08:00 25.01.2014 | Все новости раздела "Либерально демократическая партия Узбекистана"

ЯНГИ БОСҚИЧДАГИ ЯНГИ ВАЗИФАЛАР

Президентимизнинг “Ўзбекистонда фермерлик фаолиятини ташкил қилишни янада такомиллаштириш ва уни ривожлантириш чора-табирлари тўғрисида”ги фармони ислоҳотларнинг янги босқичида ижтимоий-сиёсий кучга айланиб бораётган қишлоқ мулкдорлари фаолиятини қўллаб-қувватлаш ва такомиллаштиришга қаратилган ниҳоятда муҳим ҳужжат бўлди.

O‘zLiDeP ишчи гуруҳи ташаббуси билан партия Уйчи тумани Кенгаши ва Наманган вилояти Фермерлари кенгаши ҳамкорлигида ташкил этилган ўқув семинари иштирокчилари ана шундай якдил фикрга келди. 

Тадбирда 170 та фермер хўжалиги раҳбарлари, қишлоқ хўжалигига алоқадор 10 та мутасадди идора, банк, лизинг ташкилотлари вакиллари иштирок этди.  

Тадбирни кириш сўзи билан очган туман хотин-қизлар қўмитаси раиси Насибахон  Собирова туманда иқтисодий ислоҳотларнинг  бориши, хусусан, фермер хўжаликларини ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш, уларни кўп тармоқли хўжаликларга айлантириш борасида амалга оширилган ишларнинг дастлабки  самаралари ҳақида сўз юритди. 

Тадбирда Президентимизнинг Конституциянинг 21 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги маърузасидан келиб чиқадиган вазифалар, айни пайтда тайёрланаётган “Соғлом бола йили” давлат дастури, жорий йилда барча вакиллик органларига бўлиб ўтадиган сайловлар хусусида ҳам фикр алмашилди.  

Ўқув семинарида сўзга чиққан O‘zLiDePнинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси аъзоси Равшанжон Асқаров бугунги кун талаблари кун сайин қудратли ижтимоий-сиёсий кучга айланиб бораётган фермерлик ҳаракатига янада қулай шарт-шароитлар яратиш ва унинг ривожланишини янги босқичга олиб чиқишни тақозо этаётганини таъкидлади. 

“Президентимиз фармонида соҳага комплекс ёндашувнинг аниқ ва равшан йўллари, бу борадаги муҳим вазифалар қатъий белгилаб берилган. Ҳужжатда, энг аввало, ижара муносабатларини ривожлантириш ва мустаҳкамлашга оид қонунчилик базасини янада такомиллаштириш, фермер хўжаликлари ҳуқуқлари, манфаатларини ҳимоя қилиниши ва самарали фаолият юритишини таъминлаш масалаларига эътибор қаратилди. Бу эса кичик бизнес, хусусий тадбиркорлик субъектлари ва фермерлар манфаатини ҳимоя қилаётган O‘zLiDePнинг парламентдаги фракцияси, шунингдек, партиянинг жойлардаги депутатлик гуруҳлари зиммасига алоҳида масъулият юклайди”, - деди Р.Асқаров. 

Вилоят Фермерлари кенгаши раиси С.Султонов фермерлар қишлоққа саноатни олиб кириш, аграр секторнинг барча тармоқларини ривожлантириш орқали минг-минглаб иш ўрни ташкил этиш ва қишлоқлар қиёфасини ўзгартиришда фаол иштирок этаётганини билдирди. 

- Фармонда Ўзбекистон фермер хўжаликлари уюшмаси ўрнига Ўзбекистон Фермерлари кенгашини ташкил этиш белгилангани, янги тузилма зиммасига фермерликни ривожлантириш, моддий ва молиявий базасини мустаҳкамлаш ва фермер хўжаликларининг мулкий муносабатлари ишончли ҳимоя қилинишини таъминлаш учун соҳага оид қонунчилик базасини янада такомиллаштириш юзасидан таклифлар ишлаб чиқиш вазифаси юклатилгани айни муддао бўлди, - дейди С.Султонов. - Чунки бундай таклифларнинг айни шу соҳа вакиллари билан ҳамкорликда тайёрланиши уларнинг ҳаётийлигини ҳам таъминлаб беради. Бу жараён, шубҳасиз, O‘zLiDeP аъзолари, партиянинг турли вакиллик органларидаги депутатларига жуда катта масъулият юклайди. Зеро, O‘zLiDeP Дастури ва Сайловолди платформасида қишлоқ мулкдорлари манфаатини ҳимоя қилиш, улар учун қулай шарт-шароитлар яратиш бирламчи масалалар сифатида белгилаб олинган. 

Ўқув семинари қизғин баҳс ва мунозаларларга, турли таклифларга  бой бўлди. Жумладан, “Матлуба фарзандлари - Шокирбек, Собирбек” фермер хўжалиги раҳбари Матлуба Тўрабоева янги қишлоқ хўжалиги техникасини лизингга олган хўжаликларга солиқдан имтиёзлар бериш, фермерлар етиштирган маҳсулотлар учун тўловларни ўз вақтида амалга ошириш юзасидан таклифлар билдирди. 

“Эгамберди полвон” фермер хўжалиги раҳбари Анвар Нурматов эса фермер хўжаликларида мавсумий ишлаётган аёллар иш стажида узилиш бўлмаслигини таъминлаш мақсадида улар учун фермер хўжаликлари ҳузурида тикувчилик, тўқувчилик цехлари ташкил этиш ҳақидаги таклифини илгари сурди. 

Умуман, O‘zLiDeP ишчи гуруҳи саъй-ҳаракати билан шу кунгача тумандаги 15 та фермер хўжалигида бошланғич партия ташкилотлари тузилди. Уларга 200 нафарга яқин киши аъзо бўлди. Яна ўнлаб фермер хўжаликлари раҳбарлари партияга аъзо бўлиш истагини билдирди.

Комилжон ФАЙЗИЕВ,O‘zLiDeP Наманган вилояти КенгашиМатбуот хизмати 

Источник: Либерально демократическая партия Узбекистана

  Обсудить новость на Форуме