20:15 08.01.2012 | Все новости раздела "Либерально демократическая партия Узбекистана"
Янги қонун тадбиркорлик ривожига хизмат қилади
2012 йилнинг 4 январидан бошлаб «Давлат статистикаси тўғрисида»ги қонунга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида» ги қонун кучга кирди. Мазкур ҳужжат Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги O`zLiDeP фракцияси аъзоларининг “Адолат” СДП ва “Миллий тикланиш” ДП фракцияси аъзолари билан ҳамкорликдаги қонунчилик ташаббуси натижасидир.
Маълумки, ўтган йилда O`zLiDeP фракцияси аъзолари умумий қарашлари яқин бўлган масалаларда бошқа фракциялар вакиллари билан ҳамкорлик қилиш тажрибасидан унумли фойдаландилар. Жумладан, партия электорати учун муҳим бўлган қонунчилик ташаббусларни қўллқб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилди.
«Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик йили» Давлат дастури доирасида ишлаб чиқилган ушбу қонун ҳам ана шундай ҳамкорликнинг ижобий маҳсули бўлди. Мазкур қонун энг аввало, кичик бизнес субъектларининг статистика органларига маълумот ва ҳисоботларни топшириш механизмини такомиллаштиришга хизмат қилиши билан ниҳоятда муҳимдир. Амалдаги қонунга киритилган ўзгартиришлар статистика ҳисоботларини тўлдиришга сарфланадиган меҳнатни камайтиради ва энг асосийси, давлат статистика органларининг хўжалик юритувчи субъектлар томонидан молия-хўжалик фаолиятини текшириш ваколатини бекор қилади. Бу, шубҳасиз кичик корхона ва микрофирмаларнинг молия-хўжалик фаолиятига асоссиз аралашувларни тубдан қисқартириш ва уларни бартараф этиш борасида мамлакатимиз раҳбари томонидан амалга оширилаётган изчил сиёсатнинг ҳаётга жорий қилинишидаги навбатдаги қадам бўлди.
Хўш, 2002 йилнинг 12 декабридан буён амал қилаётган қонунга ўзгартиш ва қўшимчалар киритишдан кўзда тутилган асосий мақсад нима? Унинг амалиётга жорий этилиши қандай натижалар беради? Бу ҳақида депутатлар фикрлари қуйидагича:
Равиль Собиржонов,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,
Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар қўмитаси аъзоси:
— Статистика бу — рақамлар таҳлили, мамлакат тараққиёт мезонларини белгиловчи ва унинг натижаларини акс эттирувчи муҳим соҳа. Ҳар қандай давлатнинг жаҳон ҳамжамиятидаги ўрни, иқтисодий салоҳияти ва тараққиёт даражаси айнан статистик маълумотлар асосида қиёсланади.
Маълумки, бундан 10 йил аввал «Давлат статистикаси тўғрисида»ги қонуннинг қабул қилиниши мамлакатимизнинг ижтимоий-иқтисодий ҳолати тўғрисидаги маълумотларни йиғиш, умумлаштириш, тарқатиш ва сақлаш билан боғлиқ барча ҳуқуқий муносабатларни тартибга солди ҳамда давлат статистикасини ташкил этиш тартибини белгилаб беришга хизмат қилиб келди. Аммо кейинги йилларда иқтисодиётни янада либераллаштириш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг ривожланиши учун қулай шарт-шароит яратишга йўналтирилган меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилиниши ҳамда мамлакатимизда ахборот коммуникация технологияларининг кенг ривожланиши мазкур қонуннинг айрим моддаларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритишни тақозо эта бошлади.
Халқаро статистика тажрибасини ўрганиш шуни кўрсатмоқдаки, бозор иқтисодиёти шароитида хўжалик юритувчи субъектлар сонининг ўсиши замонавий статистика кузатуви усуллари ва технологияларини янада такомиллаштиришни талаб этаётир. Зеро, Ўзбекистонда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик жадал ривожланди. Бу қуйидаги рақамларда ҳам ўз ифодасини топган:
2000 йилда фаолият кўрсатаётган кичик корхоналар ва микрофирмалар сони 104846 та бўлса, жорий йил бошида 507 мингтага;
фаолият юритаётган фермер хўжаликлари сони ўн йил олдин 44795 та бўлган бўлса, ўтган йилда бу кўрсаткич 66134 тага етган.
Кўриниб турибдики, бундай ўсиш ҳисоботларни йиғиш, юридик ва жисмоний шахсларнинг танланма кузатувларини ўтказиш, электрон рақамли имзодан фойдаланган ҳолда электрон ҳисобот шаклларини йиғишни ташкил этиш билан боғлиқ масалаларни ҳал этишни талаб этмоқда.
Соҳани мувофиқлаштириш ва функционал тартибга солиш, ягона статистика услубияти ва кузатувлари шаклларини тасдиқлаш - давлат статистикаси ваколатли органининг ҳуқуқи эмас, балки унинг ваколати сирасига киради. Шунинг учун ҳам қонуннинг 5-моддаси:
давлат статистикаси ваколатли органи соҳани мувофиқлаштириб бориш ва функционал тартибга солиш ишини амалга ошириши;
ягона статистика услубияти ва давлат статистика кузатувлари шаклларини тасдиқлаши;
бошқа давлат ва хўжалик бошқаруви органлари билан идоравий статистика кузатувлари шаклларини келишиб олиши ҳақидаги норма билан тўлдирилди.
