03:00 19.05.2013 | Все новости раздела "Либерально демократическая партия Узбекистана"
ЯНГИЧА ТАЛАБЛАР ДАРАЖАСИДА ИШЛАШ МАСЪУЛИЯТИ
Сиёсий партиялар фракцияларига кенг имкониятлар яратиб берган қонун кучга кирганидан бери қарийб бир ой ўтди. Хўш, мазкур қонун нормаларини ҳаётга жорий этиш жараёни қандай кечмоқда?
Мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар муваффақияти сиёсий партияларнинг етуклик даражаси, уларнинг Ватан тараққиёти йўлидаги улкан масъулиятни ўз зиммасига олишга қанчалик тайёрлиги, фуқароларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллиги ва ҳуқуқий маданиятига кўп жиҳатдан боғлиқ экани ҳеч кимга сир эмас. Юртимиз сиёсий ҳаётида юз бераётган демократик янгиланишларнинг мазмун-моҳиятига шу жиҳатдан ёндашганда, яқинда қабул қилинган «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Регламенти тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги қонун сиёсий партиялар фракцияларига ўз ваколатларини янада самаралироқ рўёбга чиқариш учун янги имкониятлар яратганини алоҳида таъкидлаш жоиз. Ушбу қонуннинг кучга кириши, энг аввало, парламент қуйи палатасида қонун лойиҳаларини кўриб чиқишнинг барча босқичларида, яъни уни кўриб чиқиш учун қабул қилишдан тортиб уч ўқишда кўриб чиққунча сиёсий партиялар фракцияларининг фикр ва мулоҳазалари инобатга олинишини асосий ўринга чиқарди. Хусусан, қонунда «Фракцияларнинг қонун лойиҳаси бўйича фикрлари ва таклифларисиз масъул қўмита ушбу қонун лойиҳаси юзасидан ўз хулосасини чиқариш ҳуқуқига эга эмас», «Фракцияларнинг қонун лойиҳаси бўйича фикрлари ва таклифлари ҳисобга олиниши шарт», каби нормаларнинг қатъий белгилаб қўйилиши бу борада яратилган энг муҳим ҳуқуқий асослардан бири бўлди. Зеро, янги қонун сиёсий партия фракцияларига жуда катта имкониятлар бериш баробарида улар зиммасидаги масъулиятни ҳам кескин оширди. Ва, албатта, бу ҳолат фракциялардан қонун лойиҳалари устида ишлаш борасида ўз амалиётини янги талаблар даражасида қайта кўриб чиқишни тақозо этгани кўзга ташланади. Кези келганда, мазкур қонун кучга кирганидан буён ўтган сал кам бир ойлик муддат ичида сиёсий партиялар фракциялари фаолиятида қандай ўзгаришлар юз берди, деган савол туғилади. Хўш, янги қонун талабларини ҳаётга татбиқ этиш жараёнида қандай чора-тадбирлар амалга оширилди ва улардан кутилаётган натижалар нималарда кўринади? Қонун ижодкорлиги жараёнининг янада демократлаштирилгани сиёсий партиялар ва уларнинг парламентдаги фракциялари олдига қандай вазифалар қўймоқда? Бу саволларга Қонунчилик палатасида энг кўп ўринга эга бўлган O’zLiDeP партияси фракцияси фаолияти мисолида жавоб қайтаришга ҳаракат қилиб кўрамиз. Энг аввало, янги қонуннинг янги талабларини фракция фаолиятига жорий этиш бўйича чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилганини қайд этиш лозим. Унга кўра, фракция аъзолари учун бир қатор семинар-тренинглар ўтказиш орқали уларда янги талаблар даражасида ишлаш кўникмаларини шакллантириш, қонун лойиҳалари устида ишлаш фаолиятига янги услубларни жорий этиш, фракция қошида фаолият юритаётган Экспертлар кенгаши ишини янада кучайтириш сингари қатор масалалар ўз аксини топди. Очиғини айтганда, янги талаблар даражасида ишлаш