22:16 25.12.2011 | Все новости раздела "Либерально демократическая партия Узбекистана"
Ёшлар масаласи — энг нозик масала
дейди O’zLiDeP Сурхондарё вилоят кенгаши
«Ёшлар қаноти» етакчиси
Матлуба ЖЎРАЕВА
...Ҳаким ат-Термизий мақбарасининг ёнгинасидаги дўконча маҳаллий ва хорижий зиёратчилар билан ҳамиша гавжум бўлади. Ёшгина сотувчи йигитнинг савдоси авжида. У мўъжаз сопол буюмлар — шамдон, қандил, чойнак-пиёла ва кўзачаларни ўз қўли билан ясаган, меҳр билан жило берган. Шу туфайли ҳар бирини алоҳида қадрлайди.
— Ота-боболарим ҳам кулолчилик билан шуғулланишган. Мен тўртинчи авлод вакилиман, — дейди Ҳайрулло Жўраев. — Ҳунар орқали бизнесимни ривожлантиришда O’zLiDeP «Ёшлар қаноти»нинг ёрдами катта бўлди. Натижада дўкон очишга муваффақ бўлдим. Айни пайтда O`zLiDeP аъзоси, «Ёшлар қаноти» фаолларидан бири сифатида тенгқурларим орасида партия дастурий ғояларини кенг тарғиб этишга ҳаракат қилаяпман.
Ҳақиқатан ҳам, жойларда бўлганимизда «Ёшлар қаноти» ташаббуслари ҳаётимизда реал натижалар бераётганини кўриш қувонарли ҳолдир. Зеро, мазкур бўлинманинг қуруқ ваъзхонлик билан эмас, аксинча амалий ишларга ўтаётгани ёшларнинг муаммоларини ҳал этишда яқиндан кўмаклашиб, уларнинг жамият қурилишидаги иштирокини кенгайтириш учун барча имкониятлардан фойдаланаётгани навқирон йигит-қизларда партияга бўлган ишончни янада мустаҳкамлаяпти.
Биз O’zLiDeP Сурхондарё вилоят кенгашининг Ёшлар билан ишлаш бўлими фаолияти билан танишар эканмиз, бунга яна бир карра амин бўлдик. Айни пайтда вилоятда 21030 нафардан зиёд партия аъзолари бўлиб, уларнинг ярмидан кўпроғини 18-34 ёшдаги йигит-қизлар ташкил этмоқда. Вилоят кенгаши маҳаллий аҳоли, жумладан, ёшлар ўртасида бандлик даражасини ошириш, уларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш, тадбиркорлик фаолиятига кенг жалб этиш, иқтисодий-ҳуқуқий билимларини ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратмоқда. Иқтидорли йигит-қизларга банклардан кредит олиш орқали ўз бизнесини йўлга қўйишлари ҳамда ривожлантиришлари учун яқиндан ёрдам кўрсатилаяпти. Бу борада банк, солиқ, молия идоралари, Савдо-саноат палатаси билан ҳамкорликни кенгайтириш яхши самара бераётир. Жумладан, Термиз шаҳрида олий таълим муассасалари битирувчилари учун «Диплом билан — бизнесга» лойиҳаси доирасида ташкил этилган ўқув-семинарда 40 нафардан зиёд йигит-қиз қатнашиб, тадбир якунида уларнинг 6 нафарига «Микрокредитбанк» томонидан имтиёзли кредит олиш ҳуқуқини берувчи сертификатлар топширилди.
— «Диплом билан — бизнесга» лойиҳаси унутилмас воқеалардан бири бўлди, — дейди танлов ғолибларидан бири, Јизириқ туманилик Хуршид Маматҳакимов. — Интилишларим туфайли 2 миллион 400 минг сўмлик имтиёзли кредитга эга бўлдим ва ўз бизнес-режамга мувофиқ асаларичиликни йўлга қўйдим. Келажакдаги режаларим янада катта.
Ҳа, жорий йилда бевосита «Ёшлар қаноти»нинг кўмаги билан 60 нафар йигит-қиз ўз бизнесини бошлашга муваффақ бўлди. Айни кунда уларнинг 40 нафари тадбиркорлик, 20 нафари эса чорвачилик ва деҳқончилик билан шуғулланмоқда. Жарқўрғонлик якка тадбиркор Дилафрўз Каримова ҳам миллий қадриятларни қайта тиклашга бел боғлаганлардан бири. У айни пайтда каштачилик ва зардўзлик билан жиддий шуғулланаяпти. Саккиз нафар қизни муқим иш билан таъминлаб, 15 нафар шогирд етиштирди. Улар қўлида жило топган зардўзлик либослари, ёстиқ жилдлари, чойнак ёпқичлари, қуроқ кўрпачаларга талаб катта. Чунки улар юқори сифати билан ажралиб туради. Юртимизда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш учун яратилган имкониятлардан фойдаланиб, ўз фаолиятини янада кенгайтириш, аҳоли фаровонлиги йўлида сидқидилдан хизмат қилиш Д.Каримованинг бирдан-бир мақсадидир.
«Ёшлар қаноти» фаолларининг маънавият, ғоявий тарбия соҳасида олиб бораётган ишлари ҳам эътиборга молик. Жумладан, ҳар томонлама етук ва баркамол авлодни вояга етказиш, йигит-қизларни ёт оқим ҳамда иллатлар таъсиридан халос этиш учун барча чоралар кўрилаяпти. Шу мақсадда соҳа мутахассислари билан ҳамкорликда ташкил этилаётган маънавий-маърифий кечалар, учрашувлар, ўқув-семинарлар, танловлар кўпчиликда катта таассурот қолдирмоқда. Масалан, яқинда Термиз шаҳрида «ОИТС, гиёҳвандлик ва чекишга йўл йўқ, деймиз!» мавзуида расмлар кўрик-танлови бўлиб ўтди. Унда 25 нафар йигит-қиз ўз ижодий ишлари билан қатнашди. ўолибларга эса қимматбаҳо совғалар топширилди.
— Алпомишлар юрти сифатида танилган вилоятимизда болалар спортини ривожлантириш, жисмоний тарбиянинг оммавийлигини таъминлаш асосий вазифалардан бири сифатида белгилаб олинган, — дейди Матлуба Жўраева. — Шаҳар ва туманларда ташкил этилаётган спорт мусобақаларида минг-минглаб ёшлар қатнашиб, ўз маҳоратларини намойиш этишмоқда. Тўғри, фаолиятимизда камчиликлар ҳам бор. Хусусан, бандлик муаммосини ҳал этиш, ёшлар учун янги иш ўринларини яратиш борасидаги ишларни етарли даражада назорат қилиш, бу борада ёшларнинг том маънодаги кўмакчисига айланишда сусткашликка йўл қўйилмоқда. Вилоятимизда 88 та касб-ҳунар коллежи ва иккита академик лицей бўлиб, жорий йилда уларни 31 750 нафар йигит-қиз битириб чиқди. Аммо уларнинг ҳаммаси ҳам муқим иш ўрнига эга бўлгани йўқ. Янги йилда ушбу масалага янада жиддийроқ ёндашиш учун тадбиркорлик субъектлари, йирик саноат корхоналари, олий ва ўрта махсус таълим муассасалари билан ҳамкорликда аниқ режа-тадбирлар белгиланди. Зеро, ёшлар — бизнинг келажагимиз. Шундай экан, уларнинг тақдирига бефарқ қарашга асло ҳаққимиз йўқ.
Шуҳрат РАҲИМОВ,
«XXI ASR»
Обсудить новость на Форуме