15:00 16.08.2013 | Все новости раздела "Либерально демократическая партия Узбекистана"
ЯНГИ ЖАМҒАРМА – КИЧИК БИЗНЕС УЧУН ЯНА БИР ИМКОНИЯТ
Ўзбекистон Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки ҳузурида Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси ва унинг ҳудудий филиаллари ташкил этилиши жойлардаги тадбиркорлик субъектларининг экспорт салоҳиятини оширишга қулай шарт-шароитлар яратади. Ўтган асрнинг тўқсонинчи йиллари бошида, мустақиллик шамоли эсиб, халқимизнинг ўзлигини англаш жараёнлари бошланган вақтларда мустабид тузум гумашталарининг “ўзбеклар ҳатто кетмон сопини ҳам ишлаб чиқара олмайди, шундай экан уларга мустақиллик нимага керак?” деган таънали сўзларини ҳам эшитганмиз. Ўша пайтдан буён ҳали чорак аср ҳам ўтмаган шу кунларгача эришган буюк ютуқларимиз бундай гумашталарнинг пилигини пасайтириш билан бирга халқимизнинг ғурурини юксалтирмоқда. Жонажон Ватанимизни дунёдаги тараққий топган демократик давлатлар қаторига кўтаришдек улуғ мақсадларни дилимизга тугиб, шундай юксак уфқлар сари дадил бораётганимиз самараларини аллақачон кўрмоқдамиз.Андижон вилояти иқтисодиётида кичик бизнес ва хусусий тадбирокорлик субъектларининг улуши йил сайин ошиб бормоқда. Бугунги кунда Андижонда ишлаб чиқарилаётган, хорижникидан асло қолишмайдиган пойабзал, кийим-кечак, спорт товарлари, турли-туман кундалик эҳтиёж маҳсулотлари билан ҳеч кимни ажаблантира олмайсиз.Хорижий бозорларни маркетинг қилишдаги қийинчиликлар, ишлаб чиқарилган маҳсулотлар экспорти имкониятларини аниқлашдаги муаммолар кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик соҳаси вакилларини ўйлантирадиган жиддий масалалардан бири эди. Янги жамғарма иш бошлаши билан бу муаммолар ечимига доир амалий чора-тадбирлар кўрилади, хусусан, жамғарма томонидан кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари ишлаб чиқараётган маҳсулотлар тури ва номенклатураси таҳлил этиб борилиб, уларнинг ташқи бозорлардаги рақобатбардошлиги даражасини аниқлаш, тегишли маълумотлар базасини яратиш, унинг асосида халқаро ва ҳудудий бозорлардаги талаблар бўйича ишлаб чиқарилган маҳсулотларнинг экспортга мослигини таъминлашга қаратилган таклифлар ишлаб чиқилади. Жамғарма ташкил этилишининг муҳим жиҳатларидан яна бири шундаки, у кичик бизнес маҳсулотларини ташқи бозорларга олиб кириш борасида тадбиркорлик субъектларига юридик, молиявий ва ташкилий хизматлар кўрсатади, аниқ харидорларни топиш, шартномалар тайёрлаш ва тузиш, экспорт операцияларини кузатиш, экспорт қилувчини эҳтимолий хавфлардан ҳимоялаш, шунингдек, хорижий мамлакатларда талаб этиладиган лицензиялар, сертификатлар ва бошқа рухсатлар олишда ёрдам беради. Жамғарманинг муваффақиятли фаолият кўрсатиши, шубҳасиз, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг иқтисодий жиҳатдан янада бақувват бўлиши, уларнинг иқтисодиётимиздаги улуши янада ўсишига хизмат қилади.
Обсудить новость на Форуме