20:15 04.07.2013 | Все новости раздела "Либерально демократическая партия Узбекистана"

ЁШЛАР МАЪНАВИЯТИДА БЎШЛИҚ БЎЛМАСЛИГИ КЕРАК

Самарқанд шаҳрида “Ўзбекистонда давлат ва жамият қурилиши соҳасидаги ислоҳотлар – тизимлилик, изчиллик ва ўзаро боғлиқлик” мавзуидаги ёш олимлар ва катта илмий ходим-изланувчилар илмий-амалий анжумани бўлиб ўтди.

Мазкур тадбир O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан ҳамкорликда ўтказилди.

Фуқаролик жамиятини шакллантиришда ёшларнинг ижтимоий-сиёсий ва ҳуқуқий ролини кучайтириш, уларнинг илмий изланишларини қўллаб-қувватлаш, инновацион ғояларини рағбатлантиришни кўзлаган анжуманда 100 га яқин ёш олим қатнашди.

Дастлаб иштирокчилар шуъбаларга бўлинган ҳолда ўзлари олға сураётган ғоя, таклифлар юзасидан баҳс-мунозара ўтказди.

– O‘zLiDeP ташаббуси билан ташкил қилинган бу анжуманни биз ёшларга бўлган катта эътибор деб билдик, – дейди Қарши давлат университетининг мустақил тадқиқотчиси Бобур Гулбоев. – У ёш олимларнинг якдил ва жипс ишлашига пойдевор бўлади, десам янглишмайман. Менинг мавзуим “Шарқ ва Ғарб цивилизациялари тараққиётининг асосий атрибутлари” бўлиб, асосий мақсадим Ғарб ва Шарқ ўртасидаги муносабатларни очиб бериш. ХХ1 аср - техника тараққиёти асрида турли мафкуралар пайдо бўлаётганини кузатиб турибмиз. Бунинг оқибатида эса ҳали мафкураси шаклланиб улгурмаган айрим ёшларимиз ёт ғоялар таъсирига тушиб қолмоқда. Бунинг асл сабаби маънавий бўшлиқ, деб ўйлайман. Мақсадим ўзимизнинг миллий қадриятларимиз ва ўзлигимизни ўша бизни ўзларича “забт” этаётган Ғарб билан солиштириб, ёшларимиздаги бу бўшлиқни озгина бўлса-да тўлдиришдан иборатдир. Бу анжуман эса ёш олимлар билан фикр алмашиб илмий ишимни янада бойитишга хизмат қилди.

Анжуманда кўрилган ишлар ҳозирги кундаги долзарб мавзуларга бағишланган ижодий тадқиқот шаклида бўлиб, мустақил ва асосланган хулоса ва таклифлардан иборатдир.

Тошкент давлат юридик институти тадқиқотчиси Элдор Қурбонов анжуманда ўз илмий ишини кенг жамоатчиликка таништириш ва тенгқур олимлар билан фикр алмашиш мақсадида қатнашди. Унинг илмий иши  “Фермер хўжаликларининг манфаатларини муҳофаза қилишга оид қонунчиликни такомиллаштириш масалалари” деб номланади.

“Илмий ишимда фермер хўжаликлари ерлари ҳосилдорлигини ошириш, умуман қишлоқ хўжалиги ерлари муҳофазасини, ер мелиорацияси муносабатларини такомиллаштириш масалаларига эътибор қаратилган. Бу мақсадларга эришиш учун “Ер мелиорацияси тўғрисида”ги қонун қабул қилиш, ер мелиорацияси соҳасида фермерлар ва давлат органлари вазифаларини аниқлаштириш талаб этилади. Мазкур муносабатларнинг қонунчилик асослари яратилгандан сўнг фермерларга ҳам ривожланиш учун янги уфқлар очилади”, – дейди Э.Қурбонов.

Анжуманда иштирок этган ҳар бир ёш олим ўз илмий ишини пухта ҳимоя этишга интилди. Ўз илмий ишига жо этилган ғоя ва мақсадларни аниқ ва тушунарли баён этишга ҳаракат қилди.

Анжуман якунида ёш олимларга сертификат ва партиянинг совғалари топширилди.


O‘zLiDeP Самарқанд вилоят Кенгаши
Матбуот хизмати

Источник: Либерально демократическая партия Узбекистана

  Обсудить новость на Форуме