22:30 14.06.2014 | Все новости раздела "Либерально демократическая партия Узбекистана"

КИЧИК БИЗНЕС ВА ХУСУСИЙ ТАДБИРКОРЛИК

Бухоро вилоятида Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси ва партиянинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси томонидан «Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларини судларда ҳимоя қилиш: муаммо ва ечимлар» мавзусида семинар ташкил этилди.

Унда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, Хўжалик суди, Адлия вазирлиги, Савдо-саноат палатаси, Ҳакамлик судлари, адвокатлик идоралари вакиллари, тегишли соҳа ва йўналишларда тажрибали мутахассис-экспертлар, тадбиркорлар ва фермерлар иштирок этди.

Мамлакатда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг яхлит тизими бўйича яратилган мустаҳкам қонунчилик базаси, тадбиркорлик субъектларининг қонуний ҳуқуқ ва манфаатлари кафолатлари ҳамда уларнинг ҳимоясини таъминлашда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Бугунги кунда Ўзбекистонда мавжуд барча хўжалик юритувчи субъектларининг 90 фоиздан ортиғини кичик бизнес корхоналари ташкил этади, ялпи ички маҳсулотнинг 54 фоизи шу соҳа ҳиссасига тўғри келади. Айнан шунинг учун ҳам мамлакат иқтисодиётида ҳал қилувчи мавқега эга бўлган ушбу соҳанинг ҳуқуқий манфаатларини судларда ҳимоя қилиш механизмларини янада такомиллаштириш масаласи давлатимизнинг диққат эътиборида бўлиб келган.

Ўзбекистон Республикасининг 2014 йил 14 майда қабул қилинган «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек айрим қонун ҳужжатларини ўз кучини йўқотган деб топиш тўғрисида»ги Қонунига мувофиқ Ўзбекистон Республикасининг Хўжалик процессуал кодексига, Жиноят кодексига, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига киритилган бир қатор ўзгартиш ва қўшимчалар тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқ ва манфаатлари ҳимоясини янада кучайтиради, даъвогар ва жавобгар томонлар ва бошқа иштирокчиларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятларини оширади.

Бу борада хўжалик судлари фаолиятининг тубдан такомиллаштирилиши, адвокатлик институти ваколатининг кучайтирилгани, тадбиркорлик субъекти ҳуқуқларининг қонунчиликда мустаҳкамлаб қўйилгани ишбилармон доиралар ҳуқуқларини самарали ҳимоялашда муҳим қадам бўлди.

Мамлакатимизда яратилган қулай шароитлардан тадбиркорларнинг самарали фойдаланишига кўмаклашиш масалалари партия тузилмаларининг диққат марказида бўлиб, бунда жойларда электорат ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирокида муҳокамаларни ташкил этиш, масъул назорат органларининг ахборот ва ҳисоботларини эшитиш, зарур ҳолларда мутасадди идора ва ташкилотларга тегишли хулоса ва тавсиялар киритиш бўйича жамоатчилик ва депутатлик назоратининг кенг йўлга қўйилганлиги ўзининг ижобий натижасини бермоқда.

Таъкидланганидек, O‘zLiDeP тадбиркорлар, фермерлар, мулкдорлар ва ўз электоратининг бошқа вакиллари манфаатларини ҳимоя қилишда қонунчилик базаси ҳамда механизмини такомиллаштириш, уларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишда хўжалик судларининг ролини кучайтиришга қаратилган тизимли ишларни давом эттиради. Хўжалик судлари фаолиятини сифат жиҳатдан янги босқичга кўтариш ва бу жараёнда олиб борилаётган ислоҳотларни қўллаб-қувватлайди.

Тадбир якунида кун тартибидаги масала юзасидан тегишли қарор қабул қилинди.


O‘zLiDeP Матбуот хизмати

Источник: Либерально демократическая партия Узбекистана

  Обсудить новость на Форуме