20:15 24.05.2014 | Все новости раздела "Либерально демократическая партия Узбекистана"

ЁШЛАРДА ЮКСАК МАЪНАВИЙ ИММУНИТЕТ ШАКЛЛАНСИН

O‘zLiDeP Самарқанд вилоят Кенгаши ташаббуси билан Самарқанд давлат университетида “Глобаллашув жараёнида ёшларни оммавий маданиятнинг салбий таъсиридан ҳимоя қилишда ахборот хавфсизлиги масалалари” мавзуида амалий мулоқот ташкил этилди.

Бугунги тезкор ахборот даврида инсоннинг оддий кундалик эҳтиёжларини қондиришга қаратилган хатти-ҳаракатларнинг асосини ҳам, инсоният тақдирига дахлдор қабул қилинадиган қарорларнинг манбаини ҳам ахборот ташкил этади.

– Шунинг учун ёшларни маънан юксак, баркамол, Ватанга садоқат руҳида тарбиялаш, яхши-ёмон ахборотларни фарқлашга ўргатиш бугунги даврнинг энг долзарб масаласидир, – дейди O‘zLiDeP Самарқанд вилоят Кенгаши ёшлар билан ишлаш бўлими мудири Сардор Луқмонов. – Илм-ирфон маркази бўлган, дунё тамаддунига ўзининг беқиёс ҳиссасини қўшган Самарқанддек қадимий шаҳарда айнан бугунги тадбирни ўтказишдан асосий мақсад ҳам ёшлар салбий ахборот хуружлари таъсирига тушиб қолмаслиги учун уларда маънавий иммунитетни шакллантириш, профилактик ва йўналтирувчи чора-тадбирларни амалга оширишдир.

Ёшларнинг маънавий-маърифий тарбияси давлатимиз сиёсатининг энг устувор йўналишларидан ҳисобланади. “Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатининг асослари тўғрисида”ги, “Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунлари, Президентимиз томонидан имзоланган “Миллий ғоя тарғиботи ва маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш тўғрисида”ги қарор ҳам айнан шу мақсадларга қаратилган.

Ўзбекистон ахборот-коммуникация технологиялари ижтимоий-иқтисодий ҳаётга кенг жорий этилаётган давлатлар сирасига киради. 2014 йил 1 январь ҳолатига кўра, мамлакатимизда интернет абонентлари сони ўтган йилга нисбатан 18,3 фоиз ўсиб, ҳозир 7 миллион 100 минг нафарни ташкил этмоқда. Шуни ҳисобга олиб, тадбир иштирокчилари интернет тармоғини миллий қадрият ва анъаналаримизни ўзида акс эттирувчи веб-сайтлар билан бойитиш, ахборот ресурсларидан фойдаланиш ва медиа маданиятини шакллантириш зарурлигини таъкидлади.

– Ахборот асрини замонавий коммуникация технологияларисиз тасаввур этиб бўлмайди, – дейди Самарқанд иқтисодиёт ва сервис институти талабаси Сирожиддин Халилов. – Ахборот оқимидан зарур ва фойдали маълумотларни саралаш жараёни ўзига хос медиа маданиятни, таҳлилий тафаккур юритишни талаб этади. Фойдаланувчиларнинг ахборот таҳдидларини фарқлай олиши, уларнинг маънавий-маърифий билими ва тарбиясини мунтазам кучайтириш учун бугунгидек тадбирлар муҳим аҳамиятга эга.

Иштирокчилар O‘zLiDeP Дастурида партия замонавий илмий билимлар билан қуролланган ва баркамол инсонни шакллантиришга хизмат қиладиган таълимнинг янги миллий моделига тўлиқ ўтиш жараёнларини қўллаб-қувватлаши белгилаб қўйилганини алоҳида эътироф этди. Зеро, юксак илмий салоҳиятга эга инсонларгина жамият гуллаб-яшнашини таъминлай олади.


O‘zLiDeP Самарқанд вилоят Кенгаши
Матбуот хизмати

Источник: Либерально демократическая партия Узбекистана

  Обсудить новость на Форуме