21:00 19.06.2013 | Все новости раздела "Либерально демократическая партия Узбекистана"
ЁШ ОЛИМЛАР ИЛМИЙ-АМАЛИЙ АНЖУМАНИ
O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси ташаббуси билан Бердақ номидаги давлат музейида “Ўзбекистонда давлат ва жамият қурилиши соҳасидаги ислоҳотлар – тизимлилик, изчиллик ва ўзаро боғлиқлик” мавзуида ёш олимлар ва катта илмий ходим-изланувчилар илмий-амалий анжумани ўтказилди.
Унда Сиёсий Кенгаш Ижроия қўмитаси ва O‘zLiDePнинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси аъзолари, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги масъул ходимлари, партия фаоллари, Бухоро, Хоразм ва Навоий вилоятларидан келган илмий изланувчилар ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этди.
– Мазкур лойиҳанинг асосий мақсади фуқаролик жамиятини шакллантиришда фаол иштирок этишга тайёр бўлган баркамол ёш авлодни тарбиялаш, ёшларнинг сиёсий ва ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, инновацион ғояларни амалга ошириш учун қулай шароитларни яратиш, йигит-қизларнинг ижодий фаоллигини юксалтириш, уларда маънавий-ахлоқий қадриятларни шакллантиришдир, – дейди Ёшлар билан ишлаш бўлими мудири Бегмат Очилов. – Анжуманлар доирасида илмий ишлар танлови эълон қилинди. Бу эса иқтидорли ёшларнинг илмий-ижодий салоҳиятини жамиятни демократик янгилаш ва мамлакатни модернизациялаш, унинг иқтисодиёти рақобатбардошлигини ошириш борасидаги энг муҳим вазифаларни ҳал этишга жалб қилиш имконини беради. Ёш олимлар танлови “Давлат ва жамият бошқарувини демократлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш ва суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилиш” ҳамда “Бозор ислоҳотларини чуқурлаштириш ва иқтисодиётни либераллаштириш” йўналиши бўйича ўтказилмоқда.
Маълумки, Ўзбекистон Либерал-демократик партиясининг Сайловолди платформасида ёшларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, улар учун касбий, ижодий ва хизмат соҳаларидаги интилишларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ҳамда уларнинг тадбиркорлик фаолиятига қизиқишини кучайтириш долзарб масалалардан бири сифатида белгилаб олинган. O`zLiDeP ана шу мақсадда турли партиявий лойиҳаларни изчил амалга ошириб келмоқда. Партия фаолларининг фикрича, ушбу анжуман партиянинг ёшларга оид сиёсатини янада мустаҳкамлашга қаратилгани билан ҳам муҳим аҳамиятга эга.
Жорий йил 12 июндан 28 июнгача анжуманнинг минтақавий даражадаги 3 та босқичи ўтказилади. Хусусан, Нукус шаҳри босқичида (12-13 июнда) мезбонлардан ташқари Бухоро, Хоразм ва Навоий вилоятлари вакиллари иштирок этган бўлса, Андижон шаҳридагисида (20-21 июнда) Андижон, Фарғона, Наманган, Тошкент вилоятлари ёш олимлари қатнашади. Самарқанд шаҳрида (27-28 июнда) Сирдарё, Жиззах, Сурхондарё, Қашқадарё вилоятлари ва Тошкент шаҳри вакиллари анжуман иштирокчиси бўлади. Жорий йилнинг ноябрь ойида эса республика босқичи бўлиб ўтади.
Б.Очиловнинг айтишича, Нукус шаҳридаги анжуманда иштирок этиш учун 60 дан зиёд ёш олим, катта илмий ходим ва тадқиқотчилар ариза берди. Улар орасида олима қизлар сони салмоқли даражада. Бу эса Ўзбекистонда уч босқичли узлуксиз таълим тизими муваффақиятли жорий этилаётгани ҳамда O‘zLiDePнинг ёш авлоднинг ижтимоий фаоллигини рағбатлантиришга қаратилган сиёсати ижобий натижалар бераётгани далолатидир.
