20:15 28.11.2013 | Все новости раздела "Либерально демократическая партия Узбекистана"
КЎРИК ТАНЛОВ ҒОЛИБЛАРИ НОМИ АНИҚ БЎЛДИ
O‘zLiDeP “Обод турмуш йили” Давлат дастури, партия Дастури ва Сайловолди платформаси ижросини таъминлаш, ёшларнинг ижтимоий фаоллигини ошириш, уларнинг касбий, ижодий ва хизмат поғоналаридан ўсиши учун имкониятлар яратиш, уларни тадбиркорлик фаолиятига кенг жалб қилиш борасида тизимли ишларни ташкил этишга алоҳида эътибор қаратган. Ушбу мақсадда бир қатор партиявий лойиҳалар ишлаб чиқилиб, изчил амалга оширилмоқда. Айниқса, ёшларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, уларнинг мамлакатимиз келажагини яратиш йўлидаги изланишлари, тадбиркорлик ва ишбилармонлик кўникмаларини мунтазам чуқурлаштириб ҳамда рағбатлантириб бориш партия ёшлар сиёсатининг устувор йўналишларидан ҳисобланади. 2004 йилдан буён анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган “Ишбилармон талаба” кўрик танлови ҳам фикримиз далилидир.
Академик лицей ва касб-ҳунар коллежлари ўқувчилари ўртасида “Ишбилармон талаба-2013” стипендияси учун кўрик танловнинг 25-26 ноябрь кунлари бўлиб ўтган республика босқичи жорий йилги беллашувларга ҳақиқий маънода якун ясади, дейиш мумкин.
Тадбирда партиянинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси аъзолари, O‘zLiDeP “Ёшлар қаноти” фаоллари, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридан мазкур танловнинг республика босқичига йўлланма олган ёшлар иштирок этди.
- Бу танлов академик лицей ва касб-ҳунар коллежлари ҳаёти ва фаолиятига кириб бориш баробарида ўқувчиларни партия ҳаракат дастурларидан бохабар этиш орқали тарафдорлар сафини янада кенгайтириб боришда самарали восита бўлиб хизмат қиляпти, - дейди Қонунчилик палатасидаги O‘zLiDeP фракцияси аъзоси Насим Алимов. - Жорий йилда ҳам лойиҳанинг туман, шаҳар, вилоят босқичлари муваффақиятли ўтказилди. Танлов иштирокчилари нафақат суҳбат ва тест синовлари орқали ахборот алмашди, балки интерфаол мулоқотларда ўз инновацион лойиҳа ва ташаббусларини иқтисодиётнинг реал секторига жорий этиш бўйича янги таклифларини билдирди. Бундан ташқари, уларга соҳага доир кўникмалардан тўла хабардор бўлиб, ишлаб чиқариш, якка тартибдаги меҳнат фаолияти, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш, янги иш ўринларини яратиш, микромолиявий хизматлар кўрсатишнинг афзалликлари каби масалаларда билимларини ошириш учун зарур шароитлар яратилди.
O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси Ёшлар билан ишлаш бўлими етакчи консультанти Баҳодир Кўчаровнинг сўзларига кўра, жорий йилда ушбу лойиҳада мамлакатимиз бўйича 6 мингга яқин талаба фаол иштирок этди. Вилоятлар миқёсида энг яхши деб топилган 3 нафардан иштирокчи республика босқичида қатнашиш ҳуқуқини қўлга киритди.
Ташкилотчилар сўнгги босқични кўтаринки руҳда ўтказиш учун пухта ҳозирлик кўрди. Тадбирнинг очилиш маросимидан сўнг иштирокчиларнинг кўргазмаси намойиш этилди. Ҳакамлар ҳайъати ҳар бир иштирокчининг ишини баҳолаб борди. Шу билан бирга, қуйи босқичларда қатнашган номзодлар тўғрисидаги ҳужжатлар ҳам ҳар томонлама ўрганилди.
