13:00 30.08.2013 | Все новости раздела "Либерально демократическая партия Узбекистана"

КЎНГИЛЛАРДА – ИСТИҚЛОЛ ШУКУҲИ!

 Умида Рустамова,O‘zLiDeP Бухоро вилоят кенгаши депутатлар билан ишлаш сектори етакчи консультанти   Мустақиллик – энг улуғ, азиз неъмат. Бугун биз эришган, эришажак юксак марралар, руҳ ва дил тантанаси, озод ва обод Ватанимиз манзаралари, аввало, Истиқлол шарофатидандир. Шу боис, халқимиз ҳар йили Мустақиллик байрамини ўзгача шукуҳ, меҳр-муҳаббат, хуш кайфият билан кутиб олади. Шу кунларда мамлакатимизда “Қадр-қимматим, таянчим ва ифтихоримсан, мустақил Ўзбекистон!” шиори остида ўтказилаётган маънавий-маърифий тадбирларда мустақиллик ҳар бир юртдошимиз учун бебаҳо неъмат эканини юракдан ҳис этмоқдамиз. Ана шундай лаҳзаларда озодлик, бугунги саодатли кунлар ўз-ўзидан келмагани, истиқлолга тинимсиз курашлар орқали эришилганини кўнгилдан ҳис этасан киши.Мустақил Ватанимиз босиб ўтган 22 йил тарихан қисқа муддат бўлишига қарамай, халқимиз, миллатимиз ва давлатимиз тақдирида беқиёс аҳамият касб этмоқда. Бугунги кунда мамлакатимиз ҳаётининг бирор-бир жабҳаси йўқки, унда мустақилликнинг ўрни, аҳамияти ва шукуҳи сезилмаса, жамиятимизнинг бирор-бир аъзоси йўқки, унинг ҳаётида истиқлолнинг ижобий самараси, ҳаётбахш таъсири из қолдирмаган бўлса. Бинобарин, мустақиллик биз учун шу қисқа муддатда бугунги тинч ва осуда ҳаётимиз, тўкин ва фаровон дастурхонимиз, халқаро майдондаги нуфуз ва эътиборимизнинг бош мезонига айланди. Ушбу ғурур ва ифтихор туйғуси эса унинг қўлга киритилиши ва мустаҳкамланишига барчамиз ва ҳар биримиз дахлдор эканимиз билан янада теран, янада маънодордир. Мустақил Ўзбекистон бугун дунё ҳамжамиятининг тенглар ичра тенг аъзосига айланиб улгурди. Давлатимиз раҳбарининг оқилона сиёсати мамлакатимизнинг ҳар жабҳада барқарор тараққиётини таъминламоқда. Кўз ўнгимизда содир бўлаётган бундай ўзгаришларни кўриб, кўксимизда жўш ураётган келажакка ишонч руҳи ҳар биримизни янги уфқ ва тараққиёт сари чорлайди.Мустақиллик кунини кенг нишонлаш истиқлол йилларида  муҳим ижтимоий-сиёсий воқеага, қутлуғ анъанага айланди. Ҳар йили бу муборак айёмга тайёргарлик кўриш ва уни юқори савияда, кўтаринки руҳда  нишонлаш учун давлатимиз раҳбари томонидан алоҳида қарор қабул қилиниши ҳам бу борадаги ишларимизни ҳар гал янги босқичга кўтаришга қаратилгани билан эътиборлидир.   Президентимизнинг “Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг йигирма икки йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида кўҳна ва ҳамиша навқирон Бухоро заминида ҳам қизғин тайёргарлик ишлари олиб борилмоқда. Жойларда ўтказилаётган кўплаб учрашув ва суҳбатларда, пойтахтдан вилоятимизга ташриф буюрган таниқли шоир, ёзувчи ва санъаткорлар иштирокидаги байрамолди тадбирлари давомида мустақиллик эркин ва бахтли яшаш ҳуқуқи,  инсон ҳуқуқ ва эркинликлари, унинг қонуний манфаатларини таъминлашнинг бош омили эканлиги қайта-қайта эътироф қилинаётир. Халқимиз, ёшларимизнинг онгу шуурига мустақилликнинг моҳияти ва аҳамиятини, қадри ва баҳосини янада чуқур сингдириб боришда O‘zLiDeP электорати саъй-ҳаракати ҳам муҳим аҳамият касб этади.Бугунги кунда ҳар биримиз юксак ғурур ва ифтихор билан англашимиз лозимки, тарихан қисқа давр давлатимиз учун ижтимоий-иқтисодий, сиёсий-ҳуқуқий соҳаларда, айниқса, давлат ва жамият қурилиши борасида ҳар томонлама ривожланиш ва юксалиш даври бўлди. Мамлакатни ислоҳ этиш стратегиясининг ишлаб чиқилиши ва амалга оширилиши барқарор тараққиётимизни узоқ йилларга таъминлади. Энг муҳими, Мустақиллик халқимизнинг ўз тақдирига эгалик қилиш ҳуқуқи, юртимиз бойликларидан Ватанимиз манфаатлари йўлида фойдаланиш имконияти экани бугунги кунда барчамиз англаган ҳақиқатдир. Мана шу саъй-ҳаракатлар туфайли бугун мамлакатимиз дунё ҳамжамиятида муносиб ўрин эгаллади. Истиқлол йилларида босиб ўтилган тарихий йўлимиз ва эришилган ютуқларимиз шу қадар улканки, улар жонажон Ўзбекистонимиз Мустақиллик даврининг бой ва сермазмун тарихини ташкил этади.Мен мустақиллик йилларида ўсиб-улғайдим. Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси сафида фаолият олиб бораётган ҳамкасбларим қатори ушбу сиёсий тузилманинг дастури ва Сайловолди Платформасида белгилаб берилган устивор вазифалар ижросини таъминлашга, партиянинг дастурий ғоя ва мақсадларини амалга оширишга сезиларли ҳисса қўшиш учун ўзимнинг бутун куч-ғайратим, билим ва имкониятларимни  сафарбар этишни асосий вазифам, виждоний бурчим ва қалб даъватим, деб биламан.Айни шодиёна дамларда барчамиз юртимизда юз бераётган ҳар бир ўзгариш, амалга оширилаётган ҳар қандай эзгу иш, ташаббус, у қайси соҳада бўлишидан қатъий назар, тинчлик ва осойишталик, бирлик ва ҳамжиҳатликнинг меваси эканига амин бўлиб турибмиз. Зеро, тупроғи олтинга тенг жонажон Ўзбекистонимизнинг қалби дарё, меҳнаткаш халқига бугунгидай улуғ байрамлар ярашади.  

Источник: Либерально демократическая партия Узбекистана

  Обсудить новость на Форуме