21:00 01.05.2014 | Все новости раздела "Либерально демократическая партия Узбекистана"
ЁШ ТАДБИРКОРЛАР САФИ КЕНГАЙМОҚДА
Наманганда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган ишлар ўз самарасини бермоқда. Айни пайтда вилоятда 14 мингдан ортиқ тадбиркорлик субъекти фаолият юритаётган бўлса, уларнинг ялпи ҳудудий маҳсулотдаги улуши 75 фоиздан ортиқни ташкил этади. Қувонарлиси, тадбиркорлар сафига ёшлар ҳам қўшилмоқда.
– Албатта, бунда O‘zLiDePнинг ёшлар учун мўлжалланган қатор тадбирлари, жумладан, олий ўқув юртлари ва касб-ҳунар коллежлари талабалари ўртасида ҳар йили анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган “Диплом билан бизнесга” лойиҳаси ҳам муҳим роль ўйнаяпти, – дейди партия вилоят кенгашининг ёшлар билан ишлаш бўлими мудири Мусохон Юсуфжонов. – Ўтган йили бу танловда қатнашган 75 нафар талаба тижорат банкларидан 110 млн сўм имтиёзли кредитлар олиб, тадбиркорликни бошлади ва натижада 30 дан ортиқ янги иш ўрни яратилди.
Бу йил ҳам ушбу лойиҳа тарғиботига алоҳида эътибор қаратилди. Лойиҳада вилоятдаги барча олий ўқув юртлари, касб-ҳунар коллежлари талабаларининг ўз бизнес режаси билан иштирок этиши учун зарур шароитлар яратилди. Бунинг натижасида иштирокчилар сони ҳар йилгидан кўп бўлишига эришилди.
Хусусан, танловнинг шаҳар босқичида 80 нафардан ортиқ талаба иштирок этди. Ҳар бир иштирокчининг бизнес режаси муҳокама қилиниб, солиқ инспекцияси, тижорат банклари, суғурта идоралари мутахассислари томонидан маслаҳатлар, тадбиркорлар учун қонун доирасида яратилган имкониятлар, имтиёзлар ҳақида тушунчалар берилди.
– Мен танловда тикувчилик йўналишидаги бизнес ғоям билан қатнашдим, – дейди Наманган ижтимоий-иқтисодий педагогика коллежи талабаси Нозима Эркинова. – Бизнес лойиҳам маъқулланди ва вилоят босқичига йўлланма берилди. Мен бундан жуда ҳам хурсандман.
Комилжон ФАЙЗИЕВ,O‘zLiDeP Наманган вилоят КенгашиМатбуот хизмати
Обсудить новость на Форуме