20:00 24.12.2013 | Все новости раздела "Либерально демократическая партия Узбекистана"

ЁШЛАР СИЁСАТИ – УСТУВОР ВАЗИФА

O‘zLiDeP Тошкент шаҳар Кенгаши Ёшлар билан ишлаш бўлими ташаббуси билан “Парламентда менинг ўрним” лойиҳаси доирасида “Миллий парламентаризм ривожида ёшларнинг ўрни” мавзуида туркум учрашув ва давра суҳбатлари ташкил этиб келинмоқда. 

Бу тадбирлар ёшларнинг сиёсий ва ҳуқуқий маданиятини ошириш, уларнинг давлат аҳамиятига эга қарорларни қабул қилишдаги иштирокини кучайтириш, ёшлар муаммоларини ҳал этиш бўйича қонун ижодкорлиги жараёнида уларнинг фаоллигини оширишга қаратилган.

2013  йилнинг август-октябрь ойларида Тошкент шаҳридаги олий ва ўрта махсус таълим муассасалари, маҳалла гузарларида жами 16 та шундай учрашув ташкил этилиб, уларда 700 га яқин талаба ёшлар иштирок этди.

- O‘zLiDeP давлат томонидан яхлит ва мослашувчан ёшлар сиёсати амалга оширилишига катта эътибор қаратмоқда, - дейди лойиҳа доирасидаги тадбирда фаол иштирок этиб келаётган Қонунчилик палатаси депутати Раҳматилла Каримов. - Юксак билимли ва малакали кадрлар - бу юқори касб маҳоратига эга, ҳар томонлама ривожланган, аниқ мақсад сари интилган, қатъий фуқаролик позициясига эга бўлган ҳамда келгусида, авваламбор, интеллектуал қадриятлар асри бўлган янги даврда ўз халқининг фаровон ҳаёти йўлида фидокорона меҳнат қилиб яшайдиган йигит-қизлардир. Фуқаролик жамиятини аҳоли сиёсий ва ижтимоий фаоллигини оширмасдан туриб барпо этиб бўлмайди. Фақат онгли, ташаббускор ва фаол инсон барча қийинчиликларни енгиб ўтиб, мустақил Ўзбекистонимиз гуллаб-яшнашига ва жаҳон ҳамжамиятининг тенг ҳуқуқли аъзоси бўлишига ҳисса қўшиши мумкин. 

Халқ депутатлари Тошкент шаҳар кенгаши депутати Х.Бобохонова эса ўз чиқишларида O‘zLiDeP Сайловолди дастурида партиянинг саъй-ҳаракатлари ҳар томонлама камол топган, Ватанга содиқ, ривожланган бозор муносабатлари ва фуқаролик жамияти шаклланиши жараёнларида фаол иштирок этишга тайёр йигит ва қизларни тарбиялашга йўналтирилиши белгилаб қўйилганини билдирди. 

“Партия ёшлар учун сабот билан, босқичма-босқич ижтимоий кўтаринкилик муҳитини яратишга ва уларнинг ижтимоий-сиёсий истиқболини белгилаб беришга ўз кучини сарф этади”,- деди Х.Бобохонова. 

Таъкидлаш керакки, ўтказилаётган партиявий лойиҳаларда иштирок этиш йигит-қизларда ўзига ишонч ва ижтимоий оптимизм ҳиссини шакллантиради, замонавий бозор шароитларида тадбиркорлик кўникмаларини ривожлантиради, ёшлар бизнеси пайдо бўлишига асос сифатида хизмат қиладиган ҳуқуқий ва иқтисодий билимларни кенгайтиради, ёшлар доирасида инновацион ғояларни ривожлантиришни рағбатлантиради. Қолаверса, улар ёш авлоднинг ижодий ва интеллектуал салоҳиятини рўёбга чиқариш, ахборот технологияси соҳасида меҳнат қилишга иқтисодий жиҳатдан манфаатдорлигини ошириш, юксак технологиялардан амалий фойдаланиш кўникмаларини мустаҳкамлашга кўмаклашади. 

Тадбирлар давомида иштирокчиларга партиянинг ёшларга мўлжалланган “Парламентда менинг ўрним”, “Диплом билан бизнесга”, “Агар мен депутат бўлсам”, “Ишбилармон талаба” каби кенг миқёсли лойиҳалари тўғрисида ҳам маълумот бериб борилди. Бу эса ёшларнинг мазкур лойиҳаларда фаол қатнашиши учун замин ҳозирлади.

Энг муҳими, ўтказилган тадбирлар якунларига кўра партия фракциясининг қонун ижодкорлигини янада оширишга ёрдам берадиган таклифлар шакллантирилди.  
Мастура ҲАИТОВА,O‘zLiDeP Тошкент шаҳар КенгашиЁшлар билан ишлаш бўлими мудири

Источник: Либерально демократическая партия Узбекистана

  Обсудить новость на Форуме