20:15 04.07.2013 | Все новости раздела "Либерально демократическая партия Узбекистана"
КОЛЛЕЖ ДАРСХОНАСИДАН БИЗНЕСГА
O‘zLiDePнинг Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, банклар ва бошқа ҳамкор ташкилотлар билан бирга ўтказилаётган “Диплом билан бизнесга” лойиҳасининг Бухоро вилояти босқичи якунланди.
Лойиҳа доирасидаги 2 кунлик ўқув курслари давомида битирувчиларга тадбиркорлик фаолияти билан боғлиқ меъёрий–ҳуқуқий ҳужжатлар, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни молиялаштириш, гаров таъминоти турлари ҳамда гаров ҳужжатларини расмийлаштириш, тижорат банкларидан кредит олиш, бизнес режа тузиш бўйича маълумотлар берилди.
– Иштирокчиларга иқтисодчи олимлар ва етук мутахассислар маърузалар ўқиди, – дейди O‘zLiDeP вилоят Кенгаши раиси вазифасини бажарувчи Фармон Аминов. – Бу эса бошловчи тадбиркорлар учун муҳим аҳамиятга эга.
Унинг таъкидлашича, O‘zLiDeP Дастурида партия тадбиркорлар эркинликларини таъминлаш учун иқтисодий, ташкилий, ҳуқуқий шароит ва кафолатлар яратилиши, мазкур қатлам фаолиятининг ҳар томонлама рағбатлантирилиши, хўжалик юритувчи субъектларнинг иқтисодий мустақил бўлиши, тадбиркорлик фаолиятини ривожлантиришдаги мавжуд тўсиқларнинг бартараф этилиши тарафдори экани белгилаб қўйилгани либерал-демократларнинг бу йўналишдаги аниқ мақсадлар сари оғишмай бориши кафолати ҳисобланади.
Марказий банк вилоят бош бошқармаси бўлим бошлиғи Шукрулла Ҳакимовнинг билдиришича, касб-ҳунар коллежларининг мустақил равишда тадбиркорлик билан шуғулланиш истагида бўлган битирувчиларига жорий йилнинг ўтган даври мобайнида 2,5 миллиард сўмлик имтиёзли кредит берилди.
“Бу ўтган йилнинг шу давридагига нисбатан салкам 3 баравар кўпдир. 2013 йил охиригача бошловчи тадбиркорларга жами 7 миллиард сўмлик кредит ажратиш кўзда тутилган”, – деди Ш.Ҳакимов.
Жондор туманидаги саноат, транспорт ва алоқа касб-ҳунар коллежи битирувчиси Муҳаббат Шофиддинова лойиҳада иштирок этиб, ўзининг бозор иқтисодиёти ва тадбиркорлик бўйича билимларини мустаҳкамлашга эришган ёшлардан бири.
“Банк, солиқ ва суғурта идоралари масъул ходимлари томонидан берилган ўринли маслаҳат ва тавсияларга амал қилган ҳолда келгусида тенгдош дугоналарим Лола Ҳасанова, Гуллола Ғаниева, Зарнигор Фатуллаева билан бирга туманимиз марказида тикув цехини ташкил этишни ният қилдик. Трикотаж буюмларини ишлаб чиқариш бўйича тақдим этган бизнес режамиз лойиҳа ташкилотчилари томонидан қўллаб–қувватланди ва бизга “Микрокредитбанк”дан 7 млн. 900 минг сўм микдорида имтиёзли кредит ажратиладиган бўлди. Бу маблағни Японияда ишлаб чиқарилган бир нечта тикув машиналарни харид қилишга сарфламоқчимиз”, – деди М.Шофиддинова.
Ушбу коллежнинг яна бир битирувчиси Дилноза Нарзуллаевага тикувчилик соҳасида хизмат кўрсатиш бизнес режасига асосан “Ипотекабанк”нинг Бухоро шаҳар бўлими томонидан 12 фоизли 4,5 миллион сўмлик кредит бериладиган бўлди.
“Диплом билан бизнесга” лойиҳасининг бошқа бир иштирокчиси – Бухоро юридик ва маиший хизмат коллежи битирувчиси Аҳлиддин Умаров қарийб 8 миллион сўмлик, Вобкент қишлоқ хўжалик касб–ҳунар коллежи битирувчиси Соҳиба Мирзаева 2 миллион сўмлик имтиёзли кредит олиш имкониятига эга бўлди.
Таъкидлаш жоизки, O‘zLiDePнинг “Диплом билан бизнесга” лойиҳаси Президентимизнинг “Таълим муассасалари битирувчиларини тадбиркорлик фаолиятига жалб этиш борасидаги қўшимча чора–тадбирлар тўғрисида”ги Фармони ҳамда “Обод турмуш йили” Давлат дастури ижросини таъминлаш борасидаги изчил ишларнинг ёрқин намунаси бўлмоқда.
Бу лойиҳа бизнес оламида ўз омадини синаб кўришга иштиёқманд битирувчи ёшлар учун яна бир имконият манбаи бўлиб хизмат қилаётир. Энди навбат юртимизда ёшлар учун яратиб берилаётган бу каби имкониятлар ва имтиёзлардан унумли фойдаланишда.
Лойиҳанинг вилоят босқичида касб-ҳунар коллежларининг 130 нафар битирувчиси иштирок этди.
O‘zLiDeP Бухоро вилоят Кенгаши
Матбуот хизмати
Обсудить новость на Форуме