12:49 26.09.2011 | Все новости раздела "Либерально демократическая партия Узбекистана"
КАМЧИЛИКЛАРДАН ХУЛОСА ЧИҚАРИЛИШИ КЕРАК
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Ахборот ва коммуникация технологиялари масалалари қўмитасининг кенгайтирилган йиғилишида Бухоро ва Навоий вилояти мутасаддилари қонунлар ижроси тўла таъминланишига ваъда бердилар.
“Ахборот олиш кафолатлари ва эркинлиги тўғрисида” ҳамда “Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида”ги қонунлар ижроси муҳокама қилинган йиғилишда Юртбошимизнинг “Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш Концепцияси”да оммавий ахборот воситалари эркинлигини янада ошириш, давлат ҳокимияти органлари очиқлигини таъминлаш ва улар устидан жамоатчилик назоратини ўрнатиш борасида бир қатор вазифалар белгилаб берилгани алоҳида таъкидланди. Шундан келиб чиқиб, мазкур масала қўмитанинг ишчи гуруҳи томонидан Бухоро ва Навоий вилоятларидаги 328 та давлат ва хўжалик бошқаруви органлари ҳамда маҳаллий ҳокимликлар тизимида атрофлича ўрганиб чиқилди. Йиғилишда қатор идора ва ташкилотларда ахборот хизмати фаолияти талаб даражасида йўлга қўйилгани, фуқароларнинг ахборот олиш ҳуқуқи кафолатланиб, қонун ҳужжатлари ва тегишли ахборотлар веб-сайтларга жойлаштирилаётгани ҳамда оммавий ахборот воситаларида кенг ёритилаётгани таъкидланди. Шунингдек, ишчи гуруҳи ҳар икки вилоятда ҳам ахборот эркинлигининг асосий принциплари ҳисобланган очиқлик ва ошкоралик, ахборотдан эркин фойдаланиш ва ҳаққонийлик сингари тамойиллар таъминланаётганини эътироф этдилар.
Хусусан, Бухоро вилоятидаги ташкилот, идора ва муассасаларда ахборот хизматларини ташкил этиш бўйича самарали ишлар амалга оширилган, вилоят ҳокимлигининг веб-сайти янги ахборотлар билан изчил бойитиб борилмоқда. Ґокимлик тизимидаги барча бўлим ва бошқармалар ўртасида шаҳар ва туман ҳокимликлари билан электрон алоқа ўрнатилган. Бу эса ҳокимлик веб-сайтининг республикадаги энг юқори кўрсаткич (90,7 балл)да ишлашига имкон яратмоқда. Бироқ йиғилишда қонунлар ижросини таъминлашда айрим камчиликларга йўл қўйилаётгани ҳам тилга олинди.
Жумладан, Савдо-саноат палатасининг вилоят ҳудудий бошқармаси фаолияти ўрганилганда, ижобий ишлар баробарида қатор камчиликларга ҳам йўл қўйилган. Хусусан, бошқармада ахборот хизмати ташкил этилмаган. Бу эса ҳудуддаги тадбиркорлик субъектларини зарур маълумотлар билан таъминлаш ҳамда улар мурожаатига етарли жавоб қайтариш имкониятини чегараламоқда. Натижада жорий йил бошидан қайд этилган 291 та мурожаатнинг бор-йўғи 83 тасига жавоб қайтарилган, холос.
Вилоят Соғлиқни сақлаш бошқармасида ахборот хизмати ташкил этилган бўлса-да, уни юритиш учун махсус ходим ажратилмаган. Бошқарма веб-сайтидаги ахборотларни шакллантириш, жойлаштириш ва янгилашга ҳам масъул шахс тайинланмаган. Натижада веб-сайт фаолиятида узилишлар кузатилмоқда.
