19:15 26.04.2013 | Все новости раздела "Либерально демократическая партия Узбекистана"
ЯНГИ ҚОНУН ЛОЙИҲАЛАРИ МУҲОКАМАСИ
O`zLiDeP фракциясининг навбатдаги йиғилишида партия электорати манфаатларини янада самарали ҳимоя қилишда муҳим ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қиладиган бир қатор қонун лойиҳалари биринчи ўқишда кўриб чиқилди
Фракция аъзолари дастлаб «Олий малакали илмий ва илмий-педагог кадрлар тайёрлаш ва аттестациядан ўтказиш тизими янада такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартишлар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳасини муҳокама қилдилар. Депутатларнинг таъкидлашича, мазкур ҳужжат Президентимизнинг 2012 йил 24 июлдаги «Олий малакали илмий ва илмий-педагог кадрлар тайёрлаш ва аттестациядан ўтказиш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида»ги фармонининг ижросини таъминлаш мақсадида ишлаб чиқилган.
Янги қонун лойиҳасига кўра, мамлакатимизда қабул қилинган халқаро талаблар ва стандартларга мувофиқ, диссертация ҳимоя қилиш ва фан доктори илмий даражасини бериш бўйича олий ўқув юртидан кейинги таълимнинг бир босқичли тизимини жорий қилиш, стажёр-тадқиқотчи-изланувчилар институтини бекор қилиш, унда таълим олаётган шахсларни аттестациядан ўтказиш ва диссертация тадқиқотлари мавзуларини танқидий қайта кўриб чиқиш асосида катта илмий ходим-изланувчилар институтига ўтказиш назарда тутилган. Шу муносабат билан қонун лойиҳаси орқали Меҳнат кодекси, Уй-жой кодекси, «Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида», «Таълим тўғрисида»ги қонунлар ҳамда Кадрлар тайёрлаш миллий дастурига ўзгартишлар киритиш таклиф этилмоқда. – Олий таълимдан кейинги босқичда ўтказилаётган ислоҳотлар асосида юқорида кўрсатилган кодекс ва қонунлардан «аспирантура» тушунчасини чиқариш, «докторантура»ни «катта илмий ходим-изланувчилар институти» билан алмаштириш белгилаб қўйилмоқда, – дейди O`zLiDeP фракцияси аъзоси Гулжан Халмуратова. – Уни ишлаб чиқиш жараёнида халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган нормалари билан бир қаторда АҚШ, Германия, Буюк Британия, Жанубий Корея, Австралия ва бошқа давлатларнинг олий таълимдан кейинги таълим тизими қиёсий нуқтаи назардан ўрганилди. «Умумий фойдаланишдаги ҳаво, темир йўл, ички сув ва автомобиль транспорти йўловчиларининг мажбурий шахсий суғуртаси тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунига ўзгартишлар киритиш ҳақида»ги қонун лойиҳасини O`zLiDeP фракцияси аъзоси Шароф Амонов тақдим қилди. Унинг айтишича, амалдаги қонуннинг айрим қоидалари бугунги кун талабларига жавоб бермай қолгани учун ҳам мазкур номаларни янада такомиллаштириш талаб этилаяпти. Масалан, қонуннинг 3-моддаси учинчи қисмини «Суғурталовчи – йўловчиларни мажбурий суғурталашни амалга ошириш ҳуқуқига эга бўлган тижорат ташкилоти бўлган юридик шахс» тарзида янги таҳрирда баён этиш, 7-моддадаги «турар-жойдаги давлат суғурта мубоширлиги» деган сўзларни «суғурталовчи» деган сўз билан алмаштириш, 9-моддадаги «давлат суғурта идоралари» деган сўзларни «суғурталовчилар» деган сўз билан алмаштириш таклиф этилаяпти. Ушбу ўзгартишларнинг киритилиши қонун қоидаларининг амалда тўлиқ тадбиқ этилишини таъминлашга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.