10:45 13.02.2012 | Все новости раздела "Либерально демократическая партия Узбекистана"
«Янгиобод»да шундай БПТ бор
«Маҳалла деганда — фуқаролик жамиятининг шакл-шамойилини, жамиятимизнинг ранг-баранглигини ўзида тўлиқ ифода этадиган, ижтимоий-сиёсий, социал, маданий-маърифий ва профессионал ташкилот ва муассасаларни қамраб олган тизимни тасаввур қиламиз», — дея таъкидлаган эди Юртбошимиз.
Дарҳақиқат, бугунги кунда маҳалла оилавий муносабатларни такомиллаштириш кишиларда фаол фуқаролик позициясини шакллантириш, улар ўртасида ўзаро дўстлик ва биродарлик ришталарини мустаҳкамлашга хизмат қиладиган ижтимоий институтга айланди. Яна бир муҳим жиҳати, маҳалла институти O’zLiDePнинг мақсад-вазифаларини тарғиб ва ташвиқ этишда катта салоҳиятга эгадир. Буни жойлардаги бошланғич ташкилотларнинг самарали фаолияти мисолида ҳам кўриш мумкин. Зеро, маҳалла ҳар бир оила, ҳар бир шахс ҳаётига чуқурроқ кириб бориш имконини беради.
— Биз ўз фаолиятимизга таяниб, маҳаллаларда ғоявий-сиёсий ишларни кучайтиришга ҳаракат қилаяпмиз, — дейди Тошкент шаҳар, Шайхонтоҳур туман партия Кенгаши маслаҳатчиси Мухлиса Орифхўжаева. - O’zLiDeP Уставида белгиланганидек, партиянинг бошланғич ташкилотлари жамоатчилик фикрининг шаклланишига таъсир кўрсатадиган ҳамда партия фаолиятига оид ахборотларни жамоатчиликка етказадиган етакчи кучдир. Бу борада ўзини-ўзи бошқариш органлари, яъни маҳалла ва қишлоқ фуқаролар йиғинлари бошқа жамоат ташкилотлари билан ҳамкорликни йўлга қўйиш яхши самара беради, албатта. Биз шундан келиб чиқиб, жойларда БПТларнинг сиёсий мавқеини мустаҳкамлашга, уларнинг омма ҳаётидаги иштирокини кенгайтиришга ҳаракат қилаяпмиз.
Таъкидлаш жоизки, “Янгиобод” маҳалласи пойтахтнинг қадимий масканларидан бири бўлиб, бу ерда ўзига хос анъана ва урф-одатлар, мустаҳакам ижтимоий муносабатлар қарор топган. Аҳиллик ва иноқлик ҳаётга алоҳида мазмун бахш этмоқда. Маҳаллада, 2246 та оила бўлиб, 10 мингдан зиёд киши яшайди. Аҳолининг қарийб 60 фоизини ёшлар ташкил этади. Шунинг ўзи жамоат ва давлат ташкилотлари зиммасига катта масъулият юклайди албатта. 2004 йилда Шайхонтоҳур туман кенгаши томонидан маҳаллада O’zLiDeP бошланғич ташкилотига асос солинган бўлиб, ҳозирда унинг 30 нафар аъзоси бор. Уларнинг барчаси сиёсий жиҳатдан етук, ўз эътиқодига содиқ, партиявий топшириқларни бажаришда ўрнак бўлаётган фаол кишилар саналади. Шу маънода БПТнинг сиёсий мавқеидан чуқур қониқиш ҳосил қилиш мумкин. Кўпчилик партия келажагига ишонч билан қараб, унинг сафида бўлиш истагини билдираётганлиги ҳам бежиз эмас.
Маҳалладаги бошланғич ташкилотга Манзура Валиева етакчилик қилади. Айни пайтда у республика хотин-қизлар қўмитасининг маҳалладаги бошланғич ташкилоти ҳамда МФЙ раиси ҳамдир. Қатор йиллардан буён жонкуяр раҳбар, фаол жамоатчи сифатида ўзини намоён этиб келаётган Манзура опа ўз устида кўп ишлайди, сиёсий билимларини такомиллаштириб боришга интилади.
