18:45 15.08.2012 | Все новости раздела "Либерально демократическая партия Узбекистана"
Янги қонун ўрта синф манфаатига хизмат қилади
Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, мазкур қонун ишлаб чиқулгунга қадар ҳуқуқбузарликларнинг профилактикаси субъектлари ўртасидаги ўзаро ҳамкорликнинг ҳуқуқий механизмлари талаб даражасида мустаҳкамланмаган эди. Бу эса, айни пайтда, ҳуқуқбузарликлар профилактикасининг бутун тизимини ташкил этишда ягона ёндашувнинг мавжуд эмаслигига олиб келаётганди. Ана шундай муаммолар ва соҳадаги фаолият асосларини мустаҳкамлайдиган нормалардаги бўшлиқларни тўлдиришга хизмат қилувчи янги қонун замиридаги асосий ғоя ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишнинг кўп қиррали тизимини амалга ошириш принципи негизида давлат тузилмалари, ўзини ўзи бошқариш органлари, фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари учун ҳуқуқбузарликлар профилактикасининг қонуний асосини мустаҳкамлашдан иборатдир. Қонун лойиҳаси, шунингдек, ҳуқуқбузарликларни келтириб чиқаруви сабаблар ва уларнинг содир этилишига имкон берувчи шарт-шароитларни аниқлаш, ҳуқуқбузарликларни бартараф этиш чораларини амалга оширишга йўналтирилган умумий, махсус, якка тартибдаги ва виктимологик профилактикани ташкил этиш ва амалга ошириш ҳамда ҳуқуқбузарликлар профилактикаси субъектлари фаолиятини тартибга солишга хизмат қилади.Амалда қўлланилаётган ҳуқуқий база таҳлиллари ҳам ҳозирги кунда ҳуқуқбузарликлар профилактикаси масалалари айрим қонун нормалари, ҳукумат қарорлари, идоравий ҳужжатлар билан тартибга солинаётганини кўрсатаяпти. Бу эса ўз-ўзидан мутасадди ташкилотларга ўз ҳаракатини мувофиқлаштириш ва самарадорлигини таъминлаш имконини бермаётган эди. Бош прокурор ташаббуси билан киритилган қонун эса ана шундай камчиликларга барҳам бериб, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси субъектларининг вазифа ва ваколатларини аниқ белгилаб бермоқда. Маълумки, ҳуқуқбузарликлар профилактикасининг асосий йўналишларига одам савдоси ва ахлоқ-одоб доирасидаги, вояга етмаганлар ўртасида назоратсизлик ва ҳуқуқбузарликлар киради. Қонун лойиҳасида, шунингдек, ҳуқуқбузарликлар профилактикасини ташкил этиш, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси субъектларининг қонун доирасида иш олиб бориши ва ундан четга чиқишга йўл қўйилмаслигига ҳам алоҳида урғу берилган.Энг асосийси эса қонун лойиҳасининг жиноятчиликка қарши кураш, жамоат тартибини сақлаш ва ҳуқуқбузарликлар профилактикаси соҳасидаги амалдаги қонунчиликни модернизация қилишга қаратилганидир. Зеро, мазкур лойиҳа мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва кучли фуқаролик жамиятини шакллантириш стратегиясига уйғун бўлиб, айни пайтда юзага келаётган янги таҳдидлар ва хавф-хатарларнинг олдини олишга ҳам хизмат қилади.Қонуннинг қабул қилиниши давлат тузилмалари билан турли жамоатчилик институтлари ўртасидаги ўзаро ҳамкорликни такомиллаштириш имконини беришини ҳам таъкидлаш лозим.Қонун лойиҳасида ҳуқуқбузарликлар профилактикасининг йўналишлари ва ҳуқуқбузарликлари профилактикасини амалга оширувчи органларнинг ваколат доиралари аниқ белгилангани O`zLiDePнинг Сайловолди дастури, тадбиркорлар ва ишбилармонлар манфаатига мос келишини айтиш ўринлидир. Чунки янги қонун «Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида»ги қонун ва тадбиркорликка тааллуқли бўлган бошқа қонун ҳужжатларининг тўлақонли ишлаши учун ҳам қулай шароитлар яратади. Яъни ҳуқуқбузарликлар профилактикаси билан шуғулланувчи субъектлар фаолияти мазкур қонун билан тартибга солинмоқда ҳамда ҳар бир субъект ваколатлари аниқ белгилаб берилмоқда. Бу эса мамлакатимизда тинчлик ва осойишталикни янада мустаҳкамлашга хизмат қилади, албатта. Зеро, қаерда тинчлик ва осойишталик бўлса, иқтисодиётни жадал ривожлантириш, ишбилармонлик учун қулай муҳит яратилади. Шу сабабли ҳам мазкур қонун O`zLiDeP фракцияси аъзолари томонидан тўла маъқулланди.
Фахриддин КОМИЛОВ,Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати, O`zLiDeP фракцияси аъзоси
Обсудить новость на Форуме