Йиғилишда депутатларнинг қизғин баҳс-мунозарага киришишига сабаб бўлган ҳужжатлардан бири «Мансабдор шахсларнинг жавобгарлиги институтини такомиллаштириш муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексига ўзгартишлар ва қўшимча киритиш ҳақида»ги қонун лойиҳасидир. – Жиноят кодексида назарда тутилган 22 та жиноят таркибида «мансабдор шахс» ва «масъул мансабдор шахс» тушунчалари махсус субъект сифатида белгиланган, – дейди O`zLiDeP фракцияси аъзоси Маъруф Усмонов. – Ушбу атамаларнинг ҳуқуқий моҳияти мазкур кодекснинг 8-бўлимида кўрсатиб ўтилган бўлиб, мансабдор шахслар ўзларининг ўрни (даражаси) ва мавқеига қараб ажратилган. Амалдаги қонунчилик ва ҳуқуқни қўллаш амалиётининг таҳлили мазкур атамаларнинг ҳуқуқий таърифида бир қатор камчиликлар мавжудлигини кўрсатиб, улар ўртасида аниқ чегара белгиланмагани турли талқинларга олиб келмоқда. Хусусан, «масъул мансабдор шахснинг» асосий белгиларидан бири, унинг хуқуқий аҳамиятга эга бўлган ҳаракатларни амалга ошириш ваколати ҳисобланади. Аммо деярли ҳар бир мансабдор шахс ушбу ваколатга эга бўлиб, мазкур белги уларнинг барчасини қамраб олади. Шунингдек, «масъул мансабдор шахс» атамаси таърифига ўзининг мавқеига кўра масъул бўлмаган бошқа мансабдор шахслар ҳам тушмоқда (масалан, фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органи котиби), бу эса хизматчилар мавқеини аниқ белгилашга тўсқинлик қилади ва содир этилган қилмишларига яраша жазо тайинланишига салбий таъсир этади. Қайд этилган атамаларда фақатгина миллий мансабдор шахслар белгилари назарда тутилиб, «чет эл давлатлари ва халқаро ташкилотларнинг мансабдор шахс»лари, яъни мансабдорлик жиноятларининг барча субъектлари қамраб олинмаган. Яна бир томони, Ўзбекистон иштирокчи бўлган БМТнинг коррупцияга қарши кураш Конвенциясининг (Нью-Йорк, 31 октябрь 2003 йил) 2-моддаси талабларига жавоб бермайди. Алоҳида такидлаш лозимки, «мансабор шахс» ва «масъул мансабдор шахс» тушунчаларидаги мавжуд ноаниқлик ва такрорловчи аломатлар, амалиётда мансабдорлик жиноятлари субъектлари тоифасини турли туркумлашга олиб келади. Шунинг учун ҳам қўлланилаётган атамаларни тўғри талқин этиш, жавобгарлик муққарарлиги принципига риоя қилинишини таъминлаш мақсадида «мансабдор шахс», «масъул мансабдор шахс», «ҳокимият вакили» атамаларининг янги таҳрири назарда тутилган ҳамда «жамоатчилик вакили» ҳақидаги янги атама билан тўлдирилган қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди.Унга биноан мансабдор шахс аломатларига эга бўлмаган, доимий, вақтинча ёхуд махсус ваколатга кўра вазифаларни амалга оширувчи ҳокимият вакиллари (нотариал ваколатларини амалга оширишда фуқаролар йиғини раиси, фавқулодда ҳолат тартиби шароитида маъмурий қамоқни қўллаётган ҳарбий комендант ва ҳ.к.) «масъул мансабдор шахс» атамасидан «мансабдор шахс» атамасига ўтказилмоқда. Мансабдор шахс билан масъул мансабдор шахс ўртасида аниқ чегараларни белгилаш мақсадида қонун лойиҳасида масъул мансабдор шахслар тоифаси эгаллаган лавозимидан келиб чиққан ҳолда белгиланган. Бундан ташқари, амалдаги қонунчиликда давлат мажбуриятларини амалга оширишда муайян ваколатларга эга бўлган «жамоатчилик вакили» атамаси тушунчаси ҳам очиб берилмаган (масалан, судда халқ маслаҳатчиси, жамоат айбловчиси). Шу сабабли янги қонун лойиҳасида «мансабдор шахс» тушунчасига жамоатчилик вакили, яъни давлат органи номидан иш кўрмайдиган, лекин тегишли тартибда ҳокимият вакили ваколатлари юклатилган шахслар киритилгани муносабати билан VIII-бўлимни «жамоатчилик вакили» атамаси билан тўлдириш таклиф этилмоқда. Фракция йиғилишида, шунингдек, «Суд тизими янада такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида», «Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида»ги янги қонун лойиҳалари ҳам атрофлича кўриб чиқилди ва уларни биринчи ўқишда концептуал жиҳатдан маъқуллаш ҳақида тегишли қарор қабул қилинди.
Озод РАЖАБОВ,
“XXI-asr” ижтимоий-сиёсий газетаси
Обсудить новость на Форуме