фракциядан, унинг ҳар бир аъзосидан жуда юқори партиявий интизомни ҳам талаб этади. Фақат шу асосдагина фракция янги талабалар асосида ўз ишини йўлга қўйиши мумкин. Муҳими, ташкилий йўналишлардаги масалаларни ҳал қилиш баробарида янги қонун талаб қилаётган форматда ишлаш режимига ўтилди. Биринчидан, депутатларнинг таклиф ва тавсиялар сони ошаётган бўлса, иккинчидан, эндиликда улар нафақат ўзлари масъул этиб бириктирилган қонун лойиҳалари юзасидан, балки палата муҳокомасига киритилаётган барча қонун лойиҳалари бўйича ҳам фаоллик кўрсатишга ҳаракат қилмоқдалар. Лойиҳалар муҳокамаси нафақат улар юзасидан фракциянинг фикрини шакллантириш учун ўтказиладиган расмий тадбирлар, балки ҳар бир қонун лойиҳаси устида чуқур таҳлилий ишларни амалга оширишга қаратилган ишчи йиғилишларида ҳам амалга оширила бошланди. Албатта, бундай муҳокамалар механизми ҳали такомилга етказилади, улар учун мос процедуралар ҳам ишлаб чиқилади. Лекин ҳозирнинг ўзида бундай муҳокамалар депутатларда тегишли қонун лойиҳалари учун нафақат масъул қўмита, балки фракциялар ҳам масъул эканини, қолаверса, айнан мана шу муҳокамалар қонун лойиҳаларида ўз электорати манфаатларини, партиянинг Сайловолди платформасида эълон қилинган қоидаларни тўлароқ акс эттириш имконини беришини тобора чуқурроқ англаб етмоқдалар. Шу билан бирга қонун лойиҳаларининг тегишли қўмиталар билан бир вақтнинг ўзида фракцияларга берилиши билан боғлиқ янгича тартиб электорат манфаатига хизмат қилувчи қонун лойиҳаларини жойларда кенг жамоатчиликни жалб этган ҳолда батафсил муҳокама қилиш, лойиҳа юзасидан фракция нуқтаи-назарини тайёрлашда тадбиркорлар, аҳолининг бошқа қатламлари фикрларини инобатга олиш имконини яратди. Агар қабул қилинаётган қонунлар аввало уларнинг ҳаёт фаолиятига бевосита даҳлдор эканлигини ҳисобга олсак, уларнинг қабул қилинишида ушбу аҳоли қатламларининг фикрлари ўрганилишининг нақадар аҳамиятга эга эканлигини англаш қийин эмас. Албатта, фракция фаолиятида ушбу услуб аввал ҳам қўлланилган бўлса-да, эндиликда янги талаблар асосида бу иш тизимли ва бир мунча мукаммаллашган шакллар асосида амалга оширилаяпти. Шу кунларда фракция партия Ижроия қўмитасининг тегишли бўлимлари ва ҳудудий бўлинмалари билан ҳамкорликда Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва барча вилоятларда Қонунчилик палатаси муҳокамасига киритилган «Акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш» ҳамда «Гаров реестри тўғрисида»ги қонун лойиҳалари тадбиркорлар, фермерлар, маҳаллий кенгаш депутатлари ва мутахассислар иштирокида атрофлича кўриб чиқилаётгани ва уларда бир қатор амалий таклифлар тўпланганини таъкидлаш жоиз. Муҳими, фракция аъзолари учун ўз ҳудудида фаолият юритаётган тадбикорлик субъекти вакилларини ўйлантираётган ҳаётий муаммолар билан яқиндан танишиб бориш имконияти янада кенгайди. Бу эса келиб тушган қонун лойиҳасининг масъул қўмита билан бир вақтда фракцияга берилганининг амалдаги самараси бўлди, дейиш мумкин. Қонунга киритилган ўзгартишлар қонун лойиҳалари муҳокамасида айнан фракциялар томонидан билдирилган фикр ва мулоҳазаларга асосий урғуни қаратганлиги таклифлар сифатига талабни кучайтиради, уларнинг чуқур таҳлил қилинган ва етарли асослантирилган