17:15 04.10.2013 | Все новости раздела "Либерально демократическая партия Узбекистана"

ЁШЛАР ЮҚОРИ МАРРАНИ КЎЗЛАМОҚДА

O’zLiDeP Наманган шаҳар кенгаши ташаббуси билан «Қадр-қимматим, таянчим ва ифтихоримсан, мустақил Ўзбекистон!» шиори остида ёшлар билан навбатдаги учрашув ўтказилди.

Тажрибали педагоглар, таниқли тадбиркор ва фермерлар, халқ депутатлари Наманган шаҳар кенгаши депутатлари қатнашган тадбирда Сиёсий таълим маркази раҳбари Наргиза Муҳаммадиева сўзга чиқиб, истиқлол йиллари мамлакатимизда амалга оширилган кенг кўламли ислоҳотлар замирида инсон ва унинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, аҳоли, айниқса, ёшларнинг билим олишлари, ишлашлари учун қулай шароитлар яратиш мақсади мужассам эканини таъкидлади.

— Ана шу йилларда мамлакатимизда мулкка бўлган муносабат ўзгариб, мулкдорлар синфи шакллангани энг катта ютуқларимиздан бўлди, — деди Н.Муҳаммадиева. — Натижада кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик иқтисодиётнинг таянч бўғинига айланди. Унинг ялпи ҳудудий маҳсулотдаги улуши ҳам йилдан-йилга ортиб бораётир. Касб-ҳунар коллежлари ва олий ўқув юртлари талабалари ўртасида ҳар йили ўтказилаётган «Диплом билан — бизнесга», «Ишбилармон талаба» каби партиявий лойиҳалар ҳам ёшларда тадбиркорлик кўникмаларини шакллантириш учун қўшимча қулайликлар яратишга хизмат қиляпти. 

20-мактаб директори Раънохон Насриддинова эса ижтимоий-сиёсий соҳадаги ўзгаришлар «Кучли давлатдан — кучли фуқаролик жамияти сари» шиори асосига қурилганини, мамлакатимизда кўппартиявийлик тизими шакллангани фуқароларнинг давлат бошқарувида иштирок этиш имкониятини яратганини қайд этди.

Тадбирда қатнашган навқирон авлод вакиллари ҳам бу борадаги ўз фикр-мулоҳазаларини баён этдилар.  

– Айни пайтда Наманган тиббиёт коллежи талабасиман, — дейди Гулшода Отабоева. – Дарҳақиқат, биз учун яратиб берилган бугунги шароитлар дунёнинг ҳеч бир давлатида йўқ. Шунинг учун ҳам бундай имкониятлардан самарали фойдаланиб, юртимизнинг янада гуллаб-яшнашига ўз ҳиссамизни қўшмоғимиз керак. Шахсан ўзим келажакда шифокор бўлиб, эл саломатлиги йўлида хизмат қилишни ният қилганман.

— Мен ҳам шу коллеж талабасиман, — дейди Дилшода Асқаралиева. – Устозларимиз бизга ўргатганларидек, бой ва қадим тарихга эга халқмиз. Демак, улар йўлини давом эттириб, юртимиз довруғини янада юксалтиришимиз керак. Маълумки, бугунга келиб ахборот-коммуникация технологиялари тобора ривожланяпти. Бу биз — ёшлар учун ҳам кенг имкониятлар яратмоқда. Шундан фойдаланиб, аждодларимиз қолдирган меросни янада бойитишимиз, Ўзбекистон ёшлари билим ва маҳоратда нималарга қодир эканликларини кўрсатишимиз керак.

— Миллий ҳунармандчилик ва хизмат кўрсатиш касб-ҳунар коллежида ҳам ёшларнинг билим олишлари, касб-ҳунар сирларини ўрганишлари учун барча шароитлар яратилган, — дейди  «Камолот» ЁИҲ шаҳар бўлими бошланғич ташкилот раиси Авазбек Умаров. – Айни пайтда коллежда ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларни тадбиркорликка йўналтириш юзасидан туркум тадбирлар ўтказаяпмиз. Мустақиллигимизнинг йигирма икки йиллик байрами муносабати билан ҳам қатор кечалар, очиқ мулоқотлар ўтказдик. Шу ўринда Президентимизнинг ёшларга қарата «Маррани доимо баланд қўйиб яшанг, азиз болаларим, давр бизники, марра бизники!» деган сўзлари тадбирда қатнашган барча тенгдошларимизни Ватан равнақи учун бор куч ва ғайратларини сарфлашга ундаганини алоҳида таъкидлаш лозим. 

"XXI" аср ижтимоий - сиёсий газетаси2013 йил 3 октябрь, 40 (516)-сон

Источник: Либерально демократическая партия Узбекистана

  Обсудить новость на Форуме