давлатни модернизация қилиш борасида амалга оширилаётган тарихий ўзгаришларга, хусусан, парламентчилик ва кўппартиявийлик асослари шаклланиши ва мустаҳкамланишига, фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашнинг қонуний негизи яратилишига ҳуқуқий пойдевор бўлди. Давлатимиз раҳбари томонидан ишлаб чиқилган Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси Конституциямизда белгиланган қоида ва ғояларнинг жамиятимизга тизимли, изчил ва босқичма-босқич татбиқ этилаётганини кўрсатади.
Конституцияда бозор муносабатларини ривожлантиришга қаратилган Ўзбекистон иқтисодиётининг негизини хилма-хил шакллардаги мулк ташкил этиши, давлат истеъмолчиларнинг ҳуқуқи устунлигини ҳисобга олиб иқтисодий фаолият, тадбиркорлик ва меҳнат қилиш эркинлигини, барча мулк шаклларининг тенг ҳуқуқлилигини ва ҳуқуқий жиҳатдан баб-баравар муҳофаза этилишини кафолатлаши белгилаб қўйилган.
Партия фаоллари фикрича, мазкур қоидалар билан мулкчиликнинг турли шакллари мавжуд бўлиши ва мулкдор бўлиш ҳуқуқининг кафолатлангани мамлакатимизда кўп укладли бозор иқтисодиётини шакллантириш ҳамда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантиришга, жамиятимизда ўрта синф – мулкдорлар қатламининг юзага келишига асос бўлди.
Конституциямиз мамлакатимизда мустақиллик йилларида ёшларга оид давлат сиёсатининг ташкилий-ҳуқуқий асосларини яратиш ва унинг самарадорлигини ошириш, баркамол авлодни тарбиялаш, давлат ва жамият бошқарувида ёшларнинг фаол иштирокини таъминлаш, таълим тизимини ислоҳ қилиш, ёшлар ҳаракати ва ташкилотларини ривожлантириш йўналишларида узоқни кўзлаб олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг ҳам мустаҳкам ҳуқуқий кафолати бўлиб хизмат қилмоқда.
- Бугунги тадбир мен сингари барча тенгдошларимга катта қизиқиш уйғотди, - дейди Тошкент давлат иқтисодиёт университети 1-босқич талабаси Жаҳонгир Холмуродов. - Тадбир давомида сўз олган депутатлар бугунги кунда мамлакатимизда қонунчилик доирасида олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар юзасидан маълумотлар берди, шунингдек, Бош қомусимизнинг бўлим ва моддаларини шарҳлаб, уларнинг мазмун-моҳиятини кенгроқ тушунтиришга ҳаракат қилди. Бу каби тадбирлар биз ёшларнинг Конституциямизга бўлган ҳурматимизни янада оширишга, Ватанга садоқат, ҳурмат руҳида тарбия топишимизга, талабаларнинг ҳуқуқий онг ва билимларини юксалтиришга катта хизмат қилади.
Тадбир давомида Конституциямизда муҳрланган демократик тамойиллар ва умуминсоний қадриятларнинг ҳаётимизга янада чуқурроқ кириб бориши учун таълим муассасалари ва фуқаролик жамияти институтларининг ўзаро ижтимоий ҳамкорлигини таъминлаш, ёшлар орасида Конституциямиз ғоя ва қоидаларини кенг тарғиб қилиш масалалари бўйича амалий таклифлар билдирилди.
O‘zLiDeP Матбуот хизмати
Обсудить новость на Форуме