01:00 21.03.2013 | Все новости раздела "Либерально демократическая партия Узбекистана"
ЁШЛАРНИНГ ТАДБИРКОРЛИККА ҚИЗИҚИШИ ЯНАДА ОРТМОҚДА
Самарқанд қишлоқ хўжалиги институтида O’zLiDeP Самарқанд вилоят Кенгаши ташаббуси билан “Тадбиркорлик фаолиятини амалга оширишни бошлаш ва рўйхатга олиш билан боғлиқ тартиб-таомилларни жадаллаштириш масалалари” мавзуида семинар ўтказилди. Учрашувдан кўзланган асосий мақсад ёшларнинг тадбиркорлик ва кичик бизнесга қизиқишини янада ошириш, бу соҳага кенг жалб қилиш орқали уларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини оширишдан иборат бўлди. Унда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни қўллаб-қувватлашга оид ҳуқуқий-меъёрий ҳужжатлар мазмун-моҳияти, соҳани ривожлантиришда банк-молия муассасалари ўрни, партия электорати вакилларининг микромолиявий хизматлардан фойдаланиш бўйича билимларини ошириш ва уларга амалий кўмак бериш, мавжуд муаммолар ва уларнинг ечимлари каби масалалар атрофлича муҳокама қилинди. Ушбу масалалар юзасидан маҳаллий ҳокимият мутасаддилари, тадбиркорлик субъектлари вакиллари фикр-мулоҳазалар билдирди. Сўзга чиққанлар иқтисодий ислоҳотларда ёшларнинг фаол иштирокини таъминлаш, хусусан, улар иштирокида кичик бизнес тузилмалари ташкил этиш орқали янги иш ўринларини яратиш зарурлигини қайд этиб, бу жараёнда O’zLiDeP олдида турган долзарб вазифаларнинг самарали ижроси “Обод турмуш йили”да алоҳида аҳамиятга эгалигини таъкидлади. Зеро, ёшлар салоҳиятини ривожлантириш келажакка сармоя киритиш, демакдир. Қайд этилганидек, O’zLiDeP Сайловолди платформасида ёшлар ва хотин-қизлар ижтимоий фаоллигини ошириш, улар учун касбий ва ижодий имкониятлар яратиш, тадбиркорлик фаолиятини бошлашга кўмаклашиш устувор вазифалардан бири сифатида белгилаб олинган. Бу вазифани бажариш йўлида партия томонидан “Диплом билан бизнесга”, “Ишбилармон талаба”, “Мулкдор оила”, “Оилавий тадбиркорликдан – мустаҳкам оилага”, “Тадбиркорлик тамойиллари ва ишбилармонлик имкониятлари” каби бир қанча лойиҳалар ишлаб чиқилган. Ушбу лойиҳалар доирасида республикамизнинг барча ҳудудларида турли тадбирлар ташкил этилмоқда. Йиғилишда бу лойиҳаларнинг ёшларнинг бандлик масаласини ҳал этиш, уларни хусусий сектор фаолиятига кенг жалб қилиш, тадбиркорлик соҳасига оид билим ва кўникмаларини шакллантиришдаги аҳамияти ҳақида ҳам сўз борди. Семинарда иштирок этган банклар мутахассислари кичик бизнес, оилавий тадбиркорлик ва бошланғич сармояни шакллантириш мақсадида кредит олиш учун зарур ҳужжатларни расмийлаштириш, кредит олиш ва ундан талаб даражасида фойдаланиш йўллари бўйича иштирокчиларга батафсил маълумотлар берди.
O’zLiDeP Самарқанд вилоят Кенгаши Матбуот хизмати
Обсудить новость на Форуме