21:30 18.01.2013 | Все новости раздела "Либерально демократическая партия Узбекистана"

Юксак ишончни оғир меҳнат билангина оқлаш мумкин

Маълумки, мустақиллик туфайли мамлакатимизда мулк ва мулкдорларга бўлган муносабат тубдан ўзгарди. Агар 1991 йили хусусий секторнинг ялпи ички маҳсулотдаги улуши атиги 1 фоиз атрофида бўлса, эндиликда бу рақам 54 фоизни ташкил этмоқда.  Эътиборлиси,  ялпи ички маҳсулотнинг 82,5 фоизи, саноат маҳсулотларининг 91, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг 100 фоизга яқини нодавлат сектор томонидан ишлаб чиқарилаяпти. Ана шу жараёнда электоратимиз вакилларининг катта қисмини ташкил этувчи хотин-қиз тадбиркорлар алоҳида жонбозлик кўрсатаётгани эътиборга сазовордир.  Бу  мустақилликнинг  дастлабки йиллариданоқ, хотин-қизларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатлари давлатимиз томонидан муҳофаза этилаётгани, улар қобилияти, истеъдодларини рўёбга чиқариш орқали сафдошларимизнинг жамиятдаги мавқеини юксалтиришга катта аҳамият қаратилаётганининг амалий самарасидир. Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, ушбу жараёнда Ўзбекистон Либерал-демократик партиясининг «Аёллар қаноти» ҳам барча имкониятлардан самарали фойдаланишга ҳаракат қилмоқда. — Партиянинг 2012 йилга мўлжалланган вазифалари ижросини таъминлашда «Аёллар қаноти» асосан нималарга эътибор қаратди?— Маълумки, «Мустаҳкам оила йили»да, «Оилавий тадбиркорликдан — мустаҳкам оилага», «Тадбиркорлик тамойиллари ва ишбилармонлик имкониятлари», «Соғлом оила — мустаҳкам оила» сингари йирик лойиҳалар доирасида 3 мингдан ортиқ давра суҳбатлари, учрашув ва семинар-тренинглар ташкил этилиб, уларда 140 мингга яқин хотин-қизлар иштирок этди. «Обод турмуш йили»да эса олтита йирик лойиҳани амалга оширишни режалаштираяпмиз.  Ушбу лойиҳалар мамлакатимизда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни янада ривожлантириш, ўрта қатлам вакиллари фаолиятини самарали ташкил этиш учун қулай шароит яратиш, аҳоли, аввало, ёшлар ва аёлларда тадбиркорлик кўникмалари ва ҳуқуқий малакасини ошириш масалаларини ҳал этишга қаратилади. Ушбу вазифаларни амалга оширишда юқорида таъкидлаганимдек, асосий эътибор иқтисодиётнинг инновацион шаклига қаратилади. Шу боис «Хотин-қизлар инновацион ривожланиш тарафдори», «Кичик бизнес, тадбиркорлик ва инновацион технологиялар», «Замонавий юқори технология ва инновацияларни жалб қилиш – мамлакатни тубдан модернизациялаш ва иқтисодиётини диверсификациялаш» мавзуларида туркум семинарлар ва давра суҳбатлари ташкил этишга ҳозирлик кўраяпмиз. Албатта, иқтисодиётнинг инновацион турини кенг кўламда ташкил этиш осон эмас. Шу боис, олий ўқув юртлари қошида фан ва ишлаб чиқаришни рағбатлантириш учун технопарклар яратиш, йирик саноат корхоналарида илмий марказлар ташкил қилиш, венчур корхоналари яратилишига амалий кумаклашиш усун комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш кўзда тутилмоқда. Бунда партиямиз  фаоллари, депутатлар кўмагига суянамиз, албатта.— Айни пайтдаги энг муҳим вазифалар нималардан иборат, деб ҳисоблайсиз? — Сафларимизни садоқатли, Ватанга фидойи, жамиятда ҳурмат-эътибор қозонган ҳамда вакиллик ва ижро ҳокимияти органлари, жамоатчилик ташкилотлари фаолиятида ташаббус кўрсата оладиган аёллар билан тўлдириш долзарб вазифалардан, деб ҳисоблайман. Бунда «Замонавий аёл – бунёдкор етакчи» лойиҳасидан унумли фойдаланиш кўзда тутилган. Жумладан, демократик янгиланиш ва мамлакатни модернизация қилиш жараёнларида аёллар иштирокини кенгайтириш бўйича минтақавий семинар-тренингларни ташкил этиш, улар якунида «Аёлларнинг мамлакатимиз ижтимоий-иқтисодий ҳаётидаги ва фуқаролик жамиятини шакллантиришдаги иштирокини фаоллаштириш» мавзуида республика анжуманини ўтказиш белгиланган. Шунингдек, ОАВда замонавий аёл – тадбиркор, фермер, интеллектуал мулк эгаси образини шакллантириш бўйича медиа-лойиҳани амалга оширишга ўтган йилдан буён жиддий тайёргарлик кўраяпмиз. Бу тадбирларни O’zLiDePнинг дастурий вазифаларини амалга оширишда фаол иштирок этаётган тадбиркор, фермер аёллар, интеллектуал жиҳатдан кучли опа-сингилларимиз ўртасида ўтказиш режалаштирилган.Ўйлайманки, мазкур лойиҳалар доирасидаги ишларимиз «Обод турмуш йили» Давлат дастуридаги устувор вазифаларни амалга оширишда аёлларнинг янада кенгроқ иштирок этишларини таъминлашга хизмат қилади.Ўрни келганда, Юртбошимизгинг “Ватанимиз тараққиёти, халқимиз фаровонлигини янада юксалтиришга қаратилган барча режа ва дастурларимиз ва уларни амалга ошириш ҳақида гапирганда, бир ҳақиқатни такрор ва такрор айтишни истардим – ўз олдимизга қўйган эзгу мақсад-муддаоларимизга етишда мен сиз, азиз аёллармизни асосий таянчим ва суянчим, энг яқин маслакдошларим деб билганман ва бундан буён ҳам шу фикрда қоламан”, деган илхомбахш сўзлари бизни янада улкан вазифаларга даъват этаётганини алоҳида таъкидлашни истардим.    
Наргиза ҚАҲҲОРОВА суҳбатлашди
“XXI-asr” ижтимоий-сиёсий газетаси
 

Источник: Либерально демократическая партия Узбекистана

  Обсудить новость на Форуме