19:00 27.05.2013 | Все новости раздела "Либерально демократическая партия Узбекистана"
“ЁШ ОЛИМЛАР ВА ТАДҚИҚОТЧИЛАР - 2013”
Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси (O`zLiDeP)нинг Сайловолди дастурида энг муҳим вазифаларидан бири сифатида ёшларнинг ижтимоий фаоллигини ошириш, уларнинг касбий, ижодий ва хизмат поғоналаридан ўсиши учун имкониятлар яратиш, уларни тадбиркорлик фаолиятига кенг жалб қилиш борасида тизимли ишларни ташкил этиш ҳам белгилаб олинган.
Ушбу мақсадда 2012 йил 27 ноябрь куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси қабул қилинганлигининг 20 йиллиги муносабати билан “Давлат ва жамият ҳаётининг ҳозирги босқичида мамлакатни демократик янгилаш ва модернизациялаш жараёнларининг долзарб масалалари” мавзусида Республика илмий-амалий анжумани ва анжуман доирасида ёш олимлар ва тадқиқотчилар танлови ўтказилган эди.
Танловга мамлакатимизнинг етакчи олий ўқув юртлари ва тадқиқот марказларининг учта йўналиш «Давлат ва жамият бошқарувини демократлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш», «Суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилиш», «Бозор ислоҳотларини чуқурлаштириш ва иқтисодиётни эркинлаштириш» бўйича 140 дан зиёд ёш олим ва мутахассислар илмий ишлари билан иштирок этишди.
Тадбир натижалари бўйича O’zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси қарори қабул қилиниб, унга мувофиқ мазкур анжуманни республика миқиёсида ўтказилишига келишиб олинган эди.
Бу йил ҳам Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси ҳамда Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамгорлигида “Ўзбекистонда давлат ва жамият қурилиши соҳасидаги ислоҳотлар – тизимлилик, изчиллик ва ўзаро боғлиқлик” мавзусида 12-13 июнь кунлари Қорақалпоқ давлат университетида, 19-20 июнь кунлари Андижон давлат университетида ва 27-28 июнь кунлари Самарқанд давлат университетида Ёш олимлар ва катта илмий ходим-изланувчилар илмий-амалий анжумани танлов (кейинги ўринларда – танлов) эълон қилади.
Танлов ёшлар ижтимоий фаоллигини ошириш ва улар билан ўрта муддатли ва узоқ муддатли истиқболдаги мамлакатимизда амалга оширилаётган демократик ислоҳотларнинг қонунчилик, норматив-ҳуқуқий базасини чуқурлаштириш ва кенгайтиришга оид дастурий мақсад ва вазифаларни муҳокама этиш, партия кадрлар захирасига иқтидорли ёшларни танлаш ҳамда уларнинг касбий, ижодий ва хизмат соҳаларида ўсиши учун имконият яратиш мақсадида ўтказилади.
Танловда 36 ёшгача бўлган ёш олимлар ва катта илмий ходим-изланувчилар иштирок этиши мумкин.
Танлов шартлари
Танловда қуйидаги долзарб йўналишлар бўйича ёзма илмий ишлар билан қатнашиш мумкин:
I. Давлат ва жамият бошқарувини демократлаштириш ва фуқаролик жамиятини шакллантириш ва Суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилиш соҳасида.
1. Ўзбекистондаги давлат ва жамият қурилиши соҳасидаги ислоҳотлар – тизимлилик, изчиллик ва ўзаро боғлиқлик. Давлат – сайлов эркинлигини таъминлаш ва Ўзбекистонда сайлов қонунчилигини ривожлантиришга қаратилган демократик ислоҳотларни чуқурлаштиришда асосий ислоҳотчи.
2. Ижро этувчи органларнинг ваколатлари, фаолият шакллари ва усулларини, давлат бошқаруви, бозор шароитида хўжалик фаолият асосларини аниқ белгиловчи қонунчиликни такомиллаштириш.
3. Ижро ҳокимияти органларини шакллантиришда парламент ролини янада ошириш. Ҳукумат ва маҳаллий ижро ҳокимияти органлар фаолиятида очиқлик ва ошкораликни таъминлаш. Маҳаллий ижро ҳокимияти органларининг ислоҳотларни амалга ошириш, бандлик муаммоларини ҳал этиш ва халқ фаровонлигини юксалтириш ҳамда бошқа ижтимоий-иқтисодий муаммоларни бартараф этиш учун масъулиятини ошириш.
4. Давлат ва жамият ҳаётини янада демократлаштириш ва либераллаштириш жараёнида сиёсий партияларнинг тутган ўрни ва роли. Фуқароларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллиги, уларнинг сиёсий маданияти ошиб бориши масалалари.
5. Ҳуқуқий давлат ва аҳоли ҳуқуқий онгини шакллантиришнинг асоси бўлган қонун устуворлигини таъминлаш, инсон ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган суд-ҳуқуқ тизимини изчил демократлаштириш ва либераллаштириш.
