13:46 07.02.2013 | Все новости раздела "Либерально демократическая партия Узбекистана"

КИЧИК БИЗНЕС ВА ХУСУСИЙ ТАДБИРКОРЛИК ВАКИЛЛАРИГА КЕНГ ИМКОНИЯТЛАР ЯРАТИЛМОҚДА

O`zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси ташаббуси билан “Тадбиркорлик субъектлари билан хўжалик судлари ўртасида электрон ҳужжат алмашувини амалга ошириш масалалари” мавзусида давра суҳбати ўтказилди. Бугунги давра суҳбатидан кўзланган асосий мақсад мамлакатимизда кичик бизнес вакиллари, ишбилармонлар ва тадбиркорларнинг янада эркин фаолият юритишлари учун яратиб берилаётган имкониятларни партия электоратига етказиш баробарида қулай ишбилармонлик муҳитини вужудга келтириш бўйича қилинган амалий ишларнинг самараларини кўрсатиб беришдан иборатдир. Давра суҳбатида O`zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси раиси М.Тешабоев сўзга чиқиб, тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш партиянинг асосий вазифаси бўлиб, ушбу фаолият кўп босқичли жараён бўлиб, бошланғич партия ташкилотларидан тортиб, партиянинг маҳаллий Кенгашлардаги депутатлик гуруҳлари, ҳудудий тузилмалар, партиянинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси доирасигача қамраб олганлигини таъкидлаб ўтди. Тадбир иштирокчиларининг фикрича, электрон ҳужжат алмашинувининг йўлга қўйилиши тадбиркорлик субъектлари учун иқтисодий жиҳатдан самарали бўлиб, ишбилармонларнинг вақти ва моддий ресурслари сезиларли равишда тежалади, ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатишнинг унумдорлиги ошади. Зеро, Президентимизнинг “Бош мақсадимиз – кенг кўламли ислоҳотлар ва модернизация йўлини қатъият билан давом эттириш” номли маърузасида қайд этилганидек, иқтисодиётнинг барча соҳаларига, кундалик ҳаётимизга замонавий ахборот-коммуникация тизимларини кенг жорий этиш бўйича туб ва ижобий маънодаги портлаш эффектини берадиган ўзгаришларни амалга оширмасдан туриб, истиқболдаги мақсадларимизга эришиш қийин бўлади.Эътироф этиш жоизки, ахборот-коммуникация технологиялари соҳасида амалга оширилаётган чора-тадбирлар ва истиқболли лойиҳалар Ўзбекистоннинг барча ҳудудларида тадбиркорлик субъектларининг хўжалик судларига даъво ва илтимосномаларини электрон ҳужжат шаклида йўллаш имконини беради. O’zLiDeP эса бу борада уларга ёрдамлашишни ўзининг дастурий мақсадларидан бири, деб билади.Давра суҳбатида сўз олган Олий хўжалик суди раиси ўринбосари Ш.Саидов Президентимизнинг 2012 йил 18 июлдаги “Ишбилармонлик муҳитини янада тубдан яхшилаш ва тадбиркорликка янада кенг эркинлик бериш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонининг мазмун-моҳиятига тўхталар экан, фармоннинг 5-бандига асосан 2013 йилнинг 1 январидан бошлаб тадбиркорлик субъектлари учун хўжалик судларига даъво аризалари ва илтимосномаларни электрон шаклда тақдим этиш имконияти яратилганлигини ва бунинг учун эса Олий хўжалик судида марказлаштирилган электрон дастурий маҳсулот яратилиб, “Хўжалик судларига тадбиркорлик субъектлари томонидан даъво аризалари ва илтимосномаларни электрон кўринишда беришнинг вақтинчалик тартиби” тасдиқланганлигини таъкидлаб ўтди. Бугунги тадбирда тадбиркорлик субъектлари хўжалик судларига даъво аризаларини электрон шаклда топширишнинг қулайликлари ҳақида сўз юритилгани ва ўнлаб амалий таклифлар ўртага ташлангани айни муддао бўлди, - дейди  Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги партия фракцияси аъзоси Соҳибжон Исмоилов. - Чунки хўжалик юритувчи субъектлар ўртасидаги турли низоларни кўриб чиқишда электрон ҳужжат алмашинувининг йўлга қўйилиши ишбилармонларнинг ҳам вақтини, ҳам нақдини тежаши билан бирга, коррупция аломатлари юзага чиқишининг олдини олади.Йиғилиш қатнашчилари томонидан O’zLiDeP Сайловолди платформасидан келиб чиққан ҳолда, ўрта синф мулкдорлари манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган амалдаги қонунчилик ва уни ҳаётга татбиқ этиш механизмларини янада такомиллаштириш, тадбиркорларнинг ҳуқуқлари тўла таъминланишида хўжалик судларининг ролини кучайтириш  борасидаги бошланган ишларни янги босқичга кўтариш лозимлиги таъкидланди. Қизғин баҳс-мунозараларда иштирок этган Қонунчилик палатасидаги партия фракцияси аъзолари, Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт, Адлия вазирликлари ва Савдо-саноат палатаси вакиллари ва бошқа мутасадди ташкилотлар вакиллари ҳамда тадбиркорлар томонидан билдирилган фикр-мулоҳазалар инобатга олиниб давра суҳбати якунида қатор таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилди.  
O’zLiDeP Матбуот хизмати 

Источник: Либерально демократическая партия Узбекистана

  Обсудить новость на Форуме