23:30 19.12.2012 | Все новости раздела "Либерально демократическая партия Узбекистана"
Ёшлар — партиявий ғоялар ташаббускори
Маълумки, ҳар қандай сиёсий партия имижи ва электорат ўртасидаги нуфузи унинг қуйи ташкилотлари фаолияти орқали шаклланади. Чунки улар омма билан ҳамкорликни кенгайтириш, партиянинг ғоя ва мақсадларини рўёбга чиқаришда етакчи бўғин саналади. «Гулистон экстрактёғ» ОАЖ қошидаги БПТ фаоллари буни дилдан ҳис этиб, партиявий бурчга алоҳида масъулият билан ёндашмоқдалар. Чигит хом ашёсидан 6 хил маҳсулот – ўсимлик ёғи, хўжалик совуни, шрот, шелуха ва кунжара ишлаб чиқараётган 718 кишилик улкан жамоанинг 368 нафари партия аъзоси экани ҳам фикримизга мисол бўлиши мумкин.– Ўз фаолиятимиз давомида ёшларни қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратаяпмиз, – дейди БПТ раиси, «Гулистон экстрактёғ» ОАЖ бош муҳандиси, халқ депутатлари Гулистон шаҳар кенгаши депутати Ҳусанжон Каримов. – Чунки улар келажагимиз, жамиятимизнинг асосий таянчларидир. Ёшларнинг сиёсий фаоллиги туфайли корхонамизда O`zLiDeP хайрихоҳлари кўпайиб бормоқда. Яқинда яна 2 нафар ходим партия сафига қўшилди. Ёшлар ташаббуси билан ҳар бир байрам ва муҳим сиёсий воқеаларга бағишлаб турли тадбирлар ўтказилмоқда. Маълумки, электорат эътиборини жалб қилиш учун, энг аввало, улар ишончини қозониш, омма манфаатларидан келиб чиқиб иш тутиш талаб этилади. БПТ фаоллари шуни назарда тутиб, ишчи-ходимларга имтиёзли кредит олиш, тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш масалаларида ҳам яқиндан ёрдам кўрсатмоқдалар.— Гулистон шаҳридаги аксарият БПТларга сиёсий жиҳатдан етук, ташкилотчилик қобилиятига эга ёшлар етакчилик қилишмоқда, – дейди O`zLiDeP Гулистон шаҳар кенгаши аппарати раҳбари Ўткир Жўраев. – Зеро, улар фаол, ташаббускор бўлиш билан бирга мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар моҳиятини чуқур ҳис этишади. «Гулистон экстрактёғ» ОАЖ қошидаги БПТ раиси Ҳусанжон Каримов ҳам ана шулардан биридир. Унинг халқ депутатлари шаҳар кенгаши депутати сифатида маълум ваколатларга эгалиги ҳам сиёсий фаолият доирасини кенгайтиришга, депутатлик гуруҳи билан алоқаларни мустаҳкамлашга хизмат қилаётир. Шуни таъкидлаш керакки, БПТ аъзолигига янги номзодлар қабул қилинар экан, уларнинг дунёқараши, мамлакатимизда юз бераётган воқеа-ходисаларга муносабати ҳам эътибордан четда қолдирилмайди. Мақсад — маслакдошларда фаол фуқаролик позициясини, O’zLiDePнинг ғоя ва мақсадларига садоқатни шакллантиришдан иборат. Умуман БПТ атрофига уюшган партия азолари соғлом тафаккур ва ташаббускорликлари билан ҳам жамоага ибрат бўлишмоқда. Бу эса соғлом рақобат ва фаоллик муҳитини шакллантириб, ишлаб чиқаришда янгидан-янги ютуқлар омили бўлаётир. Ҳозирда корхонада кунига 650 тонна чигит қайта ишланиб, 105 тонна ўсимлик ёғи ишлаб чиқарилмоқда. Шаҳар саноат ишлаб чиқаришида корхона улуши 26,9 фоизга етгани ҳам жамоа аъзолари, жумладан, БПТ фаолларининг ғайрат-шижоатидан далолат бериб турибди. Мамлакатимиз Президентининг «Иқтисодиётнинг реал сектори корхоналарини қўллаб-қувватлаш, уларнинг барқарор ишлашини таъминлаш ва экспорт салоҳиятини ошириш чора-тадбирлари Дастури тўғрисида»ги фармонига асосан 9 ой мобайнида маҳсулот таннархини 1,39 фоизга камайтиришга эришилди. — Дарҳақиқат, бугун корхона ҳаётини ғоявий-сиёсий ишлардан айри тасаввур этиш қийин, — дея сўзини давом эттиради Ҳ.Каримов. — Биз шуни назарда тутиб, ўз фаолиятимизга янгича талаблар асосида ёндашишга, маслакдошларимизнинг билим ва малакаларини оширишга ҳаракат қилаяпмиз. Кейинги пайтда маҳсулот ва хом ашё харажатларини камайтириш, энергия ресурсларини тежаш бўйича ҳам БПТ фаоллари турли инновацион таклифларни илгари сурмоқдалар. Бу ҳам шубҳасиз, жамоа ўртасида олиб борилаётган партиявий-сиёсий ишларнинг амалий самарасидир.
Абулфайз САЙИДАСҚАРОВ,“XXI-asr” ижтимоий-сиёсий газетаси
Обсудить новость на Форуме