- Ёшларнинг жамиятда ўз ўрнини эгаллашига яқиндан кўмаклашиш, ривожланган бозор муносабатларига асосланган давлат қурилиши ва бошқарувида, фуқаролик жамиятини шакллантиришда фаол иштирок этишга тайёр йигит-қизларни тарбиялаш, уларга шарт-шароитлар яратиб бериш, иқтисодий ва ҳуқуқий билимларини оширишга кўмаклашиш каби масалалар ташкилотчиларнинг диққат марказида бўлгани мени қувонтирди, - дейди Яккабоғ туманидаги саноат ва хизмат кўрсатиш касб-ҳунар коллежи талабаси Гулзода Мейлиева. - Бувим миллий ва босма кашта тиккан. Шу боис ҳам ёшлигимдан бу ҳунарга қизиқишим баланд бўлган. O‘zLiDeP аъзоси сифатида бир неча йиллардан буён партиянинг турли тадбирларида қатнашиб келаман. Бу йил “Ишбиламон талаба” лойиҳасининг Қашқадарё вилояти босқичида биринчи ўринни олдим. Не бахтки, республика босқичида ҳам 1-ўринга муносиб кўрилдим. Бугунги тадбир учун O‘zLiDeP ва ҳамкор ташкилотларга ўз миннатдорлигимни билдираман.
Фарғона шаҳридаги имкониятлари чекланган шахслар учун ихтисослаштирилган республика касб-ҳунар коллежи талабаси Ўғилой Жўраеванинг айтишича, ҳайъат аъзолари иштирокчиларнинг тадбиркорлик ва ишбилармонлик кўникмаларини қай даражада ўзлаштиргани, замонавий ахборот ва компьютер технологиялари ҳамда интернет хизматидан фойдаланиш борасидаги билимлари, қишлоқ хўжалиги ва ишлаб чиқариш соҳасини ривожлантириш борасида ишлаб чиққан инновацион лойиҳалари, иштирокчининг ўзлаштириши, партия фаолиятидаги фаол иштироки, намунали хулқи, етакчилик қобилияти, ёшлар билан ишлай билиши каби жиҳатларига алоҳида эътибор қаратди.
“Танловнинг республика босқичида 1-ўрин соҳибасига айландим. Гарчи имкониятларим чекланган бўлса-да, қўл меҳнати билан шуғулланишни яхши кўраман. Бесер мунчоқлари ёрдамида турли хил дарахтлар, табиат ҳодисаларини акс эттириш севимли машғулотим. Ҳунаримни бизнес даражасига етказганман. Шунингдек, имкониятлари чекланган шахслар учун тўгарак ташкил этганман. Ушбу тўгаракка ўзимдек ёшлар қатнашади. Мақсадим уларнинг ҳаётга бўлган қизиқишини янада кучайтириш ҳамда маълум бир фаолият тури билан шуғулланиши учун замин ҳозирлашдан иборат”, - дейди Ў.Жўраева.
Андижон вилоятининг Олтинкўл туманидаги иқтисодиёт коллежи талабаси Дурдона Ғофурова кўрик танловда суперинтенсив усулда балиқ парваришлашни оммалаштиришга бағишланган иши билан иштирок этди.
Унинг билдиришича, кичик сув ҳавзаларида балиқ етиштириш сув ресурсларини тежашга хизмат қилади. Лойиҳада фермерлар дала шийпони ёнидаги ҳовузларда балиқ боқиб, кўпроқ даромад олиши бўйича тавсиялар бор. Чунки оқова сув жамланадиган ҳовузларда балиқ боқиш осон кечади. Сабаби, экинзордан оқиб чиқаётган сувлар минерал ўғитлар билан бирмунча тўйинган бўлади. Бундай сувларда балиқ боқиш кўп ҳаражат талаб этмайди. Ҳовузларда ўсимликхўр ва карп балиқларини етиштириш мақсадга мувофиқ. Д.Ғофурованинг иши ҳакамлар ҳайъати томонидан маъқулланиб, у ҳам 1-ўринга лойиқ кўрилди.
- Бугун Юртбошимиз раҳнамолигида ёшларга қаратилаётган юксак эътиборни ҳар биримиз чуқур ҳис этмоқдамиз, - дейди танлов ғолибларидан бири, Республика телевидение ва радио каб-ҳунар коллежи талабаси Гавҳар Ҳайдарова. – Буни биз “Ишбилармон талаба” лойиҳасининг қуйи босқичларида олиб борилган ишларнинг самараси ҳамда эришилган натижаларда ҳам кўрмоқдамиз.
Кўрик танлов ғолиблари қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди.
Тадбир иштирокчилари пойтахтимиздаги “Шаҳидлар хотираси” майдонини ҳам зиёрат қилди ва Ўзбекистон давлат музейига ташриф буюрди.
O‘zLiDeP Матбуот хизмати
Обсудить новость на Форуме