19:45 02.05.2013 | Все новости раздела "Либерально демократическая партия Узбекистана"

ЯНГИЛАНИШЛАР ЖАРАЁНИДА АГРАР СОҲА ҚОНУНЧИЛИГИНИ ТАКОМИЛЛАШТИРИШ ЯНАДА МУҲИМДИР

 Ўзбекистон Республикаси Олий  Мажлиси Қонунчилик палатасининг Аграр ва сув хўжалиги масалалари қўмитаси қуйи палатанинг Ахборот хизмати билан ҳамкорликда “Ўзбекистонда амалга оширилаётган демократик янгиланишлар жараёнида аграр соҳа қонунчилигини такомиллаштириш масалалари” мавзуида онлайн матбуот анжумани ўтказди.  Анжуман Қорақалпоғистон Республикаси ва барча вилоятлар билан видеоконференция шаклида ташкил этилди.  Тадбирда Ўзбекистонда амалга оширилаётган демократик янгиланишлар жараёнида қишлоқ хўжалигини ривожлантиришга қаратилган кенг қамровли ислоҳотлар ва уларнинг натижалари, аграр соҳага оид  ҳуқуқий базани такомиллаштириш бўйича амалга оширилган ишлар тарғибот-ташвиқоти, фаолиятлар таҳлили ва навбатдаги устувор вазифалар хусусида маълумот берилди.  Унда Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг тегишли дастур ва қарорлари асосида Қўмита томонидан соҳага оид қонунчиликни янада такомиллаштириш бўйича парламент ва депутатлик ваколатлари доирасида олиб борилаётган кенг қамровли ишлар ва дастурий вазифалар таҳлил этилди. - Аграр соҳага оид ҳуқуқий асосларни янада мустаҳкамлаш борасида тизимли равишда ишлар, амалий изланишлар олиб бориш Қўмитанинг бирламчи ва доимий эътиборда бўлган масалалардандир, - деди матбуот анжуманида иштирок этган Аграр ва сув хўжалиги масалалари қўмитаси раиси М.Тешабоев. - Қишлоқ хўжалигини тубдан ислоҳ қилиш, қишлоқ хўжалигида фермер хўжаликлари фаолияти билан бевосита боғлиқ ишлаб чиқариш ва бозор инфратузилмасини барпо этиш, қишлоқда ҳақиқий мулкдорлар синфини шакллантириш, қишлоқ аҳолиси даромадларини кўпайтиришга қаратилган амалдаги қонунлар ҳамда тегишли қонуности ҳужжатларни чуқур ва атрофлича таҳлил қилиш, мавжуд камчиликларни бартараф этиш ва уларни янада такомиллаштиришга доир амалий таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқиш, янги қонунларга бўлган заруратни ўрганиш масалалари долзарб аҳамият касб этади. Бу борада қабул қилинаётган қонунларимиз мукаммаллигини таъминлаш мақсадида Қўмита ҳузурида амалиётчи олимлар, ҳуқуқшунослар ҳамда соҳанинг етук мутахассисларидан иборат жамоат экспертлар гуруҳи иш олиб бормоқда.  Тадбирда таъкидландики, мамлакатимиздаги жадал ўзгаришлар жараёнида қишлоқ хўжалиги соҳасини ислоҳ қилиш ва эркинлаштириш бўйича ислоҳотларни ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамлаш ҳам устувор йўналишдир. Бугунги кунда аграр соҳасига оид 17 та асосий қонун ҳамда улар асосида 110 дан ортиқ қонуности ҳужжатлар қабул қилинган.  - Белгиланган вазифалар ва амалий ҳаракатлар қонунлар ижроси устидан парламент назоратини таъминлаш, ваколатлар доирасида уларнинг тўла амалга оширилишига жиддий аҳамият берилиши билан узвий боғлиқ масалалардандир, – дейди Қўмита аъзоси  Фахриддин Комилов. – Ўтган давр мобайнида Қўмитанинг назорат-таҳлил фаолияти якунлари юзасидан 11 та кенгайтирилган мажлис ўтказилган бўлиб, унда билдирилган амалий хулоса ва тавсиялар бўйича тегишли қарорлар қабул қилинди.  Матбуот анжуманида Президентимизнинг “Ўзбекистонда фермерлик фаолиятини ташкил қилишни янада такомиллаштириш ва уни ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ҳамда “2012-2016 йилларда қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришини янада модернизация қилиш, техник ва технологик жиҳатдан қайта жиҳозлаш дастури тўғрисида”ги қарори асосида фермер ва деҳқон хўжаликлари, ўсимликлар карантини, селекция тўғрисидаги қатор қонунларга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш, асаларичилик ривожи ва қишлоқ хўжалигида кооперация тўғрисидаги қонун лойиҳалари устида олиб борилган ишларга батафсил тўхталиб ўтилди.  