23:30 13.09.2013 | Все новости раздела "Либерально демократическая партия Узбекистана"
ЁШЛАРГА ХОС ШИЖОАТ ВА ЛИБЕРАЛЛАРГА ХОС ҲАРАКАТ
Мамлакатимизнинг ёшларга оид давлат сиёсати уларнинг ҳам жисмонан, ҳам маънан соғлом бўлиб вояга етишлари, илм-фан, маданият ва спорт, шу билан бирга тадбиркорлик соҳасида юксак чўққиларни эгаллашларида мустаҳкам асос бўлмоқда
Маълумки, O’zLiDePнинг энг устувор вазифаларидан бири — янги авлод вакилларида иқтисодий кўникмалар, тадбиркорлик қобилиятларини ҳосил қилишдан иборатдир. O’zLiDeP Жиззах вилоят кенгаши Ёшлар билан ишлаш бўлими ҳам 2013 йилнинг биринчи ярмида ёшларни кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликка кенг жалб қилиш борасида самарали ишларни амалга оширди. Хусусан, жорий йилнинг олти ойи давомида ўтказилган жами 33 та тадбирда «Диплом билан — бизнесга», «Ишбилармон талаба» сингари партиявий лойиҳаларнинг мазмун-моҳияти, улардан кўзда тутилган асл мақсадлар кенг тарғиб этилди. Тадбирларда 2900 га яқин ёшлар иштирок этгани эса партиявий лойиҳалар ёшлар бошини қовуштиришга хизмат қилаётганини кўрсатаяпти.
— Биргина «Ишбилармон талаба» стипендияси учун ўтказилган кўрик-танловнинг ўтган йилги туман (шаҳар) ва вилоят босқичларида академик лицей ва касб-ҳунар коллежларининг 330 нафар талабаси қатнашган бўлса, 2013 йилда улар сони сезиларли даражада ортди, — дейди Олим Норжигитов. — 2012 йилда «Диплом билан — бизнесга» лойиҳасининг туман (шаҳар) ва вилоят босқичлари доирасида ташкил этилган ўқув-семинарларда олий ва ўрта махсус таълим муассасаларининг 603 нафар битирувчи талабалари қамраб олинган эди. 2013 йилда бу кўрсаткич 622 нафарга етди. 2013 йилда 66 нафар бизнес-режа муаллифларидан 23 нафарига молия муассасаларидан 98 млн. 840 минг сўм миқдорида кредит олиш учун имконият яратилди. Бу эса, ўз навбатида, 34 та янги иш ўрни яратишига замин яратди.
Истиқлол байрами арафасида ташкил этилган тадбирларда эса бутун дунёда эътироф этилган «ўзбек модели» миллий тараққиётимизнинг тарихий ва замонавий жиҳатлари, умумбашарий ва минтақавий хусусиятлари, халқимизнинг бугуни ва келажагини кўзлаб яратилгани ҳақида атрофлича сўз юритилганини таъкидлаш жоиз.
– Истиқлол қанчадан-қанча машаққат ва қийинчиликлар эвазига қўлга киритилгани, бу – аввало ҳуқуқ экани, фақат мустақиллик орқалигина шахс ўз қадр-қиммати, ор-номуси ва Қурурини англаши, истиқлол туфайлигина юртимизда яшаётган, миллати, тили, динидан қатъи назар, барча фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари таъминланаётганлигини барча-барчамиз англаб етмоқдамиз, – дейди Жиззах давлат педагогика институти қошидаги академик лицей талабаси Темур Холматов. – Мен «Обод турмуш йили»да O’zLiDeP томонидан ёшларнинг тадбиркорлик фаолиятига қизиқишларини кучайтириш, уларга ўз бизнесини ташкил этиш учун иқтисодий ва ҳуқуқий шароит яратиш, уларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш мақсадида ўтказилаётган партиявий лойиҳаларда иштирок этиб, фахрли иккинчи ўринни эгалладим.
Ҳа, ҳақиқатан ҳам мустақиллигимизни янада мустаҳкамлаш, уни кўз қорачиғидай асраш, юртимизда ҳеч кимдан кам бўлмаган ҳаёт даражасига эришиш, Ўзбекистонимизни дунёдаги тараққий топган демократик давлатлар қаторига кўтаришдек улуғ мақсадларни ўз олдига қўйган ёшлар ҳам айни пайтда бу марраларнинг нақадар масъулиятли эканлигини чуқур ҳис этмоқдалар. Жиззахнинг шижоатли ёшлари эса бу жараёнда алоҳида фаоллик кўрсатишаяпти.
Шуҳрат РАҲИМОВ,"XXI" аср ижтимоий - сиёсий газетаси2013 йил 12 сентябрь, 37 (513)-сон
Обсудить новость на Форуме