15:46 26.11.2012 | Все новости раздела "Либерально демократическая партия Узбекистана"

Янги иш ўринларида кичик бизнеснинг ҳиссаси катта

Йиғилишда Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирининг биринчи ўринбосари Ботир Алимуҳамедов сўзга чиқиб, мазкур дастур Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил II ярим йиллик иш режасига асосан Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги, Иқтисодиёт вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари ҳамда барча манфаатдор ташкилотлар билан ҳамкорликда туман ва шаҳарлар кесимида меҳнат бозоридаги эҳтиёжни инобатга олган ҳолда ишлаб чиқилганини таъкидлади. Фракция аъзолари ушбу муҳим ҳужжатда Юртбошимизнинг “Ўзбекистонда ижтимоий-иқтисодий сиёсатни амалга оширишда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг роли ва аҳамияти” мавзуидаги халқаро конференциядаги нутқида таъкидланганидек, аҳолининг бандлигини таъминлаш ва турмуш фаровонлигини оширишда муҳим мавқега эга бўлган кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликка кенг ўрин берилганини алоҳида таъкидламоқдалар.– Дастурда меҳнат бозоридаги босимни пасайтириш ва вазиятни юмшатишнинг таъсирчан воситаси сифатида бандликнинг самарали шаклларини, айниқса, касаначилик ва оилавий тадбиркорликни ривожлантириш, илгари яратилган иш ўринлари барқарорлигини таъминлаш бўйича зарур чора-тадбирлар белгиланган, – дейди Ботир Алимуҳамедов. – Шу ўринда 2013 йилда ҳам меҳнат бозорига демографик омилларнинг сезиларли таъсири сақланиб қолиши ҳақида алоҳида сўз юритиш жоиз. Демографик прогнозга кўра, келаси йил меҳнат ресурсларининг сони 17,7 млн. кишини, шундан иқтисодий фаол қисми 12,9 млн. нафарни ташкил қилади. Уларнинг қўшимча ўсиш суръати эса мос равишда 2,3 ва 2,5 фоиз бўлади. Дастурга мувофиқ, 2013 йилда республика бўйича 972,7 минг иш ўрни ташкил этилиши кўзда тутилган. Уларнинг катта қисми Самарқанд (93,9 минг), Фарғона (92,4 минг), Қашқадарё (88,8 минг), Тошкент (86,8 минг), Андижон (79,6 минг), Наманган (75,1 минг), Бухоро (73,7 минг), Сурхондарё (65,9 минг), Хоразм (60,0 минг) вилоятлари ва Тошкент шаҳрига (81,7 минг) тўғри келади. Иш ўринларини ташкил этишнинг барча йўналишлари ва параметрлари туман ва шаҳарлар кесимида тақсимланган. Чекка ҳудудларда жойлашган, ишлаб чиқариш ва ижтимоий инфратузилма етарли даражада ривожланмаган 28 та туманга алоҳида эътибор қаратилади ва уларда 2013 йилда камида 126 мингта ёки 2012 йил дастуридан 5 фоиз кўп  иш ўрни ташкил этиш режалаштирилган. Фракция аъзоларининг фикрича, мазкур дастурнинг давлат бюджети лойиҳаси билан бир вақтда парламентга тақдим қилингани долзарб аҳамиятга эга бўлиб, пировардида улар ўзаро уйғунлик ва ҳамоҳанглик касб этади. Натижада дастурни ўз вақтида ва сифатли бажариш имконияти янада ошади.– Янги иш ўринларини яратишда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг ҳиссаси катта эканини инобатга олиб, дастурда ушбу соҳани қўллаб-қувватлаш учун тижорат банклари томонидан жами 5,1 триллион сўм миқдорида кредит ажратилиши мўлжаллангани диққатга сазовор, – дейди O’zLiDeP фракцияси аъзоси Шароф Амонов. – Бу маблағ, энг аввало, қишлоқ жойларида амалга ошириладиган лойиҳаларга сарфланиши режалаштирилгани янада муҳимдир.– Мазкур дастурнинг самарали бажарилиши ишбилармонлик муҳитини янада яхшилаш бўйича қабул қилинаётган меъёрий ҳужжатлар ижроси билан бевосита боғлиқдир, – дейди O’zLiDeP фракцияси аъзоси Нодира Каримова. – Хусусан, Президентимизнинг бу борадаги қарорлари асосида шу йилнинг 1 августидан бошлаб 80 турдаги рухсат бериш тартиби ва 68 та шаклдаги статистик, солиқ ҳамда молия ҳисоботларининг бекор қилингани кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг янада ривожланиши, янги-янги микрофирмаларнинг ташкил этилиши, модомики, янги иш ўринларининг очилишини ҳар томонлама рағбатлантиради. Юқоридагиларни инобатга олган ҳолда, фракция аъзолари  «2013 йилда иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш дастури» лойиҳасини маъқуллашга қарор қилдилар. 
Озод РАЖАБОВ,
"XXI asr"
 

Источник: Либерально демократическая партия Узбекистана

  Обсудить новость на Форуме