20:15 13.06.2013 | Все новости раздела "Либерально демократическая партия Узбекистана"
ЯНА БИР ЮЗ ЎНТА ЯНГИ ҒОЯ
Сирдарё вилоятида “Диплом билан бизнесга” лойиҳасининг туман ва шаҳарлар босқичи якунланди.
- O‘zLiDeP замонавий фикрлай оладиган ва жамиятда муносиб ўрин эгаллашга қодир ёшларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, уларга ўз бизнесини ташкил этиш учун иқтисодий ва ҳуқуқий шароитлар яратишни ўзининг энг муҳим вазифаси, деб билади, - дейди вилоят Кенгаши Ёшлар билан ишлаш бўлими мудири Отабек Йўлдошев. - Шу боис, ёшлар билан ишлашда Президентимизнинг: “Ўз ҳақ-хуқуқини танийдиган, ўз кучи ва қобилиятига таяниб яшайдиган, атрофида рўй бераётган воқеа-ҳодисаларга мустақил муносабатда бўладиган, шу билан бирга, ўз шахсий манфаатларини мамлакат ва халқ манфаатлари билан уйғун ҳолда кўрадиган эркин шахсни шакллантириш учун барча зарур шарт-шароитларни яратиш даркор”, деган чақириқларини ўзимизга шиор қилиб олганмиз.
Ёшларнинг тадбиркорлик фаолиятига қизиқишини кучайтириш, ўз бизнесини ташкил этиш учун иқтисодий ва ҳуқуқий шароит яратиш, олий ва ўрта махсус таълим муассасалари битирувчиларини кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликка жалб қилиш, уларнинг ташаббус ва интилишларини қўллаб-қувватлашга қаратилган бу лойиҳанинг дастлабки босқичларида 200 дан ортиқ талаба иштирок этди. Улардан 110 нафари ўз бизнес режаларини вилоят босқичида ҳимоя қилиш имкониятига эга бўлди.
Лойиҳанинг Янгиер шаҳри, Сайхунобод ва Сирдарё туманларидаги босқичи ўзгача тантана ва кўтаринкилик билан ўтганини алоҳида эътироф этиш лозим.
Хусусан, “Диплом билан бизнесга” лойиҳаси тадбири Сайхунобод туманида ҳақиқий янги ғоялар байрамига айланиб кетди.
- Аввало, анчадан буён хаёлимда тузиб юрган режаларимнинг рўёбга чиқишида мени қўллаб-қувватлаётган O‘zLiDePга миннатдорчилик билдираман, - дейди туман босқичи ғолиби, Сайхунобод саноат касб-ҳунар коллежи ўқувчиси Гулзира Рабилова. Менинг бизнес режам чорвачиликни ривожлантириш масалаларига қаратилган. Ўйлаймаки, лойиҳанинг вилоят босқичида ҳам уни муносиб ҳимоя қила оламан.
Лойиҳаларда замонавий компьютер ва ахборот технологиялари йўналишларида тақдим этилган бизнес режалар сони кўпайгани қувонарлидир. Янгиер академик лицейи ўқувчиси Владислав Валиулин, Гулистон компьютер ва ахборот технологиялари коллежи ўқувчиси Жавлон Ҳусановнинг шу йўналишдаги бизнес режалари кўпчиликда катта қизиқиш уйғотди. Хусусан, Жавлон ҳали ёш бўлишига қарамай, ўз билим - салоҳиятини қуёш нуридан фойдаланиш ҳисобига электр энергиясини тежашнинг янги усулларини қўллашда синаб кўрган.
Бир сўз билан айтганда, лойиҳада иштирок этаётган йигит-қизларнинг барчаси юрт равнақига, элимиз фаровонлигига оз бўлса-да, ўз ҳиссаларини қўшишга уринмоқда. Лойиҳадан кўзланган энг асосий мақсад эса О‘zLiDeP таркибини фаол ва салоҳиятли ёшлар ҳисобига янада кенгайтириш, уларнинг билим ва интилишларини мамлакат тараққиёти сари йўналтиришдан иборат.
Туман-шаҳар босқичларида ғолибликни қўлга киритган йигит-қизлар эндиликда ўз бизнес режаларини вилоят босқичида муносиб ҳимоя қилишга тайёргарлик кўрмоқда.
O‘zLiDeP Сирдарё вилояти КенгашиМатбуот хизмати
Обсудить новость на Форуме