«Камолот» ёшлар ижтимоий ҳаракати Бухоро вилоят кенгашида эса ахборот хизмати юритиш кенгашнинг маданият ва маърифий ишлар бўлими мудири зиммасига қўшимча иш сифатида юклатилган. Шу ўринда «Камолот»чиларнинг ишчи гуруҳига ахборот хизмати ишини ташкил этишга оид ҳужжатлар тақдим этмаганини таъкидлаш жоиз. Ташкилотнинг фуқаролар мурожаати билан ишлаши ҳам қонун талабларига жавоб бермайди. Жорий йил бошидан буён фуқаролардан тушган 11 та мурожаат фақат рўйхатга олинган. холос. Мурожаатлар бўйича кўрилган натижалар тўғрисида эса ҳеч қандай маълумот йўқ.
Қўмита ишчи гуруҳи туман ҳокимликлари нашрларининг фаолияти билан ҳам қизиқди. Маълум бўлишича, ўиждувон туман ҳокимлигининг «ўиждивон» газетаси саҳифаларида туман ижтимоий-иқтисодий ва маънавий ҳаётига оид мақолалар мунтазам эълон қилинмоқда. Аммо уларнинг аксарияти журналистиканинг фақат бир жанрига оид мақолалардир. Мазкур нашр ўз босмахонасига эга бўлишига қарамай, унинг имкониятларидан етарлича фойдаланилмаяпти. Оммавий ахборот воситалари соҳасига бозор механизмларини жорий қилиш бугунги кундаги энг долзарб вазифага айланган бир пайтда, таҳририят ҳам ички имкониятларини тадбиркорликка ҳам йўналтирса, мақсадга мувофиқ бўларди. Бу эса унинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, аҳолининг ахборотга бўлган эҳтиёжини қондиришни яхшилашга хизмат қилади.
Йиғилишда вилоятдаги 42 та омавий ахборот воситасининг 14 таси ёхуд 33 фоизи тадбиркорлик субъекти сифатида давлат рўйхатидан ўтгани таъкидланди. Бу кўрсаткич республика миқёсида 54 фоизни ташкил этаётгани ҳисобга олинса, вилоятда нодавлат ОАВ сонини ошириш ва уларни қўллаб-қувватлаш ишларини янада кучайтириш лозимлиги аён бўлади. Йиғилишда вилоят ҳокимининг иқтисодий ва ижтимоий ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари Х.Ғоиров иштирок этиб, депутатларнинг саволларига жавоб қайтарди.
Юқоридаги қонунларнинг Навоий вилоятидаги ижроси таҳлиллари ҳам талаб даражасида эканини кўрсатди. Хусусан, ҳокимлик ахборот хизмати томонидан матбуот конференциялари ва брифинглар ташкил этиш, оммавий ахборот воситалари билан ўзаро ҳамкорлик, уларни керакли ахборотлар билан таъминлаш, идоралар фаолиятига нисбатан жамоатчилик фикрини мониторинг қилиш ишлари белгиланган режа асосида олиб борилмоқда. Вилоят ҳокимлиги аппаратидаги барча компьютерлар ички ва Интернет глобал тармоғига уланган.
Эътиборли жиҳати шундаки, вилоятда маҳаллий нашрларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлашга ҳам алоҳида эътибор қаратилаётир. Хусусан, ҳокимлик муассислигидаги «Дўстлик байроғи» ва «Знамя дружбы» газеталарининг умумий тиражи 52 минг нусхани ташкил этмоқда. Бу республика миқёсидаги энг юқори кўрсаткичдир.
Йиғилишда ана шундай ютуқларга қарамай, Навоийда ҳам айрим камчиликлар аниқлангани таъкидланди. Вилоят ҳокимининг иқтисодий ва ижтимоий ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари С.Самадовнинг таъкидлашича, айни кунда ишчи гуруҳи томонидан аниқланган нуқсонларни бартараф этиш чоралари кўрилмоқда. 200 дан зиёд муассаса, ташкилот ва идоралар фаолияти ошкоралигини таъминлаш мақсадида уларнинг веб-саҳифаларини яратиш, ахборот хизматлари ташкил этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилаётир.
Йиғилиш якунида вилоят мутасаддиларига фуқаролар учун ахборотлар билан танишиб чиқиш имкониятини тўлиқ яратиш ва ахборот хавфсизлигини таъминлаш каби ҳуқуқий меъёрлар бўйича тавсиялар берилди.
Манба: «XXI asr»
Обсудить новость на Форуме