03:45 06.07.2013 | Все новости раздела "Либерально демократическая партия Узбекистана"
ЁШ ТАДБИРКОРЛАР УЧУН ҚУЛАЙ ИМКОНИЯТ
O‘zLiDeP Сирдарё вилоят Кенгаши Гулистон қурилиш касб-ҳунар коллежида “Диплом билан бизнесга-2013” лойиҳасининг вилоят босқичини ўтказди.
Унда туманлар ва шаҳарлар босқичида пухта ва аниқ ишланган бизнес режаси билан иштирок этиб, ғолибликни қўлга киритган 105 нафар йигит-қиз қатнашди.
- O‘zLiDeP замонавий фикрлай оладиган ва жамиятда муносиб ўрин эгаллашга қодир ёшларнинг ижтимоий сиёсий-фаоллигини ошириш, уларга ўз бизнесини ташкил этиш учун иқтисодий ва ҳуқуқий шароитлар яратишни ўзининг энг муҳим вазифаси деб билади, - дейди партия вилоят Кенгаши Ёшлар билан ишлаш бўлими мудири Отабек Йўлдошев. - Шу боис, ёшлар билан ишлаш жараёнида Президентимизнинг: “Ўз ҳақ-хуқуқини танийдиган, ўз кучи ва қобилиятига таяниб яшайдиган, атрофида рўй бераётган воқеа-ҳодисаларга мустақил муносабатда бўладиган, шу билан бирга, ўз шахсий манфаатларини мамлакат ва халқ манфаатлари билан уйғун ҳолда кўрадиган эркин шахсни шакллантириш учун барча зарур шарт-шароитларни яратиш даркор”, деган чақириқларини ўзимизга шиор қилиб олганмиз. Лойиҳамиздан кўзланган асосий мақсад ҳам олий таълим муассасалари, касб-ҳунар коллежлари ва академик лицей битирувчиларининг бандлигини таъминлаш, уларда тадбиркорлик кўникмаларини шакллантириш, ёшларнинг инновацион лойиҳа ва ташаббусларини иқтисодиётнинг реал секторига жорий этиш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш, уларни бизнес соҳасига йўналтиришдан иборатдир.
Боёвут туманидаги қишлоқ хўжалик касб-ҳунар коллежи битирувчиси Азизбек Турдалиев бугун ўқув юртларини битираётган тенгдошлари орасида тадбиркорликка иштиёқи баландлари жуда кўплигини айтар экан, ўзи ҳам лойиҳада иштирок этиш учун жиддий тайёргарлик кўрганини билдирди.
“Мен эстетик ва гигиеник нафис қоғозлар ишлаб чиқарувчи миницехга мўлжалланган бизнес режамни аниқ ва пухта тузишга ҳаракат қилдим. Бу ишим юқори баҳоланиб, имтиёзли кредит олиш ҳуқуқини берувчи сертификатни қўлга киритдим. Қолаверса, лойиҳа доирасидаги ўқув семинарларида олган билимим менга келажакда жуда асқотади”, - деди Азизбек.
Юртимизда жуда кенг кўламда амалга оширилаётган қурилиш-ободонлаштириш ишлари жуда кўп ёшларни илҳомлантираётгани сир эмас. Янгиер қурилиш коллежи битирувчиси Достон Оқйигитов шундайлардан бири.
“Бизнес режамни шаҳримизда бўлаётган улкан ўзгаришлардан илҳомланиб туздим, десам янглишмайман. Шаҳримизда бугун кенг кўламли қурилиш ишлари олиб борилиб, кўркам ва шинам иншоотлар қад кўтармоқда. Бу хайрли ишларга мен ҳам ўзимнинг оз бўлса-да ҳиссамни қўшиш ниятида мих ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш ниятидаман”, - дейди Достон.
Лойиҳа доирасидаги икки кунлик ўқув семинари якунида ҳар бир иштирокчи ўз бизнес режалари тақдимотини ўтказди. 60 нафар иштирокчининг иши юқори баҳоланиб, улар тижорат банкларининг имтиёзли кредитини олиш имконини берувчи сертификат билан тақдирланди.
O‘zLiDeP Сирдарё вилоят Кенгаши Матбуот хизмати
Обсудить новость на Форуме