18:45 08.07.2013 | Все новости раздела "Либерально демократическая партия Узбекистана"
КИЧИК БИЗНЕС САРИ КАТТА ҚАДАМ
O‘zLiDeP Наманган вилоят Кенгаши томонидан “Диплом билан бизнесга-2013” лойиҳасининг вилоят босқичи ўтказилди.
Жорий йилда лойиҳанинг туман ва шаҳар босқичларида таълим муассасаларининг 600 дан ортиқ битирувчиси қатнашди. Улардан 75 нафари вилоят босқичига йўлланма олди.
– Ўтган йили лойиҳамизда 130 битирувчи қатнашган, улардан 75 нафари имтиёзли кредит олиш учун сертификатларни қўлга киритган эди, – дейди партия вилоят Кенгаши ёшлар билан ишлаш бўлими мудири Мусахон Юсуфжонов. – Натижада биргина шу лойиҳа доирасида вилоят бўйича 40 дан ортиқ иш ўрни яратилганди. Бу йил лойиҳамизнинг қамрови ўтган йилгидан анча кенг ва ундан кутаётган натижалардан ҳам шунга яраша.
Лойиҳа доирасидаги ўқув машғулотларида иштирокчилар ўз бизнес режаларини яна бир бор пухта таҳлил этиш, соҳа мутахассисларнинг кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни йўлга қўйиш ва мунтазам ривожлантириб боришга доир маърузаларини тинглаш имкониятига эга бўлди. Шу билан бирга, уларга кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг банк муассасалари томонидан молиялаштирилишининг ҳуқуқий асослари, кредитларни расмийлаштириш жараёнлари тўғрисида батафсил маълумотлар берилди. Амалиёт дарслари эса баҳс ва очиқ мулоқот тарзида ўтказилди.
– Вилоятимизда 107 та касб-ҳунар коллежи ва академик лицей бор, – дейди вилоят ўрта махсус касб-ҳунар таълими бошқармаси вакили Зоҳиджон Холмирзаев. – Бир неча йилдирки, O‘zLiDeP Наманган вилоят Кенгаши билан ҳамкорликда турли лойиҳалар ўтказиб келяпмиз. “Диплом билан бизнесга” лойиҳаси касб-ҳунар коллежлари ўқувчиларида катта қизиқиш уйғотаётгани ундаги иштирокчилар сони йил сайин ошиб бораётганида ҳам кўринмоқда.
Икки кунлик ўқув машғулотлари якунида ҳар бир иштирокчи ўз бизнес режаси тақдимотини ўтказди. Шундан сўнг вилоят босқичида қатнашган битирувчиларга тижорат банкларининг кредит олиш ҳуқуқини берувчи сертификатлари топширилди.
– Ёшлигимдан чеварликка ҳавасим бор, – дейди Наманган шаҳар педагогика коллежи талабаси Дилфуза Исманова. – Лойиҳада ҳам шу йўналишдаги бизнес режам билан қатнашдим. Қувончим чексиз, чунки мен ҳам имтиёзли кредит олиш учун сертификатга сазовор бўлдим. Энди бизнес режамни амалга ошириб, тенгқурларимни иш билан таъминлашга баҳоли қудрат ҳисса қўшмоқчиман.
Норин қурилиш касб-ҳунар коллежи талабаси Мардондек Мўминовнинг чорвачиликни ривожлантириш бўйича бизнес режаси ҳам юқори баҳоланди. Энди у имтиёзли кредит олиб, кичикроқ бўлса ҳам чорвачилик фермаси ташкил этиш имкониятига эга бўлди.
“Биз сингари талабаларга шундай имкониятларни яратган Ўзбекистон Либерал-демократик партиясига ўз миннатдорлигимни билдираман”, – дейди Мардонбек.
Комилжон ФАЙЗИЕВ,O‘zLiDeP Наманган вилоят Кенгаши Матбуот хизмати ходими
Обсудить новость на Форуме