22:15 03.10.2013 | Все новости раздела "Либерально демократическая партия Узбекистана"
ЮКСАК ЭЪТИБОР ВА ИШОНЧ МАСЪУЛИЯТИ
Президентимиз Ислом Каримовнинг халқ депутатлари Қашқадарё вилоят кенгашининг навбатдан ташқари сессиясидаги нутқида баён этилган фикр-мулоҳазалар, белгилаб берилган вазифа ва устувор йўналишлар юртдошларимиз томонидан қизғин муҳокама қилинмоқда.
Шуни алоҳида қайд этиш жоизки, Ўзбекистоннинг энг йирик ҳудудларидан бири — Қашқадарёда истиқлол йиллари том маънода улкан бунёдкорлик ишлари амалга оширилди. Аср мўъжизаси сифатида тилга олинаётган йирик корхоналар: «Шўртангазкимё» комплекси, Шўртан синтетик ёнилғи ишлаб чиқариш мажмуаси, Муборак газ-кимё комплекси сингари лойиҳалар Ўзбекистонни саноати ривожланган мамлакатлардан бирига айлантирди, десак муболаға бўлмайди. Аграр секторда қўлга киритилган беқиёс натижалар ҳам ғурури баланд қашқадарёликларнинг нималарга қодир эканини кўрсатмоқда. Вилоят ғаллакорлари қишлоқ мулкдорлари учун яратилган қулай шароит, солиқ имтиёзлари туфайли бу йил 1 млн. тоннадан зиёд дон тайёрладилар.
— Қишлоққа саноатни олиб кираётган, минг-минглаб иш ўрни яратаётган мулкдорлари ўз зиммаларидаги ижтимоий масъулиятни теран англаётганлари учун ҳам ана шундай натижаларга эришмоқдалар, — дейди вилоят Фермерлар кенгаши раиси, O`zLiDeP аъзоси Бахтиёр Сафаров. — Буни вилоятда кўптармоқли фермер хўжаликлари сони ортиб бораётганида, улар ўзлари етиштирган маҳсулотларни қайта ишлашга алоҳида эътибор қаратаётганларида ҳам кўриш мумкин.
Айни пайтда вилоятда 7139 та фермер хўжалиги бўлиб, уларда 158 мингга яқин киши меҳнат қилаётганини эътиборга олсак, фермерлик ҳаракатининг ҳақиқатан ҳам қишлоқда етакчи ижтимоий кучга айланганига ишонч ҳосил қиламиз.
Маълумки, бир пайтлар вилоятда «пахта иши» билан айбсиз айбдорларга айланган минг-минглаб фуқаролар, эртанги кунга ишончини йўқотган ёшлар учун фақат мустақиллик йилларидагина ўз салоҳияти, иқтидорини намойиш этиш имконияти яратилди. Ўша даврда асосан четдан келтирилган маҳсулотлар эвазига кун кечирган вилоят бугунга келиб дунёнинг турли мамлакатларига 70 дан ортиқ турдаги маҳсулотни экспорт қилаётир. Мутахассис ва таҳлилчилар вилоят ялпи ҳудудий маҳсулотида саноатнинг улуши 39 фоизни ташкил этаётганини бежиз таъкидламаяптилар. Айни пайтда воҳада тадбиркорлик ҳам жадал ривожланяпти. 47 мингдан зиёд кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик тузилмалари деярли барча соҳаларда фаолият олиб бормоқдалар. Албатта, бундай натижаларга осонликча эришилаётгани йўқ.
— Халқ депутатлари Қашқадарё вилоят кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида Президентимиз томонидан қашқадарёлик ташаббускор тадбиркор ва фермерларнинг дилидаги гаплари айтилди, — дейди O`zLiDeP Қашқадарё вилоят кенгаши раисининг биринчи ўринбосари Анвар Нусуров. — Айниқса, Юртбошимизнинг «Қашқадарё халқининг фидокорона меҳнати билан бу замин, унинг барча қишлоқ ва шаҳарлари обод ва фаровон бўлишига ишонаман», деган гаплари айнан тадбиркорлар учун айтилган деб қабул қилинмоқда. Биз, O`zLiDeP аъзолари ҳам сессиядан кейин ўзимиз учун тегишли хулосалар чиқардик. Фаолиятимизни кучайтириш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлашга доир ишларимизни қайта кўриб чиқишимиз лозимлигини англаб етдик.
