19:15 17.03.2014 | Все новости раздела "Либерально демократическая партия Узбекистана"
ЮРТ РАВНАҚИГА КАМАРБАСТАМИЗ
Халқ депутатлари Тошкент шаҳар кенгашидаги O‘zLiDeP депутатлик гуруҳининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди.
Унда Олий Мажлис Сенатининг 2013 йил 12 декабрдаги “2014 йилда иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш дастури тўғрисида”ги қарори ижроси юзасидан атрофлича фикр юритилар экан асосий эътибор 2013-2015 йилларда Шайхонтоҳур ва Яккасарой туманларини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурига қаратилди.
Мажлисда O‘zLiDePнинг мазкур туманлар округларидан халқ депутатлари Тошкент шаҳар кенгашига сайланган депутатлари ўз ҳудудларида “Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг амалдаги ижросини жорий йил март ойининг якунига қадар ўрганиб чиқиб, тегишли хулосалар киритишлари лозимлиги таъкидланди. Қонун ижросини ўрганиш жараёни мутахассисларни жалб этган ҳолда ичимлик сув таркибини таҳлил этиш, пластик карточкалардан фойдаланиш ҳамда умумий овқатланиш жойларида санитария-гигиена қоидаларига риоя этилиши ҳолати каби масалаларни ҳам қамраб олиниши белгиланди.
Мониторинг натижаларини Халқ депутатлари Тошкент шаҳар кенгашининг Ижтимоий-маданий ривожланиш масалалари бўйича доимий комиссияси мажлисида кўриб чиқиш режалаштирилди.
Шунингдек, ушбу туманларда амалга оширилаётган ишлар тўғрисидаги масалани Саноат, транспорт, қурилиш, алоқа ва аҳолига хизматлар кўрсатиш масалалари бўйича доимий комиссия мажлисида муҳокама этиш ҳам режага киритилди. Тадбирда Шайхонтоҳур тумани ҳокими Мираъзам Мирқосимов сўзга чиқиб, 2013-2015 йилларда туманни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастури ижроси юзасидан бажарилган ишлар ҳамда 2014 йилда кичик бизнес соҳасини янада ривожлантириш орқали иқтисодиёт тармоқлари салоҳиятини юксалтириш бўйича амалга ошириладиган чора-тадбирлар тўғрисида ҳисобот берди.
- Мамлакатимизни 2013 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ва 2014 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган Вазирлар Маҳкамасининг мажлисида Давлатимиз раҳбари тармоқлар ва ҳудудларни ривожлантиришнинг мустаҳкам ўзаро боғлиқлигини таъминлаш, фойдаланилмаётган захиралар ва ишлаб чиқариш қувватлари имкониятларидан келиб чиққан ҳолда ҳудудларни комплекс ривожлантириш, шу асосда аҳоли, айниқса, ёшлар бандлигини таъминлаш чораларини кўриш бўйича топшириқлар берган эди, - деди М.Мирқосимов. - Шу топшириқ асосида мониторинг олиб борилди ва 2013-2015 йилларда Шайхонтоҳур туманини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастури ишлаб чиқилди. Ўтган давр мобайнида дастурга қўшимчалар киритилиши натижасида умумий қиймати 169,5 миллион долларга тенг 288 та лойиҳа тасдиқланди. Дастур амалга оширилгандан сўнг қўшимча беш мингдан зиёд иш ўрни яратилади.
Баҳс-мунозараларга бой тарзда ўтган тадбирда амалга оширилаётган ишлар тўғрисидаги масалалар муҳокама этилди ва тегишли қарорлар қабул қилинди.
O‘zLiDeP Тошкент шаҳар КенгашиМатбуот хизмати
Обсудить новость на Форуме