6. Тадбиркорлар, фермерлар, мулкдорлар ва хусусий секторнинг бошқа вакиллари манфаатларини ҳимоя қилишнинг қонунчилик базаси ва механизмини такомиллаштириш. Хусусий сектор вакиллари ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш борасида хўжалик судлари ролини ошириш. Хўжалик судлари фаолиятини сифат жиҳатдан янги босқичга кўтариш – ошкоралик ва очиқликни таъминлаш. Ҳакамлик судларини фаоллаштириш ва унинг имкониятларини кенгайтириш.
7. Мулкдорларнинг мулкий ҳуқуқларини ҳимоя қилишни таъминловчи қонунчилик нормалари ва ҳуқуқни қўллаш амалиётини янада такомиллаштириш. Судгача ва суд юритуви давридаги хўжалик ва бошқа низоларни ҳал этишнинг янада таъсирчан механизмини ишлаб чиқиш.
8. Фуқароларнинг ҳуқуқлари ва эркинликлари, қонуний манфаатлари ва қадр-қиммати ҳимоясига қатъий риоя этилишини, содир этилган жиноят учун жазо муқаррарлигини кафолатловчи ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ваколатларининг ҳажмини аниқ қонунчилик асосида белгилаш.
9. ОАВ ва АКТларнинг жамиятни демократлаштириш, матбуот эркинлигини, янгиланиш жараёнлари ҳамда ислоҳотларнинг амалга оширилишидаги роли ва таъсирчанлигини оширишни таъминлаш.
II. Бозор ислоҳотларини чуқурлаштириш ва иқтисодиётни либераллаштириш соҳасида.
1. Иқтисодиётни бошқариш тизимини янада чуқурлаштириш, такомиллаштириш ва либераллаштириш. Амалга оширилаётган ўзгаришларнинг холисона таҳлили, мантиқи ва изчиллиги, уларнинг энг замонавий меъёрларга мувофиқлигини баҳолаш.
2. Иқтисодиётга тўғридан-тўғри хорижий ва маҳаллий сармояларни жалб қилиш – уни модернизация қилишнинг энг муҳим омили сифатида.
3. Жаҳон майдонида етакчи роль ўйновчи, саноати ривожланган мамлакатлар билан ҳамкорликни ривожлантириш ва мустаҳкамлаш. Савдо-иқтисодий алоқалар қамровини кенгайтириш, хорижий инвестициялар, янги технологияларни жалб қилиш, фанга доир иқтисодиёт тармоқларини яратиш, кенг миқёсли инновацион дастурларни рўёбга чиқариш.
4. Технологик тараққиёт, мамлакат иқтисодиётининг устувор соҳалари ва жамият ҳаётининг турли жабҳаларида юқори рақобатбардошликни таъминлайдиган лойиҳаларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш.
5. Халқаро валюта фонди, Жаҳон банки, Осиё тараққиёт банки, Ислом ривожланиш банки каби халқаро молиявий тузилмалар билан ҳамкорликни янада ривожлантириш.
6. Бозорларда монополлашувнинг олдини олиш, ишлаб чиқариш ҳажмлари, аҳоли бандлиги, турмуш даражаси ва сифатини ошириш учун зарур бўлган соғлом рақобат шароитларини сақлашга доир долзарб муаммолар.
7. Фермер хўжаликлари ва улар учун зарур бўлган самарали инфратузилмани янада ривожлантиришга кўмаклашиш. Қайта ишланган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспортини ошириш учун энг қулай шароитларни яратиш. Фермер хўжаликларининг ижтимоий-иқтисодий муносабатлар тизимидаги (асосий қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқарувчилар, туб ислоҳотларни амалга оширувчилар, замонавий технология ва инновацияларни жорий этувчилар сифатидаги) ролини ошириш.
8. 2009-2012 йилларга мўлжалланган “Жаҳон молиявий-иқтисодий инқирози, Ўзбекистон шароитида уни бартараф этишнинг йўллари ва чоралари” Давлат дастурининг амалга оширилиши.
Мавжуд захираларни қўллаш, маҳсулот таннархини пасайтириш ва унинг сифатини ошириш ишлаб чиқаришни модернизациялаш ва техник қайта жиҳозлаш, экспорт салоҳиятини ошириш асосида тадбиркорлик тузилмаларини янада рағбатлантириш бўйича ташаббусларни илгари суриш. Хусусий сектор воситасида ишлаб чиқаришни модернизация қилиш ва қайта жиҳозлаш жараёнларини молиялаштириш. Инновацион лойиҳаларни яратиш ва жорий этиш, ишлаб чиқаришни модернизациялашни молиялаштиришда тадбиркорлик ва бизнеснинг роли ҳамда унинг ўзига хос жиҳатлари.
9. Жаҳон молиявий-иқтисодий инқирозидан кейинги даврда мамлакатимизда қонунчиликни янада такомиллаштириш. Хусусий сектор вакиллари учун қўшимча инвестициявий фойда ва имкониятларни тақдим этиш.