Ҳа, чиндан ҳам бундай юксак эътибор, юксак ишонч юксак натижаларга замин яратиши шубҳасиз.
— Сессияда тадбиркорликни ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш масаласига бу қадар жиддий эътибор қаратилгани бежиз эмас, — дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, O’zLiDeP фракцияси аъзоси Шоира Ҳайдарова. — Вилоятнинг ҳар бир туман, ҳатто энг чекка қишлоқларида ҳам тадбиркорликни йўлга қўйиш учун талай имкониятлар бор. Энг асосийси, бу меҳнаткаш юртдошларимиздир. Агар яратиб берилган имконият ва имтиёзлар асосида уларга амалий ёрдам кўрсатиш кучайтирилса, ёшларни, опа-сингилларимизни фойдали меҳнатга жалб этиш жараёни янада фаоллашади.
Маълумки, O`zLiDePнинг Сайловолди дастурида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш, кўп укладли бозор иқтисодиётини ривожлантириш орқали жамиятда барқарорлик ва фаровонликни мустаҳкамлашда фаол иштирок этиш белгилаб олинган. Ана шундай талаблардан келиб чиққан ҳолда жойларда маҳаллий хом ашёни қайта ишлаш негизида юқори қўшимча қийматли, рақобатбардош маҳсулот ишлаб чиқаришнинг сезиларли ўсиши бўйича қўйилган вазифаларни бажариш ишбилармонлик муҳити билан чамбарчас боғлиқдир. Шунинг учун ҳам фракциямиз аъзолари билан бундан кейин ҳам ўз сайлов округларида амалдаги қонунлар, ҳудудий дастурлар ижросини депутатлик назоратига олишни белгилаб олдик.
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, O’zLiDeP фракцияси аъзоси Абдуҳолиқ Жабборов эса бугунги муваффақиятларимизнинг асосий омили ер ўз эгасига берилгани, фермерларда мулкдорлик ҳисси шаклланганида, деган фикрни билдирди.
— Айнан ана шу омил фермерлик ҳаракатининг қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг асосий ишлаб чиқарувчиси ҳамда аграр соҳа ва унга боғлиқ бошқа тармоқлар ҳамда ишлаб чиқариш тизимларининг янада ривожланиши, шунингдек, аҳоли турмуш даражаси ва сифати юксалиши учун масъулиятни ўз зиммасига оладиган қудратли ижтимоий-сиёсий кучга айланишига имкон яратди, — дейди А.Жабборов. — Шунинг учун O`zLiDeP фракцияси аъзолари ўз фаолиятида фермерлик ҳаракатининг янада тараққий этишига жиддий эътибор қаратмоқда. Вакиллик ҳокимиятининг барча бўғинларидаги фаоллар ҳам фермерлик фаолиятини ташкил этишни янада такомиллаштириш ва ривожлантиришга кўмак бермоқдалар.
Бир сўз билан айтганда, Юртбошимиз нутқида баён этилган фикр-мулоҳазалар, белгилаб берилган вазифалар «Ислоҳот ислоҳот учун эмас, инсон учун» шиорига қатъий амал қилиш бугунги янгиланиш ва ўзгаришлар муваффақияти учун мустаҳкам замин эканини яна бир бор англатди.
Тадбиркор ва фермерлар, ишчи-хизматчилар, партия фаолларининг фикрича, қашқадарёликлар ҳаётида муҳим воқеага айланган ушбу тадбир, шубҳасиз, вилоятнинг янада гуллаб-яшнаши, иқтисодиёт барқарорлиги ва охир-оқибат аҳоли фаровонлигига хизмат қилади.
"XXI" аср ижтимоий - сиёсий газетаси2013 йил 3 октябрь, 40 (516)-сон
Обсудить новость на Форуме