22:30 29.04.2013 | Все новости раздела "Либерально демократическая партия Узбекистана"
ЁШЛАРГА, ТАДБИРКОРЛАРГА ВА ҲАР БИР ОИЛАГА ЯНГИ ИМКОНИЯТЛАР
Самарқанд қишлоқ хўжалик институти ҳузуридаги 1 - академик лицейда O‘zLiDeP Самарқанд вилоят Кенгаши томонидан “Кичик бизнес ва тадбиркорликнинг ривожланиши обод турмушнинг муҳим шарти” форуми ўтказилди. “Лойиҳаларимиз ёшларга, тадбиркорларга ва ҳар бир оилага” шиори остида ўтган тадбирда партия Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси масъуллари, мутасадди ва ҳамкор ташкилотлар вакиллари, олий ва ўрта махсус таълим муассасалари битирувчилари, тадбиркорлар ва фермерлар иштирок этди. O‘zLiDeP Самарқанд вилоят Кенгаши раиси М.Холмуҳамедов ўз кириш сўзида ҳамкор ташкилотлар билан анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган лойиҳалар партия мақсад ва вазифаларни кенг тарғиб этиш, “Обод турмуш йили” Давлат дастурида белгиланган устувор вазифалар ижросини таъминлаш, кичик ва ўрта бизнесни ривожлантиришга катта ҳисса қўшаётганини таъкидлади. Бу лойиҳалар белгиланган вазифаларни амалга оширишга кенг жамоатчиликни, аввало, партия электоратини жалб этишга қаратилганини эътироф этди. Тадбирда “Обод турмуш йили”да тижорат банклари томонидан кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларини молиялаштириш ва бошқа молиявий хизматлар кўрсатиш борасида белгиланган ва амалга оширилаётган чора-тадбирлар тўғрисида маълумотлар берилди. Шунингдек, O‘zLiDePнинг ҳамкор ташкилотлар иштирокидаги “Диплом билан бизнесга”, “Мулкдор оила-2013”, “Тадбиркорлар мулоқот форуми”, “Ишбилармон талаба”, “Парламентда менинг ўрним”, “Агар мен депутат бўлсам”, “Ёш олимлар ва тадқиқотчилар-2013”, “Хавфсиз интернет”, “Тадбиркорлик тамойиллари ва ишбилармонлик имкониятлари”, “Соғлом оила - мустаҳкам оила” ҳамда “Оилавий тадбиркорликдан мустаҳкам оилага” каби партиявий лойиҳалари тақдимоти ўтказилди. Ушбу лойиҳаларнинг мақсади, мазмун-моҳияти, улардан кутилаётган натижалар ҳақида сўз юритилди. - Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ҳар томонлама ривожлантириш, унинг ялпи ички маҳсулотдаги улушини ошириш соҳага оид қонун ҳужжатларини такомиллаштириш ва бу жараёнда соҳа вакилларининг тўғридан-тўғри иштирок этишини таъминлашга ҳам боғлиқ, - деди тадбирда сўзга чиққан Марказий банкнинг вилоятдаги бош бошқармаси лицензия бўлими бошлиғи Х.Ўрозов. – Шундан келиб чиқиб, O‘zLiDeP тақдим этаётган лойиҳаларни фақат олқишлаш керак. Ўзбекистон Савдо-саноат палатасининг вилоят ҳудудий бошқармаси мониторинг бўлими бошлиғи Б.Тўраев ҳам ўз маърузасида O‘zLiDeP лойиҳалари, хусусан, “Диплом билан бизнесга” лойиҳаси кўплаб ёшларнинг суянчи ва таянчига айланаётганини қайд этди. “Шунинг учун биз - ҳамкор ташкилотлар ҳам бу борадаги ишларни қўллаб-қувватлашимиз, битирувчи ёшларимизни лойиҳалар атрофида жипслаштириб, уларнинг тадбиркорлик фаолиятини бошлаши учун замин ҳозирлашимиз керак”, - деди Б.Тўраев. Тадбирда сўзга чиққанлар O‘zLiDeP томонидан янги-янги ташаббуслар ўртага ташланаётгани, муваффақиятли амалга оширилаётган лойиҳалар эса янгича мазмун билан бойитилаётганини алоҳида таъкидлади.
O‘zLiDeP Самарқанд вилоят КенгашиМатбуот хизмати
Обсудить новость на Форуме