17:15 23.08.2013 | Все новости раздела "Либерально демократическая партия Узбекистана"
ЮТУҚЛАРИМИЗНИ ДУНЁ ТАН ОЛМОҚДА
O‘zLiDeP фаоллари томонидан “Қадр-қимматим, таянчим ва ифтихоримсан, мустақил Ўзбекистон!” шиори остида ўтказилаётган тадбирларнинг навбатдагиси Гулистон шаҳрида бўлиб ўтди. Унда O‘zLiDePнинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси аъзолари, маҳаллий кенгашлар депутатлари, партия фаоллари, электорат вакиллари иштирок этди. Мавзу юзасидан дастлаб O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси раиси М.Тешабоев маъруза қилди. - Барчамизга сир эмаски, ҳозирги ахборот асри ва глобаллашув даври, дея аталаётган XXI aсрнинг умумбашарий муаммолари, жумладан, иқтисодий-ижтимоий барқарорлик масалалари тобора долзарблашиб бораётган шу кунларда дунё ҳамжамиятининг асосий эътибори аҳоли бандлигини таъминлаш, айниқса, ёшлар ва аёллар учун муқим иш ўринлари яратиш, 2008 йилдан буён давом этаётган жаҳон молиявий-иқтисодий инқироз оқибатларини бартараф этишга қаратилган,- деди М.Тешабоев. – Шундай бир пайтда она Ватанимизда бир неча ўн йилликларга мўлжалланган улкан лойиҳалар, давлат дастурлари қабул қилинаётгани Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида истиқлолнинг дастлабки даврлариданоқ тўғри йўл танланганини яна бир бор кўрсатиб турибди. Буни ҳатто халқаро экспертлар, дунёнинг кўзга кўринган сиёсатчилари ва давлат арбоблари ҳам эътироф этмоқда. Тадбирда мамлакатимиз мустақиллигининг шаклланиши, ривожланиши, ўтган йиллар давомида эришилган ютуқларга бағишланган “Ислоҳотчи раҳбар феномени”, “Дунё эътироф этаётган тараққиёт йўли”, “Бу муқаддас Ватанда азиздир инсон”, “Мустақиллик берган бахт” каби мавзуларда маърузалар қилинди.“Биз бугун улкан ўзгаришлар, ҳаётимизни обод қилаётган амалий ишлар ва янги орзу-интилишлар даврида яшамоқдамиз. Мустақиллик жамиятимизни яратувчилик мақсадларига сафарбар этиб, унинг тараққиётига қудратли туртки ва рағбат бермоқда. Буларнинг барчаси меҳнаткаш ва меҳмондўст халқимизнинг юртимизнинг эртанги кунига бўлган ишончини тобора мустаҳкамламоқда. Шахсан мен партиянинг бир фаоли, ишбилармон-тадбиркор сифатида ватанимизнинг келажаги буюклигига ишонаман ва шу Ватан равнақига ҳисса қўшиш учун бор имкониятларимни ишга соламан”,- дейди партия Боёвут туман кенгаши раиси Саодат Қорабоева.Дарҳақиқат, халқимиз ўтган даврдаги турли синов ва қийинчиликларга қарамай, ўзининг мустаҳкам иродаси, қатъият ва матонати, истиқлол ғояларига садоқатини намоён этиб, жаҳон майдонида муносиб ҳурмат-эътибор қозонди. Эришган барча ютуқларимизнинг ижодкори ва бунёдкори бўлган халқимизнинг онгу тафаккури, дунёқараши, ишга, ҳаётга муносабати бутунлай ўзгариб, дахлдорлик туйғуси, ўз кучи ва имкониятларига бўлган ишончи мустаҳкамланди. O‘zLiDeP учун мустақиллик йилларида мулк таркибида туб ўзгаришлар рўй бергани, кўп укладли иқтисодиёт амалда шакллангани ва бунда ҳусусий мулк устивор ўрин эгаллагани ниҳоятда муҳим. Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик, фермерлик нафақат мамлакатимиз иқтисодиётида белгиловчи ўрин эгаллади, балки бозорни зарур товарлар ва хизматлар билан тўлдириш, аҳоли даромадлари ва турмуш даражаси ўсишининг асосий манбаига, аҳоли бандлиги ошишининг энг муҳим омилига айланди. Тадбирда таъкидланганидек, партия фаоллари, энг муҳими, партия электорати – ишбилармон кишилар, ўрта синф мулкдорлар вакиллари ғурур ва ифтихор билан мамлакатимиз раҳбариятининг демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва кучли фуқаролик жамиятини шакллантириш борасидаги ташаббусларини тўлиқ қўллаб-қувватлайди. Амалга оширилаётган ислоҳотларда илғор ўринда бориб, мазкур жараёнларда фаол иштирок этади. Тадбир иштирокчилари ўз чиқишларида O‘zLiDePнинг мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ва иқтисодий ҳаётидаги иштироки, эришган муваффақиятлари ҳақида ҳам сўз юритди. Улар мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар ва Ватанимиз келажаги учун масъулиятни ўз зиммасига олган O‘zLiDePнинг қатъий позицияси ҳар бир фуқаро ҳаётида муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади. Тадбир якунида Ўзбекистон мустақиллигининг йигирма икки йиллик байрами муносабати билан партия фаолларидан 16 нафари фахрий ёрлиқ билан тақдирланди. Партия хайрихоҳларидан 12 нафари эса O‘zLiDeP сафига қабул қилинди.Тадбирдан сўнг иштирокчилар Гулистон шаҳридаги “Меридиан ҳамкор савдо” хусусий ишлаб чиқариш корхонаси фаолияти билан яқиндан танишди. Шундан сўнг корхонада меҳнат қилаётган 5 нафар ишчи-хизматчига партияга аъзолик гувоҳномалари топширилди. O‘zLiDeP Сирдарё вилоят кенгашиматбуот хизмати
Обсудить новость на Форуме