Хоразм, Қорақалпоғистон ва Бухоро вилояти журналистлари Қўмитанинг ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш, ҳосилдорликни ошириш борасидаги фаолияти билан қизиқди. Бу саволларга жавобан ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш мақсадида махсус жамғарма ташкил этилгани, мутасадди идоралар билан ҳамкорликда бу масалада турли тадбирлар ўтказилаётгани, ҳосилдорлик паст ерларда алмашлаб экишни йўлга қўйишга қаратилган чоралар белгиланаётгани маълум қилинди.Қайд этилдики, соҳадаги ислоҳотлар жараёнини чуқур таҳлил этиш, бу борадаги қонун ижодкориги йўналишларини белгилаб олиш мақсадида Қўмита эшитувларини ўтказиш йўлга қўйилган. Бундай эшитувларда иқтисодиёт тармоғи вазирликлари ва соҳага ихтисослашган илмий муассасалар раҳбарлари ахборотлари тингланган.  Қўмитанинг 2012 йилги назорат-таҳлил фаолияти ҳамда эшитувлари, асосан, соҳага оид қонуности ҳужжатлар билан ишлаш масалаларига қаратилди. Уларда қабул қилинган тавсияларга мувофиқ, “Давлат ер кадастри тўғрисида”ги, “Давлат кадастрлари тўғрисида”ги, “Ветеринария тўғрисида”ги, “Наслчилик тўғрисида”ги қонунларда белгиланган ҳавола нормалар асосида 50 дан ортиқ қонуности ҳужжатлар ишлаб чиқилган ва ўрнатилган тартибда рўйхатдан ўтказилган.  Шунингдек, 2010-2012 йиллар давомида Қўмита аграр соҳага оид ҳуқуқий асосларни мустаҳкамлаб бориш, қонун ҳужжатларини ҳаётга татбиқ этишнинг процессуал механизмларини яратиш, янги қонун лойиҳаларини ишлаб чиқиш, соҳадаги мавжуд муаммо ва уларни ҳал этиш йўллари ҳамда амалдаги қонун ҳужжатлари мазмун-моҳияти тарғиботига оид тадбирлар ҳам ўтказган. Жумладан, айни масалаларда 12 та конференция, 30 та семинар, 25 та давра суҳбати, 27 та кенгайтирилган мажлис ва 50 дан ортиқ амалий учрашув ташкил этилган.    Матбуот анжуманида Қўмита ўтказган ҳар бир тадбирнинг самарадорлик даражасини аниқлашда қонунчиликни ривожлантиришга оид аниқ таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқиш асосий мезон қилиб олингани, бунинг натижасида Қўмита аъзолари томонидан соҳадаги ислоҳотлар муваффақиятли амалга оширилишини таъминлашга қаратилган 380 дан ортиқ асослантирилган таклифлар ишлаб чиқилгани билдирилди.  Анжуманда Қўмита фаолиятига оид махсус видеоролик намойиш этилди. Шунингдек, икки қисмдан иборат Ахборотнома ҳамда Қўмита томонидан тайёрланган “Ўзбекистон Республикасининг аграр қонунчилиги” китобининг тақдимоти бўлиб ўтди.  Мазкур амалий қўлланмалар аграр соҳадаги ислоҳотларнинг, соҳани давр талабларига мувофиқ тарзда эркинлаштириш ва модернизациялаш чора-тадбирларини қўллаш ва  фойдаланиш кўламини кенгайтиришга қаратилган қонунлар, Ўзбекистон Республикаси Президенти фармонлари ва қарорлари, Вазирлар Маҳкамаси қарорлари ва фармойишлари, тегишли вазирлик ва идоралар меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларининг самарадорлигини оширишга қаратилган.         Матбуот анжумани Ўзбекистонда амалга оширилаётган демократик янгиланишлар жараёнида аграр соҳа қонунчилигини такомиллаштириш масалалари ҳамда Қўмита фаолияти юзасидан савол-жавобларга бой бўлди. Марказий ва ҳудудий ОАВ вакиллари ўзларининг барча саволларига батафсил жавоб олди.
O‘zLiDeP Матбуот хизмати
 

Источник: Либерально демократическая партия Узбекистана

  Обсудить новость на Форуме