22:00 25.06.2013 | Все новости раздела "Либерально демократическая партия Узбекистана"
ЁШ ОЛИМЛАР ИЗЛАНИШЛАРИ ДОИМО ЭЪТИБОРДА
Шу йилнинг 12-13-июнь кунлари Қорақалпоқ давлат университетида Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати - Ўзбекистон Либерал-демократик партияси ва Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан ҳамкорликда ташкил этилган “Давлат ва жамият қурилиши соҳасидаги ислоҳотлар: тизимлилик, изчиллик ва ўзаро боғлиқлилик” мавзуидаги ёш олимлар ва катта илмий ходим-изланувчиларнинг илмий-амалий анжумани билим, тажриба ва малака борасидаги ички имкониятларимни рўёбга чиқаришга катта кўмак берди.
Юқори савияда ташкиллаштирилган анжуман иштирокчилари бўлган ёш олимлар ўз тадқиқот мавзуларига доир чиқишларида давлат ва жамият қурилиши соҳасидаги ислоҳотларнинг мазмун-моҳиятини кенг тарзда очиб бера олди. Шунинг учун ушбу анжуман нафақат илмий тадбир бўлди, балки ёшларнинг давлат ва жамият ҳаётидаги иштирокини яққол намоён этадиган муҳим воқеалардан бирига айланди, десам хато қилмаган бўламан.
Мен анжуманда “Хизмат кўрсатиш соҳасига доир қонунчиликни такомиллаштириш масалалари (мобиль телефон алоқаси хизматлари мисолида)” мавзуидаги илмий мақолам ва маърузам билан иштирок этиб, совринли ўринни олишга муяссар бўлдим.
Хизмат кўрсатиш соҳасининг миллий иқтисодиётимиздаги тутган ўрни бугунги кунда тобора кенгаймоқда ва ундаги ижтимоий-ҳуқуқий муносабатлар кўлами ҳам ортиб бормоқда. Буни алоқа ва ахборотлаштириш хизматлари, жумладан, мобиль телефон алоқаси хизматларини ҳуқуқий тартибга солишда ҳам кўриш мумкин. Янги техника ва технология асри ҳисобланган XXI асрда бу борада мавжуд соҳавий муносабатларни ҳуқуқий тартибга солишга доир амалдаги қонунчилик нормаларини янада такомиллаштиришга қаратилган ўзгартиш ва қўшимчаларни мунтазам ишлаб чиқиб, уни ҳаётга татбиқ қилиш зарурати вужудга келмоқда.
Ўйлайманки, O‘zLiDeP ташаббуси билан ўтказилган бу тадбирда ёш олимлар билдирган фикр ва мулоҳазалар, таклиф ва тавсиялар давлат ва жамият ҳаётини янги мазмун билан бойитишга хизмат қилади.
Қайрат Низомиддинов,3-ўрин соҳиби
Обсудить новость на Форуме