Б.Очилов 2010 йилда партиявий лойиҳаларда 33 минг, 2011 йилда 37 минг, 2012 йилда 40 мингдан зиёд, жами 110 мингдан ортиқ йигит-қиз қатнашганини қўшимча қилди.
Минтақавий танловлар иштирокчиларидан жами 180 дан зиёд илмий иш келиб тушди (2012 йилда - 140), уларнинг базавий ҳужжати Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов томонидан илгари сурилган Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси бўлиб, у мамлакатимизда яқин ва узоқ истиқболга белгилаётган мақсадларни амалга ошириш стратегиясига айланди.
Иштирокчилар фикрича, Концепция ва Президентимиз асарлари мамлакатда давлат бошқарувини демократлаштириш, кучли фуқаролик жамиятини ривожлантиришга ҳал қилувчи таъсир кўрсатади ва ёш олимлар учун беқиёс манба ҳисобланади.
Анжуман кўп сонли ёшларнинг доимий форумига айланди, у ёш олимларга ўз ижобий ишларини тақдим этиш, етакчи мутахассислар, Қонунчилик палатаси депутатлари ва ўз тенгдошлари фикридан хабардор бўлиш имконини берди.
– O‘zLiDeP ташкил этган илмий-амалий анжуман менга катта таассурот қолдирди, – дейди Урганч давлат университети илмий изланувчиси У.Абдалов. – Бундай тадбирлар ёш олимларнинг илмий изланишларига рағбат бериб, уларни янги марралар сари ундайди. Анжуманда иштирок этиб амин бўлдимки, юртимизда иқтидорли ва изланувчан ёш олимлар жуда кўпчиликни ташкил этади. Тадбир давомида улар томонидан тақдим этилган илмий ишлар билан яқиндан танишиб, ўз изланишларим билан таққослаб кўрдим. Чиқарган хулосаларим илмий изланишларимни аниқ мезонлар асосида давом эттиришга туртки беради.
Бердақ номидаги Қорақалпоғистон давлат университети ёш олими Б.Косекеев эса O‘zLiDeP томонидан ўтказилган бу танлов ёш олимларнинг ҳам назарий, ҳам амалий билимларини янада бойитишга, катта тажриба алмашишга яқиндан кўмак берганини эътироф этди.
Тадбир якунларига кўра “Давлат ва жамият бошқарувини демократлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш ва суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилиш” йўналишида Урганч давлат университети тадқиқотчиси У.Абдалов 1-ўринни, Бердақ номидаги ҚДУ талабаси О.Ўтегенов 2-ўринни, шу университет талабаси К.Низаматдинов 3-ўринни эгаллади. “Бозор ислоҳотларини чуқурлаштириш ва иқтисодиётни либераллаштириш” йўналишида эса ҚДУ талабаси Б.Косекеев, Бухоро муҳандислик-технологиялар институти талабаси С.Норова, Навоий давлат педагогика институти талабаси Х.Раҳмонов ғолиблар сафидан жой олди.
Тадбир доирасида ўтган йиллардаги анжуманларнинг энг эътиборли илмий изланишлари жамланган “Ёш олимлар ишларининг долзарб мақолалари” китоби тақдимоти бўлиб ўтди.
Шу билан бирга, энг фаол ва истиқболли ёш олимларга O‘zLiDePнинг эсдалик совғалари топширилди, шаҳардаги тарихий жойлар ва диққатга сазовор масканларга қизиқарли саёҳатлар уюштирилди.
Ёш олимлар “Универсиада-2013” мусобақасини қўллаб-қувватлаш мақсадида футбол бўйича ўртоқлик учрашуви ҳам ўтказди.
Форум O‘zLiDePга ёш олимлар ва мутахассислар билан самарали ва конструктив ҳамкорликни йўлга қўйиш, уларни иқтисодий, сиёсий, гуманитар соҳалардаги ислоҳотларни янада чуқурлаштириш, мамлакатимизда демократик ислоҳотларни амалга ошириш учун муҳим ва зарур бўлган қонунларни илгари суриш борасидаги фаолиятга жалб қилиш имконини бермоқда.
O‘zLiDeP Матбуот хизмати
Обсудить новость на Форуме