Ўзбекистоннинг рақобатбардошлигини жаҳон бозорларида юксалтириш мақсадида иқтисодиётда тадбиркорлик секторининг ҳар бир субъекти мамлакат инновацион ривожланишидаги манфаатдорлигини таъминловчи чора-тадбирлар комплексини ишлаб чиқиш ва қабул қилиш.
Ишланмаларни 2013 йил 8 июндан кечикмасдан, танлов комиссияси кўриб чиқиши учун қуйидаги манзилларга етказиш зарур:
Самарқанд давлат университети (Самарқанд ш. Университет кўчаси 15 уй, e-mail: patent@samdu.uz, тел. (366) 233 34 87), Андижон давлат университети (Андижон ш. Университет кўчаси 129. Тел.: (374) 225-05-09, e-mail: agsu_info@edu.uz), Қорақалпоқ давлат университети (Нукус ш. Ч.Абдиров кўчаси 1 уй тел: (361) 223-60-47, e-mail: karsu_info@edu.uz)
Ишлар долзарб мавзуга бағишланган, ижодий тадқиқот шаклида бўлиб, мустақил, асосланган хулосалардан ҳамда амалдаги қонунчиликни такомиллаштириш бўйича таклифлардан иборат бўлиши, фойдаланилган илмий адабиётлар, меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар ва бошқа манбалар кўрсатилган бўлиши лозим. Фойдаланилган манбалар рўйхати танлов ишининг мажбурий тузилмавий элементи ҳисобланади. Унинг тўғри тузилиши танлов иштирокчисининг профессионал тайёргарлиги кўрсаткичларидан биридир.
Ишлар А4 форматдаги қоғозда бажарилиши лозим. Ишнинг ҳажми – 1,0 интервалда, Times New Roman, 12 шрифтида 3-5 варақдан ошмаган ҳолда бўлиши керак. Ишга илова қилинаётган чизма, жадвал ва бошқа материаллар А4 форматига мос равишда тайёрланиши зарур. Танлов ишининг асосий қоидалари ва хулосалари компьютер тақдимоти шаклида ишланган бўлиши керак (кўпи билан 12 та слайд).
Тақдимот ёзилган электрон манба (CD, DVD, flash) танлов ишига илова қилинади. Ишга мутахассис, хусусан илмий раҳбарнинг фикри бўлиши мақсадга мувофиқ.
Титул варағида қуйидагиларни кўрсатиш лозим:
- муассаса номи, почта индекси ва манзили;
- иш мавзуси;- муаллиф ҳақида маълумотлар:фамилияси, исми, отасининг исми, босқич, ўқитиш шакли, факультет (институт); почта индекси, уй манзили, телефон.Мазкур Йўриқнома талабларига жавоб бермайдиган ишлар танлов комиссияси томонидан кўриб чиқилмайди. Қабул қилинган ишлар қайтарилмайди. Танловда иштирок этиш муаллифнинг унинг иши ёки лавҳаси чоп этилишига рухсат беришини англатади.
Танловни ўтказиш тартиби
Танлов натижаларини якунлаш учун танлов комиссияси тузилади, унинг таркибига олимлар, мутахассислар, давлат ҳокимияти органлари ва депутатлик корпуси вакиллари киради.
Танлов икки босқичда ўтказилади.
Биринчи босқичда танлов комиссияси 2013 йил 8 июнгача энг яхши ишларни танлайди, уларнинг муаллифларига танловнинг иккинчи босқичида иштирок этиш ҳуқуқи берилади. Иккинчи босқич конференция шаклида 2013 йил 12-13 июнь кунлари Қорақалпоғистон давлат университетида, 19-20 июнь кунлари Андижон давлат университетида ва 27-28 июнь кунлари Самарқанд давлат университетларида ўтказилади, уларда компьютер тақдимотларини қўллаган ҳолда маърузалар ва мавзу бўйича шўъбалар доирасида баҳс-мунозаралар (регламент– 15 дақиқагача) ташкил этилади. Регламентни ва иккинчи босқич қатнашчиларини таълим муассасалари ва O’zLiDeP кенгашлари вакилларидан иборат танлов комиссияси белгилайди.
Танловни якунлаш
Танлов якунларини танлов комиссияси ўтказади.
Танлов комиссияси тақдим этилган ишларни, маърузачилар чиқишларини баҳолайди ва ғолибларни аниқлайди. Анжуман тугагач, унинг якунлари ўтказилади.
Танлов комиссияси қарорлари ва анжуман натижалари асосида барча йўналишлар бўйича ғолиб чиққан ёш олимлар ва катта илмий ходим-изланувчилар O’zLiDeP тарғибот материаллари ва қуйидаги мукофотлари билан тақдирланади:
Биринчи ўрин учун – Нетбук (6 дона);Иккинчи ўрин учун – қимматбаҳо совға (6 дона);Учинчи ўрин - қимматбаҳо совға (6 дона).Бундан ташқари бир қатор рағбатлантирувчи мукофотлар жорий этилган.
Маълумот учун тел.: 255-48-17, 255-08-21
Обсудить новость на Форуме