Аслида давлат статистика кузатувлари иқтисодиётда ва жамиятда содир бўлаётган ҳодисалар ҳамда жараёнлар тўғрисидаги статистик маълумотларни изчил йиғиб боришдан иборат бўлиб, улар бирламчи ҳисоб ҳужжатлари асосида ҳам, бевосита кузатувлар йўли билан ҳам ўтказилади. Аммо амалдаги қонунда статистика кузатувларини ўтказиш услуби қайси орган томонидан белгилаб берилиши кўрсатилмаган эди. Шундан келиб чиқиб, статистика органларининг кузатув услубларини танлашдаги ваколатларни янада аниқлаштириш учун қонуннинг 11-моддаси «давлат статистика кузатувларини ўтказиш услуби, агар қонун ҳужжатларида бошқача қоидалар назарда тутилмаган бўлса, давлат статистикаси ваколатли органи томонидан белгиланади» тартибидаги қўшимча билан тўлдирилди. Бу эса соҳа фаолиятидаги айрим номутаносибликларга барҳам бериб, унинг ривожланишига қулай шароит яратади.
Насимжон АЛИМОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,
Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар қўмитаси аъзоси:
Ушбу ҳужжатда «Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик йили» давлат Дастурида ўз аксини топган вазифаларни рўёбга чиқариш масалаларига алоҳида эътибор қаратилганини таъкидлаш жоиз. Чунки кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари учун қулай бизнес муҳити яратиш, улар фаолиятидаги ортиқча бюрократик тўсиқларни олиб ташлаш ҳамда текширишларни янада қисқартириш - партиямизнинг дастурий мақсадларидандир. Шу боисдан ҳам O`zLiDeP фракцияси аъзолари қонунга электоратимиз манфаатларидан келиб чиққан ҳолда ёндошдилар.
Жумладан, ҳозирги кунда «Хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятини давлат томонидан назорат қилиш тўғрисида»ги қонуннинг 9-моддасига асосан мазкур субъектларнинг молия-хўжалик фаолиятини текшириш солиқ органлари томонидан амалга оширилмоқда. Шундан келиб чиқиб, статистика органлари томонидан ҳисоботларнинг ишончлилигини экспертизадан ўтказиш замонавий дастурий-техника воситаларидан фойдаланган ҳолда амалга оширилмоқда. Аммо баъзи ҳолларда маълумотларни йиғишда қоидабузарлик ва хатоликларга йўл қўйилаяпти. Уларнинг олдини олиш мақсадида қонуннинг 6-моддасига тақдим этилган давлат статистика ҳисоботлари тўлиқлиги, холислиги ва ишончлилигини экспертизадан ўтказиш, қоидабузарликлар аниқланган тақдирда, уларни бартараф этиш ҳақида кўрсатма бериш ҳамда статистика кўрсаткичларига тегишли тузатишлар киритишни назарда тутувчи қўшимча киритилди.
Қонундан тадбиркорлик субъектлари учун қулай шарт-шароит яратиш, уларнинг молия-хўжалик фаолиятига назорат қилувчи органлар томонидан ортиқча аралашувларни қисқартиришга йўналтирилган норма ҳам жой олди. Бундан буён давлат статистика органлари мутахасссисларининг бирламчи молиявий ҳужжатларга кириш ҳуқуқи чегараланиб, хизмат бинолари ва ер участкаларига киришлари фақат зарур ҳоллардагина амалга оширилиши белгилаб қўйилди.
Қонунни тайёрлашда Германия, Болгария, Чехия каби давлатларнинг қонунчилик тажрибаси ҳам ҳисобга олинди. Маълумки, айни пайтда замонавий халқаро статистика амалиётида маълумотларни йиғишнинг прогрессив усуллари жорий этилмоқда. Бунда хўжалик юритувчи субъектлар статистика органларига бормасдан, маълумотларни, шу жумладан, ҳисоботларни электрон имзодан фойдаланган ҳолда интернет тармоғи орқали тақдим этадилар. Шундан келиб чиқиб қонуннинг 13-моддасини «давлат статистика кузатувлари шакллари бўйича статистика маълумотлари ва ҳисоботлари қонун ҳужжатларига мувофиқ қоғозда ёки электрон шаклда тақдим этилиши мумкин» деган норма билан тўлдирилди. Бу ўз навбатида, тизим самарадорлигини, статистика ахборотларининг тезкорлиги ва сифатини янада ошириш имконини беради.
Хулоса қилиб айтганда, «Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик йили» Давлат дастури доирасида қабул қилинган мазкур қонун кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари ишини енгиллаштириб, меҳнат унумдорлигини оширишга хизмат қилади. Таъкидлаш жоизки, ўтган 2011 йилда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, хусусан O`zLiDeP фракцияси аъзолари томонидан тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқий манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган бир қатор қонун лойиҳалари ишлаб чиқилди ва қабул қилинди. «Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида», «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонунлар шулар жумласидандир.
Ўтган йилда, шунингдек, Юртбошимизнинг «Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш Концепцияси»да таклиф этилган қонун лойиҳалари устида ҳам жиддий изланишлар олиб борилди. Бу жараёнда фаол қатнашаётган O`zLiDeP фракцияси аъзолари айни кунда такомилига етказилаётган «Тадбиркорлик фаолияти соҳасидаги рухсатномалар бериш тартиб-қоидалари тўғрисида», «Рақобат тўғрисида», “Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳаларига партия электорати манфаатлари нуқтаи назаридан ёндошиб, уларга асосли таклифлар бермоқдалар.
Обсудить новость на Форуме
25 декабря 2024
« | Декабрь 2024 |
Пн | Вт | Ср | Чт | Пт | Сб | Вс |
1 | ||||||
2 | 3 | 4 | 5 | 6 | 7 | 8 |
9 | 10 | 11 | 12 | 13 | 14 | 15 |
16 | 17 | 18 | 19 | 20 | 21 | 22 |
23 | 24 | 25 | 26 | 27 | 28 | 29 |
30 | 31 |