17:30 30.04.2013 | Все новости раздела "Либерально демократическая партия Узбекистана"
ЯНГИ ЛОЙИҲАЛАР БАРЧАНИНГ МАНФААТИГА ХИЗМАТ ҚИЛАДИ
“Кичик бизнес ва тадбиркорликнинг ривожланиши обод турмушнинг муҳим шарти” форуми доирасидаги “Лойиҳаларимиз ёшлар, тадбиркорлар ва ҳар бир оилага” партиявий лойиҳалар тақдимотининг навбатдагиси Хоразм вилоятида бўлиб ўтди. Анжуманда “Мулкдор оила - 2013”, “Тадбиркорлик тамойиллари ва ишбилармонлик имкониятлари”, “Оилавий тадбиркорликдан мустаҳкам оилага”, “Соғлом оила – мустаҳкам оила”, “Парламентда менинг ўрним”, “Агар мен депутат бўлсам”, “Диплом билан бизнесга”, “Ишбилармон талаба”, “Ёш олимлар ва тадқиқотчилар – 2013” каби партиявий лойиҳалар иштирокчилар эътиборига ҳавола этилди. – “Обод турмуш йили” Давлат дастурининг қабул қилиниши ҳар бир юртдошимиз зиммасига алоҳида масъулият юклайди, – деди тадбирда сўзга чиққан O‘zLiDePнинг Қонунчилик палатасидаги фракцияси аъзоси Б.Машарипова. – Партиямиз ушбу масъулиятни чуқур ҳис этиб, ўз лойиҳаларини амалга ошириш орқали мамлакатимизда юз бераётган ижтимоий-сиёсий жараёнларда фаол иштирок этишга интилмоқда. O‘zLiDeP Хоразм вилоят Кенгаши раиси Ғ.Жуманиёзов бу борадаги саъй-ҳаракатлар ўзининг амалий натижаларини бераётганини таъкидлади. Унинг айтишича, ўтган йили партиянинг ҳамкор ташкилотлар билан биргаликдаги лойиҳаларида 20 мингдан ортиқ киши иштирок этди. Битирувчилар, кичик бизнес ва фермерлик ҳаракати вакиллари, хотин-қизлардан иборат иштирокчиларнинг 1700 дан ортиғига ўз бизнесини йўлга қўйиш ва ривожлантириш учун тижорат банклари орқали қарийб 8 миллиард сўмлик кредитлар ажратилишига эришилди. - O‘zLiDePнинг партиявий лойиҳалари ҳар бир ёш, тадбиркор ва оила манфаатларига қаратилгани учун ҳам жуда муҳимдир, – дейди тадбирда сўзга чиққан Миллий банк Урганч филиали бошқарувчиси ўринбосари М.Бозорбоев. – Бу лойиҳаларнинг муваффақиятли амалга оширилишидан тузилмавий тегишлилигидан қатъий назар барча ташкилотлар манфаатдордир. O‘zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси Ёшлар билан ишлаш бўлими мудири Б.Очилов йиғилганларни партиянинг йиллик Ҳаракат дастури мазмун-моҳияти билан таништирди. “Ҳаракат дастуримиз O‘zLiDeP Сайловолди платформасида белгиланган вазифалардан, Президент маърузаларидан келиб чиқадиган устувор йўналишлар ҳамда қабул қилинган Давлат дастуридан келиб чиқиб тайёрланган. Бу дастурдан ўрин олган мақсад ва вазифаларни партиявий лойиҳаларимиз орқали амалга ошириш режалаштирилган”, - деди Б.Очилов. Тадбирда иштирокчиларга ҳамкорликдаги лойиҳаларни амалга ошириш механизмлари, уларнинг молиявий манбаларига оид маълумотлар берилди. Уларни қизиқтирган саволларга соҳа мутахассислари батафсил жавоб қайтарди. Тадбирда O‘zLiDePнинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси аъзолари, партия Сиёсий Кенгаши Ижроия Қўмитаси масъуллари, ҳамкор ташкилотлар мутасаддилари, битирувчи ёшлар, фаоллар иштирок этди. Анжуман якунида фаол, интилувчан ёшлардан 20 нафари O‘zLiDeP аъзолигига қабул қилинди.
O‘zLiDeP Хоразм вилоят КенгашиМатбуот хизмати
Обсудить новость на Форуме