11:30 05.02.2013 | Все новости раздела "Либерально демократическая партия Узбекистана"

КИЧИК БИЗНЕС БИЛАН КАТТА ҲАЁТГА ҚАДАМ ҚЎЯЁТГАНЛАР

O`zLiDeP Сирдарё вилоят кенгаши Ёшлар билан ишлаш бўлими мудири Дилшод Тўрақуловнинг таъкидлашича, 2012 йили «Ёшлар қаноти»нинг «Ишбилармон ўқувчи» ҳамда «Диплом билан — бизнесга» лойиҳаларида иштирок этган ёшлар имтиёзли кредитлар эвазига ўз бизнесини йўлга қўйишга муваффақ бўлдилар. Энг муҳими, ишбилармонликка қўл урган навқирон авлод вакилларининг аксарияти қисқа вақт мобайнида олинган кредитларни қайтаришга ҳам эришдилар. Эндиликда улар молия муассасалари билан ҳамкорликда янада каттароқ лойиҳаларни амалга ошириш мақсадида янгидан-янги таклифларни илгари сурмоқдалар. Шу муносабат билан мухбиримиз сирдарёлик бир гуруҳ ёшларнинг O`zLiDeP лойиҳалари хусусидаги фикрлари билан қизиқди. Ислом НЕЪМАТОВ, Гулистон шаҳридаги 1-академик лицей талабаси: – O`zLiDePнинг «Диплом билан — бизнесга» лойиҳасида «Аҳолига интернет орқали замонавий ахборот хизмати кўрсатиш»га оид бизнес-режам билан қатнашган эди. Унда темирйўл транспорти жадваллари ва нархлари, вакант иш ўринлари ва уларнинг манзиллари, вилоятда сотувга қўйлган кўчмас мулклар (савдо дўконлари, уй-жойлар ва бошқа объектлар) ҳақида тўлиқ маълумотларни жамладим. Лойиҳа доирасидаги ўқув-семинарлар пайтида бизнес-режа тақдимотини ҳам ўтказдим. Ҳакамлар ҳайъатига бу ғоя маъқул келгач, 3 миллион сўм миқдорида имтиёзли кредит олдим. Айни пайтда замонавий компьютерлар билан ўз фаолиятимни кенгайтираяпман.
Ҳулкар ЮЛДАШЕВА, Янгиер шаҳридаги тиббиёт коллежи битирувчиси:– «Диплом билан — бизнесга» лойиҳасининг махсус сертификати асосида «Микрокредитбанк»нинг Сирдарё филиалидан 5 миллион сўм имтиёзли кредит олдим. Ундан оқилона фойдаланишимда бизнес-режамни қўллаб-қувватлаган партия фаоллари, тадбиркорлар яқиндан ёрдам беришди. Натижада, Янгиер шаҳрида кичик тикувчилик цехи очдим. Бундан ташқари, 4 нафар тенгдошимни ҳам иш билан таъминладим. Энди яна кредит олиб, қўшимча тикув машиналари харид қилмоқчиман. 

Илёс ҲАСАНОВ, Гулистон шаҳридаги Ахборот технологиялари касб-ҳунар коллежи битирувчиси:– Мен спорт машғулотлари билан шуғулланишга кўмак берадиган тренажер марказини очиш ниятида эдим. O`zLiDeP лойиҳасида иштирок этишим орзуимни амалга оширишга имкон берди. Натижада, «Илёсбек Кафолат Файз» хусусий корхонасини ташкил қилдим. Эндиликда «Тадбиркорлик фаолияти эркинликлари кафолатлари тўғрисида»ги ва бошқа қонун ҳужжатларида яратилган имкониятлардан фойдаланиб ўз ишимни кенгайтирмоқчиман. Бу борада менга «Диплом билан — бизнесга» лойиҳасида ғолиб бўлганим қўл келди. Чунки айни шу тадбир доирасидаги ўқув-семинарларда иштирок этиб, «Қишлоққурилишбанк»нинг 20 миллион сўмлик узоқ муддатли имтиёзли кредитини олдим.
Шуҳрат РАҲИМОВ «XXI asr»  

Источник: Либерально демократическая партия Узбекистана

  Обсудить новость на Форуме