17:15 21.06.2013 | Все новости раздела "Либерально демократическая партия Узбекистана"
ЁШЛАР БЕЛЛАШУВГА ЧАНҚОҚ
O‘zLiDeP Қашқадарё вилоят Кенгаши “Ишбилармон талаба” стипендияси учун кўрик танловининг вилоят босқичини ўтказди.
Тадбир аввалида мамлакатимизда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантиришга қаратилган катта эътибор, бажарилаётган амалий ишлар тўғрисида сўз борди. Соҳани молиялаштиришнинг ҳуқуқий асослари, кредит ажратиш тартиби ҳақида мутахассисларнинг маърузалари тингланди.
“Тадбир иштирокчилари кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантиришда банк-молия муассасаларининг роли ва аҳамияти, партия электоратининг микромолиявий хизматлардан фойдаланиш бўйича билимларини ошириш ва бу борада берилаётган амалий кўмак ҳақида ҳам тушунчаларга эга бўлди”, – дейди O‘zLiDeP Қашқадарё вилоят Кенгаши аппарат раҳбари Анвар Нусуров.
O‘zLiDeP Дастурида аҳолининг барқарор иқтисодий тараққиёти ва фаровонлигини таъминловчи асосий шартлардан бири мамлакатнинг иқтисодий мустақиллигини кучайтириш, бой табиий, минерал хомашё захиралари ва меҳнат ресурслари, интеллектуал ва илмий-техникавий имкониятлардан тўлиқ ва самарали фойдаланишга йўналтирилган иқтисодиётда таркибий ўзгаришларни амалга оширишдан иборат экани қайд этилган.
– Бугунги тадбиримиз партиямиз олдида турган ана шу эзгу мақсадларга эришишда муҳим аҳамиятга эга, – дейди Халқ депутатлари вилоят кенгаши депутати Исмигул Хушмуродова. – Танлов давомида иштирокчилар нафақат ўз билим ва иқтидорини намойиш этяпти, балки мамлакатимизнинг ёшларга оид қонунчилиги асослари, ҳукумат қарорлари, қолаверса, партиямизнинг мақсад ва вазифалари билан яқиндан танишмоқда.
Танлов ғолиби, Шаҳрисабз академик лицейи талабаси Сўғдиёна Омонова тадбирда ҳар бир иштирокчи ўз амалий таклифларини билдириш имкониятига эга бўлганини алоҳида таъкидлади.
“Мен ҳам тенгдошларимдан кам эмаслигимни кўрсатишга ҳаракат қилдим. Агар республика босқичида ҳам шундай муваффақиятли иштирок этсам, келажакда фаолиятимни кенгайтириб, янги марраларни забт этишимга ишонаман. Бу борада менга O‘zLiDeP катта кўмакчи бўлади, деган умиддаман”, – деди Сўғдиёна.
Танловда тикувчилик ва дизайн йўналишида ўз имкониятларини намойиш этган Яккабоғ тумани саноат ва хизмат кўрсатиш коллежи талабаси Гулзода Мейлиева иккинчи, инновацион лойиҳаси юқори баҳоланган Косон тумани компьютер технологиялари коллежи талабаси Беҳрўз Холиёров учинчи ўринга лойиқ топилди.
Танлов ғолиблари ва иштирокчиларига O‘zLiDeP Қашқадарё вилоят Кенгаши дипломлари ва фахрий ёрлиқлари, қимматбаҳо совғалари топширилди.
O‘zLiDeP Қашқадарё вилоят КенгашиМатбуот хизмати
Обсудить новость на Форуме