19:15 20.02.2014 | Все новости раздела "Либерально демократическая партия Узбекистана"

КОЛЛЕЖ БИТИРУВЧИЛАРИ – БЎЛҒУСИ ФЕРМЕРЛАР

Наманган вилоятида ёшларни тадбиркорликка, хусусан, фермерлик соҳасига кенг жалб этиш, бунинг учун касб-ҳунар коллежларида зарур билим ва кўникмалар бериш масаласига  алоҳида эътибор қаратилаётир. 
Партия вилоят кенгаши томонидан қишлоқ хўжалигига ихтисослашган барча касб-ҳунар коллежларида “Лойиҳаларимиз - ёшларга, тадбиркорларга ва ҳар бир оилага” шиори остида “Кичик бизнес ва тадбиркорлик ривожи соғлом ва обод турмушнинг муҳим шартидир” мавзуида форумлар ўтказилди. 
Бу тадбирларда партия фаоллари, депутатлар, банк, солиқ, суғурта идоралари мутасаддилари, фермер хўжаликлари вакиллари иштирок этиб, ёшларга мамлакатимизда тадбиркорлик ва ишбилармонликни ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган ислоҳотлар, қабул қилинаётган қонунлар, яратилган имтиёзлар ҳақида тушунчалар берди.Айниқса, туманлардаги илғор фермер хўжаликлари раҳбарларининг ўз фаолияти мисолидаги ҳаётий фикр-мулоҳазалари ёшларда катта таассурот қолдирди.
- Мен 2003 йилда 15 гектар ерда 3 киши билан иш бошлаганман, - дейди  Янгиқўрғон туманидаги “Мурод Султонбува” фермер хўжалиги раҳбари С.Султонов. - Аста-секин хўжалигимиз кенгайиб борди. 2005 йилда еримиз 40 гектарга етди. 2012 йилда эса кўп тармоқли фермер хўжалигига айландик. Банкдан 32 миллион сўм кредит олиб, фермер хўжалигида чорвачиликни ташкил этдим. 5 гектар ерда интенсив боғ яратдик. Ишчиларимиз сони ҳам кўпайиб, 20 нафарга етди. Бундан ташқари, туман иқтисодиёт ва транспорт коллежи битирувчиларидан 30 нафари боғимизда келиб амалиёт ўтамоқда. Ўтган йили жами 100 млн. сўм даромад қилдик. Бу йил даромадларимизни, иш ўринларини янада кўпайтиришга ҳаракат қиламиз.
Янгиқўрғон иқтисодиёт ва транспорт касб-ҳунар коллежи 3-босқич ўқувчиси Мафтуна Олтинбоева кўпгина тенгдошлари қатори мазкур фермер хўжалигида амалиёт ўтаяпти. “Коллежда олган билимларимизни янада мустаҳкамлаяпмиз. Келгусида фермер ёки тадбиркор бўлиб, қишлоғимиз фаровонлиги, ободончилигига ўз ҳиссамни қўшмоқчиман”, - дейди Мафтуна.
Мафтунанинг бу фикрларини унинг курсдоши Нурулло Дўрмонов ҳам қўллаб-қувватлади. У ҳам келажакда катта боғ яратиш ниятида эканини билдирди. 
Учқўрғондаги Янгиер қишлоқ хўжалиги касб-ҳунар коллежида 1120 нафар ўқувчи ўқийди. Улар мелиорация, механизация ва агрономия соҳалари мутахассислари бўлиб етишади. 
Бу йил коллежни 400 ўқувчи  битиради. Улар тумандаги корхона, ташкилот, фермер хўжаликлари билан уч томонлама шартномалар тузган. Бу ерда партия ташаббуси билан ўтказилган мулоқот ёшларни бефарқ қолдирмади. 
- Бу мулоқотдан катта таассурот олдим, - дейди 1-босқич ўқувчиси Умида Абдулбоқиева. - Биз ёшлар келгусида иқтисодий, ҳуқуқий жиҳатдан чуқур билимга, кўникмага эга бўлган тадбиркор, фермер бўлишимиз керак. Чунки фермерликни янада ривожлантириш учун замонавий технологиялар олиб келиш, маҳсулотларни қайта ишлаш, четга экспорт қилиш тартиб-қоидаларини, чет тилларни мукаммал билишимиз зарурлигини юракдан ҳис қилдим.    
Мулоқотлар иштирокчилари вилоятда ёшлар иштирокида ўтказилган бундай тадбирлар бўлғуси тадбиркор, ишбилармон ва фермерларни тайёрлаш, тарбиялашда, албатта, ўз самарасини беришига ишонч билдирди. 
                                                                        Комилжон ФАЙЗИЕВ,                      O‘zLiDeP наманган вилоят КенгашиМатбуот хизмати

Источник: Либерально демократическая партия Узбекистана

  Обсудить новость на Форуме