бўлишини тақозо этади. Айнан мана шу ҳолат O’zLiDeP фракцияси қошида фаолият юритаётган Эксперт кенгаши фаолиятини ҳам тубдан яхшилаш ва янада жонлантириш лозимлигини кўрсатади. Бугунги кунда фракция Эксперт кенгашининг ўзагини ташкил этган йирик мутахассислар томонидан қонун лойиҳалари устида чуқур таҳлилий ишлар амалга оширилиб, улар юзасидан тегишли таклифлар шакллантирилмоқда. Экспертлар кенгаши фаолиятини янада кучайтириш, унинг таркибини ёш, иқтидорли олимлар, мутахассислар, тадбиркорлик субъекти вакиллари ҳисобига кенгайтириш масалалари ҳам муҳокама қилинмоқда. Қонун лойиҳалари юзасидан билдирилаётган фикрларни шакллантиришда мамлакатимизнинг бир қатор етакчи ташкилотлари, хусусан, Фанлар академиясининг қатор институтлари, Ўзбекистон Миллий университети, Юридик институт, Молия институти, Савдо-саноат палатаси, ННТМА, кўплаб нодавлат тадқиқот марказларининг мутахассислари томонидан билдирилаётган мулоҳазалар ҳам муҳим аҳамият касб этмоқда. Айни пайтда Қонунчилик палатаси муҳокамасига киритилган қонун лойиҳалари юзасидан ишлар айнан шу асосда ташкил этилганини қайд этиш мумкин. Хусусан, «Умумий фойдаланишдаги ҳаво, темир йўл, ички сув ва автомобиль транспорти йўловчиларининг мажбурий шахсий суғуртаси тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартишлар киритиш ҳақида», «Мансабдор шахсларнинг жавобгарлиги институти такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида», «Суд тизими янада такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида», «Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳаларини биринчи ўқишда кўриб чиқишга тайёрлаш жараёнида фракция позицияси депутатлар ва экспертлар фикрини атрофлича ўрганган ҳолда ишлаб чиқилиб, масъул қўмиталарга тақдим этилди. Бир сўз билан айтганда, янги қонун талаблари асосида ўтган Қонунчилик палатасининг биринчи ялпи йиғилишида ҳар бир фракция қонун лойиҳалари юзасидан ўзлари билдирган фикр ва мулоҳазаларга масъул қўмита муносабатини билиш имконига ҳам эга бўлдилар. Маълумки, эндиликда қонун лойиҳаларини тақдим этаётган ҳар бир маърузачи уни тайёрлашда қайси фракция қай даражада иштирок этгани, қанча таклиф киритгани ва улар қонун лойиҳасида қай даражада ўз аксини топгани ҳақида батафсил маълумот бериши лозим. Хулоса қилиб шуни айтиш мумкинки, янги қонуннинг янги талаблари асосида фракциялар фаолиятида ўзига хос қўзғалиш рўй берганлигини таъкидлаш мумкин. Зеро, ўтган бир ойлик муддат давомида фракциялар фаолиятида юз бераётган ўзгаришлар, мавжуд имкониятлардан фойдаланишга бўлган қатъий ҳаракатлар шундан далолат бермоқда. Тўғри, ҳали янгича талаблар асосида ишни йўлга қўйишда муайян камчиликлар, амалга оширилиши лозим бўлган ишлар миқёси ундан ҳам ортиқ. Лекин, мавжуд имкониятлар, қолаверса, депутатлик корпусидаги интилиш бу борада тегишли тажрибага, ўз навбатида эса амалга оширилаётган ишлардан кўзланган асосий мақсад — Қонунчилик палатасида қонунларни муҳокама қилиш ва қабул қилиш жараёнларини янада демократлаштириш, ушбу жараёнларда сиёсий партиялар фракцияларининг роли тобора ошиб боришига хизмат қилади, албатта.
Озод РАЖАБОВ,
"XXI" аср ижтимоий - сиёсий газетаси2013 16 май, 19 (495)-сон
Обсудить новость на Форуме