— Бугунги ислоҳотлар жараёнида партиявий масъулиятни янада чуқурроқ ҳис этиш лозим, — дейди БПТ раиси. — Маҳаллада ўтадиган турли тадбир, йиғин ва давра суҳбатларига халқ депутатлари маҳаллий кенгаши депутатларидан ташқари партиямиздан сайланган Олий Мажлис депутатларини ҳам таклиф этамиз. Улар аҳолини янги қабул қилинаётган қонунлар, уларнинг мазмун-моҳияти ва республика ҳаётига оид муҳим сиёсий янгиликлардан хабардор этиб туришади. Айниқса, Юртбошимизнинг «Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш Концепцияси» барчада катта қизиқиш уйғотмоқда.
Концепциясининг мазмун-моҳиятини қатнашчиларга ҳаётий мисоллар воситасида тушунтиришга ҳаракат қиламиз. Айниқса Концепцияда ижтимоий шерикчилик борасида алоҳида қонун қабул қилишга оид қимматли фикрлар маҳалла ва бошланғич ташкилотимиз фаолиятининг самадорлигини оширишда бевосита аҳамиятга эга. Зеро ушбу қонун давлат муассасалари, фуқаролик жамиятининг муҳим институти бўлган НТТлар ва жамоат ташкилотлари ўртасида самарали ҳамкорликни таъминлашга хизмат қилади, деб ўйлайман.
Хақиқатан ҳам бугунги жараёнлар ҳар биримиздан сиёсий фаолликни талаб этмоқда. Партия етакчисининг саъй-ҳаракатлари натижасида маҳалладаги ишсизлар сони сезиларли даражада камайди. Янги иш ўринлари яратишда йирик корхона ва манфаатдор ташкилотлар билан яқин ҳамкорлик қўл келмоқда. Шунинг натижаси ўлароқ 40 дан ортиқ хотин-қизлар касаначилик фаолиятига жалб этилди. Маҳаллада зардўзлик ва ҳунармандчилик яхши ривожланган. Тадбиркорлик фаолиятига янада кенгроқ йўл очиш учун “Микрокредитбанк” билан биргаликда имтиёзли кредит олиш масалалари ҳам кўриб чиқилмоқда.
Энг муҳими, маҳаллада соғлом маънавий муҳит қарор топган. Вояга етмаганлар ва аёллар ўртасида жиноятчиликнинг 70 фоизга камайгани ҳам ғоявий-тарбиявий ишлар, партиявий тадбирларнинг таъсирчанлиги ва самарадорлигидан дарак беради. O’zLiDePнинг дастурий мақсадларини амалга оширишда БПТ асосан ўз фаоллари кучига таянмоқда. Партия хонасида турли сиёсий адабиётлар, муҳим ҳужжатлар, “XXI asr” ҳамда бошқа марказий нашрларнинг тахламлари билан танишиш мумкин.
Қисқаси, шайхонтохурлик партиядошларимизнинг интилиш ва изланишлар ўз самарасини бермоқда. Айни кунда оддий фуқаролар ҳам O’zLiDePни кучли сиёсий ҳаракат сифатида тан олиб, унга хайрихоҳлик бирдиришаяпти. Шунинг ўзи партия билан маҳалла ўртасидаги сиёсий ҳамкорликнинг истиқболидан дарак бериб турибди.
Абулфайз САЙИДАСҚАРОВ,
«XXI asr»
Обсудить новость на Форуме
26 декабря 2024
« | Декабрь 2024 |
Пн | Вт | Ср | Чт | Пт | Сб | Вс |
1 | ||||||
2 | 3 | 4 | 5 | 6 | 7 | 8 |
9 | 10 | 11 | 12 | 13 | 14 | 15 |
16 | 17 | 18 | 19 | 20 | 21 | 22 |
23 | 24 | 25 | 26 | 27 | 28 | 29 |
30 | 31 |